Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди
Ўзбекистон театр ва кино санъати оғир йўқотишга учради. Ўзбекистон халқ артисти, машҳур саҳна ва кино устаси Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди.
Ёқуб Аҳмедов 1938 йил 3 январда Наманган шаҳрида туғилган. 1959 йилда Тошкент санъат институтини тамомлаб, 1958 йилдан бошлаб Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбекистон Миллий драма театри) театрда ижодий фаолият бошлаган.
У ўзининг бетакрор актёрлик маҳорати, чуқур психологик талқини ва саҳна маданияти билан ўзбек театр санъати тарихида ўчмас из қолдирди. Аҳмедов яратган образлар — Али Қушчи, Мурод, Лейстер, Ҳакимбойвачча, Саксон Нуртоевич, Тўлаган, Кайҳисрав, Икромжон ва, албатта, Алишер Навоий тимсоллари орқали томошабин қалбида чуқур из қолдирган.
Кино санъатида ҳам у кўплаб унутилмас ролларни яратган. «Фурқат», «Қора консулнинг ҳалокати», «Оловли йўллар», «Кетма», «Ўтган кунлар» каби фильмларда ижро этган роллари миллий кино тарихида ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолди.
Устоз актёр ўз ижоди давомида инсон руҳияти, тафаккур ва ҳис-туйғуларининг нозик қатламларини маҳорат билан очиб бериши, ҳар бир образни ҳаётий ва таъсирчан талқин этиши билан ажралиб турган.
Ёқуб Аҳмедов 1974 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 1997 йилда эса мамлакат маданиятини ривожлантиришдаги хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Санъаткорнинг ёрқин хотираси, ижодий мероси, ўзбек театр ва кино тарихидаги ўрни халқ қалбида абадий сақланади.
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг