“Тошкент” навли картошка Қорақалпоғистон иқлимига мос келмоқда

18:45 30 Июль 2025 Жамият
186 0

Шу йилнинг 7 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолашда шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибни жорий этиш, соҳага халқаро тажрибаларни кенг татбиқ этиш орқали экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш каби бир қатор вазифалар белгиланди.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги экинларининг сифатли ва маҳаллий иқлимга мос экин уруғларини топиш, уларни ҳудуднинг ўзида етиштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда фермер хўжаликлари билан бир қаторда томорқа эгалари ҳам уруғлик етиштиришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Мисол учун Амударё тумани миришкор деҳқонлари ва томорқа эгалари кўпчиликка намуна бўлаётир. Жумладан, тумандаги илғор томорқачи Эркин Қўшаев туманда картошка уруғчилиги билан шуғулланиш ташаббуси билан чиқиб, яхши натижаларга эришмоқда.

—-Бозорларимизни ўзимиз таъминлаш учун картошка уруғини яхшилашимиз керак, — дейди томорқа эгаси Эркин Қўшаев. – Оролбўйидаги деҳқон бозорларидаги картошканинг катта қисми республикамизнинг бошқа вилоятларидан, ҳатто чет давлатларидан ҳам картошка кириб келади. Амударёликлар меҳнаткаш томорқасидан икки-уч марта ҳосил олишмоқда. Лекин, кўряпмизки маҳаллий бозорларимизни тўлиқ таъминлаш имкони бўлмаяпти.

Шу боис жорий баҳорда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар кўмагида 300 килограмм “Тошкент” навли картошка уруғлигини илк бор дала томорқаларимизга экиб кўрдик. Уруғликлар 10 сотих ер майдонига экилиб, натижада 4 тоннага яқин ҳосил олинди. Бу эса биргина томорқада қисқа муддатда юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлигини яна бир бор исботлади.

Эркин Қўшаевнинг саъй-ҳаракатлари нафақат ўз томорқаси ҳосилдорлигини оширди, балки туман миқёсида янги йўналишни бошлаб берди. У яратган бу тажриба ҳозирда туман аҳолисида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан руҳланган мутасадди ташкилотлар томонидан эндиликда Амударё тумани мисолида картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Тошкент” навли картошка уруғлиги иқлим ўзгаришларига бардошли, касалликларга чидамли ва серҳосил, бўлиб, Қорақалпоғистон иқлим шароитига ҳам мос келган.

Айни кунларда Амударё туманидаги ушбу томорқачининг тажрибаси Қорақалпоғистон миқёсида босқичма-босқич томорқа майдонлари ҳамда фермер хўжаликлари далаларида экилиб, синовдан ўтказиш бўйича тарғибот ишлари бошланган. Бир сўз билан айтганда, оддий томорқачининг тажрибаси ва Оролбўйида картошкадан юқори ҳосил олишда туб бурилиш ясаши мумкин.

Юқорида келтирилганидек, Президент фармони асосида юртимизда уруғликлар сифатини баҳолашнинг янги тизими жорий этилмоқда. Шундай даврда оддий ташаббускор томорқачининг картошка уруғлик етиштириш борасидаги хайрли ишлари таҳсинга сазовор, албатта. Унинг тажрибасида юқори ҳосил олишга эришгани республика миқёсида озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган улкан чора-тадбирларни амалга оширишга туртки бўлмоқда. Эътиборлиси, бугун мазкур оддий томорқа эгасининг тажрибаси кўплаб юртдошларимизга томорқадан самарали фойдаланиш бўйича шахсий намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?