Пойтахт юзига тошган «ҳуснбузарлар» (фотожамланма)
Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»
Файласуфлар одам ёлғиз қолгандагина асл қиёфасида намоён бўлади, деб ҳисоблайдилар.
Хўш, бўш вақтларимизда нималар билан машғулмиз? Ёлғиз қолганимизда-чи? Бу саволларга ҳар биримиз, аввало, виждонимиз олдида жавоб беришимиз керак.
Бекорга асл қиёфамиз ҳақида гап очмадик. Бугун орамизда шундай инсонлар яшамоқдаки, улар зоҳиран соппа-соғ, гап-сўзларидан туппа-тузук кўринса-да, аслида, маънан касал, ботинан жуда ғарибдир.
Сўзларимизга ишонч ҳосил қилишингиз учун Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасини бир бор сайр этсангиз, кифоя.
Бу кўча нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар кўп ташриф буюрадиган манзил бўлгани боис, доимо эътиборда, десак янглишмаймиз. Чунончи, кўча бўйлаб жойлашган “Пойтахт савдо маркази”нинг орқа томонида жойлашган кичик хиёбондаги йўлаклар таъмирланиб, замонавий ўриндиқлар ўрнатилганига ҳали узоқ вақт ўтгани йўқ.
Лекин бу ерга келган одамнинг хиёбондаги манзараларни кўриб, дили хуфтон бўлиши шубҳасиз. Замонавий ўриндиқларга ёзилган тутуриқсиз дил номаларию, чизилган алмойи-алжойи шакллардан таъбингиз хира тортади. Яп-янги, кўркам ўриндиқлар синдирилиб, бутун бор бўй-басти бежаб ташлангани ўзини соғлом деб билган инсоннинг иши эканини соғлом ақл қабул қила олмайди.
Хиёбондаги фавворалар ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолган. Уларнинг сувсизликдан чанқаган ҳавзаларида турли чиқиндилар, баклашка ва ширинликлар қоғозлари уйилиб ётибди. Юртимизда аномал иссиқ ҳарорат кузатилаётган айни кунларда ушбу фаввораларнинг ишламаётгани ҳам кишини ўйга толдиради: ахир одамларга фойдаси тегмаса, улар нима учун қурилган?
Яна бир гап: Сайилгоҳ кўчасига кечки сайрга кела кўрманг. Чунки хорижлик сайёҳлар доимо гавжум бўладиган ушбу манзилда миллий қадрият ҳамда маданиятимизнинг гўзал қирраларини намойиш қилиш ўрнига ажнабий анъаналар ва ёт унсурларга тақлид томошаларни кўриб, уятдан қизариб қолишингиз мумкин. Беихтиёр мисоли илондек тўлғонаётган бу “ўйинчи” ёшларни ким ёки нима рағбатлантираётган экан, деган ўй ўтади хаёлингиздан. Ва қўрқиб ҳам кетасизки, юртимизнинг узоқ-яқинидан келган, худди сеҳрланиб қолгандек бу манзаралардан нигоҳларини узолмай турган ёшларнинг содда-самимий фикр-қарашлари бузилмаслигига, қалблари заҳарланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Бундай ҳолатларга йўл очиб бераётган мутасаддилар бугунги нотинч ва таҳликали замонда ёшларнинг онгу қалбини эгаллашга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани ҳамда уларга қарши курашиш олдимизда турган энг долзарб вазифа эканини доимо куюнчаклик билан такрорлайдиган Президентимизга, фарзандларининг бахту иқболини кўришни ҳаётининг мазмуни деб билган халқимизга хиёнат қилмаяптиларми?
Бу мулоҳазаларни кимларнидир ҳақоратлаш ёки пашшадан фил ясаш учун айтмадик. Шунчаки ўзимизга, бугун қилаётган ишларимизга кўзгу тутишга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз — юртдошларимизни ҳар қандай жойда ўзини идора этишга, давлат ва халқ мулкини шахсий бойлигидек асрашга, шунингдек, ёшлар масаласига масъул ташкилот ҳамда идораларни янада эътиборли бўлишга чорлаш. Зеро, ҳаракатларимиз кимлигимизни кўрсатадиган барометрдир.
Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг