Тошкент Марказий Осиёнинг марваридига айланмоқда

18:37 25 Октябр 2022 Маданият
772 0

Фото: president.uz

Кейинги пайтларда йиллар давомида тильдан-тилга кўчиб келган «Тошкент — нон шаҳри», «Тошкент — дўстлик ва тинчлик шаҳри» каби ибораларга қўшимча равишда «Тошкент — маданият шаҳри», «Тошкент —зиёлилар ва тадбиркорлар шаҳри» сингари таърифлар тез-тез янграйдиган бўлиб қолди.

Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг сурату сийратини янгилаш, халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, мамлакатимиз шуҳратини олам узра янада кенг ёйиш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси, аввало, бош кентимиз қиёфасида, турмуш тарзида яққол намоён бўлмоқда.

Азим пойтахтимиз узоқ йиллар давомида жаҳон аҳлининг эътиборини ўзига тортиб келган. Бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарга нафақат юртимизнинг турли ҳудудларидан, балки дунёнинг ҳар хил минтақаларидан адабиёт, илм-фан, маданият, санъат соҳаси намояндалари доим интилган. Жумладан, Сергей Есенин, Анна Ахматова, Самуэл Маршак каби таниқли ижодкорлар Тошкентни «она шаҳрим!» дегани ва бу ерда уларнинг уй-музейлари борлигининг ўзиёқ ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Бош кентимизда асрий анъаналар, қадриятлар бугун ҳам бардавом. Бу ерда фан ва маданият, ижод ҳар доимгидек гуллаб-яшнамоқда. Ёшларнинг замон андозаларига монанд билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун янгидан-янги мактаблар, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли олийгоҳлари филиаллари очилмоқда. Халқимиз, жумладан, навқирон авлод вакиллари бундан бениҳоя хурсанд.

Кино ва театр соҳасида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар бир санъаткор сифатида мени, айниқса, қувонтиради. Чунончи, кейинги йилларда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ташкил этилди. «Ўзбекфильм» давлат концернининг замонавий биноси ва павильонлари фойдаланишга топширилди. Президентимиз ташаббуси билан Тошкент халқаро кинофестивали анъанавий тарзда қайта ўтказиладиган бўлди.

Ўзбек киносининг ёрқин келажагини таъминлашга хизмат қиладиган яна бир муҳим чора-тадбирлардан бири — соҳада замонавий мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибордир. Яъни Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институти филиали очилди. Ушбу даргоҳда тайёрланадиган профессионал кадрлар келажакда кино санъатимиз ривожига катта ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

Келгусида жонажон пойтахтимизда Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов, Ҳалима Худойбердиева ва бошқа улуғ ижодкорлар таҳсил олган Москва олий адабиёт курси филиали ҳам очилишига умид қиламиз. Шунда юртимиз адабий муҳитида зуллисонайн шоир-ёзувчилар янада кўплаб етишиб чиқарди ва ижодий ранг-баранглик кучаяди.

Шу йилнинг 13-18 сентябрь кунлари пойтахтимизда «Ипак йўли дурдонаси» XIV Халқаро Тошкент кинофестивали кўтаринки руҳда ташкил этилди. Ушбу санъат байрами дунёнинг турли бурчакларидан машҳур актёр ва режиссёрлар, оператор ва рассомлар, продюсерлар ҳамда киношунос олимлар, атоқли маданият ва санъат арбобларини яна бир бор она шаҳримизга жамлади.

