Трамп АҚШда ядровий синовларни дарҳол қайта бошлашни буюрди

10:56 30 Октябр 2025 Дунё
509 0

АҚШ президенти Дональд Трамп Уруш вазирлигига (Пентагон) ядро қуроллари синовларини зудлик билан қайта бошлаш топшириғини берди. Бу ҳақда у «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

«Қўшма Штатлар дунёда энг катта ядровий арсеналга эга давлат. Бунга менинг биринчи президентлик давримда мавжуд қуролларни тўлиқ янгилаш ва модернизация қилиш орқали эришилди. Улкан вайронкор кучи сабаб бунга қўлим бормасди, аммо бошқа йўл йўқ эди! Россия иккинчи ўринда, Хитой эса анча орқада — бироқ у бизни беш йил ичида қувиб етади. Шу сабабли, бошқа мамлакатлар синов дастурларини давом эттираётгани боис, Мен Уруш вазирлигига (Пентагон) бизнинг ядровий қуролларимизни тенг шароитда синовдан ўтказишни бошлашни буюрдим. Бу жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди Трамп.

Республикачининг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати синовлар ўтказиладиган жой ва вақтни кейинроқ эълон қилади.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Қўшма Штатлар охирги марта 1992 йилда ядровий синовлар ўтказган. Ҳозирча Трамп Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказиладиган портловчи ядровий синовларни назарда тутганми ёки ядровий ракета тизимларининг учиш синовларини назарда тутганми — бу номаълумлигича қолмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?