Кинофестиваль доирасида эстониялик режиссёр ва оператор билан қисқа метражли фильм яратиш йўлида ижод қилдик. Болтиқбўйида туғилган ғоянинг ўзбек тупроғида илдиз отиб гуллашида ҳамфикр, ҳамкору ҳамроҳ бўлдик. Уларнинг интернет соҳасидаги ва компьютер саводхонлиги жуда юксаклиги, чироқ қўйишга усталиги киномизни ўз вақтида тугатиш имконини берди. Постпродакшн жараёнида телерадиокомпаниямизнинг монтажчилари ҳам улардан маслаҳат, йўл-йўриқ олишди. Фестиваль давомида бирга меҳнат қилиб, фильм олиш сирини эгаллаб, олис Европанинг Эстониясидан ижодкор дўстлар орттирдим, улар билан тажриба алмашдим. Йигирмага яқин давлатдан келган режиссёрлар, операторлар, актёрлар Буюк ипак йўли мавзусида фильмлар олди ва киноларимизни миллий оҳанглар — дутор, танбур каби созларда ишланган лейтмотив ва соундтреклар билан бойитди. Танлов якунида кўрилган 25 та тарихий, ҳужжатли, бадиий фильмлар премьерасида бошқалардан кам бўлмаган ижод маҳсулимизни кўриб, кўзим қувнади.

Санъатлар ичида ёш ва таъсири кучли кино ҳақида гапирганим бежиз эмас, чунки халқни олдинга бошлашда, омма фикрини уйғунлаштиришда, миллий ғурур ва фахр туйғуларини уйғотишда бу сеҳрли санъат муҳим ҳисобланади. Миллий кино ва сериалларнинг тарғиботида янги телеканалларнинг очилгани ва уларнинг ўртасида соғлом рақобатнинг шаклланаётгани савияли экран асарлар яратилишига туртки беради.

2200 йиллигини нишонлаган Тошкент шаҳри 2022 йилга келиб Осиёнинг асосий савдо ва бизнес марказларидан бирига айланиб улгурди. Бу ерда чет эллик инвесторлар ҳам ташриф буюришига қулай шароитлар, одамлар ҳаракатланишига қулай инфратузилмалар шакллантирилди.

Шаҳримиз тобора ривожланган сари халқимиз орасида ҳам боқиманда кайфиятида юрганлар камайиб, ишчанлик руҳида кунни кеч қилиб, тунни тонгга улаётганлар, тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар кўпайиб боряпти.

Бошқа шаҳарларимизни камситмаган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, охирги беш-олти йил ичида Тошкентимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб кетди. Метронинг Сирғали йўли уланиши, ҳалқа йўли қўшилиши, янги кўприклар қурилиши, сўлим хиёбонлар ташкил этилиши, халқаро стандартларга мос, кенг ва равон йўллар барпо этилиши барчани бирдек хурсанд қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий боғини қайта қуриш бошланганида ижтимоий тармоқларда «Кўл қуритиляпти», «Дарахтлар кесилмоқда» ва шунга ўхшаш хавотирли чиқишлар кўпайганди. Мана, орадан икки йил ўтмай ўша қадрдон боғимиз аввалгиданда кўркамлашган, бу ерда сайр қилувчиларга янада кўпроқ қулайликлар яратилган ҳолда қайта ишга туширилди. Бу сўлим масканда бугун одамлар яна гавжум. «Бир маданият маскани барпо бўлгани билан нима ўзгарди?» дейдиганларга жавобан икки эслатма: биринчиси — Тошкент унча катта шаҳар бўлмаса ҳам унда уч миллионга яқин одам яшайди, бу хиёбон шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга маданий ҳордиқ учун кўнгилочар гўшалардан бири бўлди. Иккинчиси, бу ерда кўплаб одамлар иш билан таъминланди, шу билан тирикчилигини ўтказяпти.

Шу пайтгача телеминора, метро каби иншоотлар шаҳримизга кўрк бағишлаган бўлса, энди улар қаторида кўп қаватли уйлар, меҳмонхона, куйлайдиган фавворалар, боғ ва бульварлардан иборат «Тошкент сити»нинг ҳам борлигини қайд этиш лозим. Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган кенг кўламли мажмуа ҳисобланган бу замонавий масканни Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози», десак, муболаға эмас.

Азим пойтахтимизда амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар нафақат Тошкентни ривожланган мегаполислар даражасига олиб чиқади, балки мамлакатимизда юз бераётган тараққиёт шиддатини, инсонлар тафаккури, турмуш даражасидаги юксалишни ҳам намоён этади. Бир сўз билан айтганда, уни Марказий Осиёнинг марваридига айлантиради.

Асқар ҚИЛИЧEВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

драматург, режиссёр.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер