Тошкент давлат аграр университетида «Ўрик ва олма сайли» мавзусида илмий-амалий дала семинари бўлиб ўтди

10:08 17 Июнь 2025 Жамият
179 0

Тошкент давлат аграр университетининг ўқув-амалий тажриба хўжалигида мева ва сабзавотчилик соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари навбатдаги амалий самарасини бермоқда. Хусусан, ўрик ва олма меваларининг янги, юқори ҳосилли ва сувсизликка чидамли навлари яратилиб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига кенг жорий этилмоқда.

Айнан шундай илмий ютуқлар асосида жорий йилнинг июн ойида университетнинг тажриба хўжалигида «Ўрик ва олма сайли» мавзусида илмий-амалий дала семинари ўтказилди.

Семинарни университет ректори, профессор Нурбек Обломурадов очиб берар экан, Президентимиз раҳбарлигида аграр соҳани ислоҳ қилиш, илм ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, олиб борилаётган тадқиқотлар ва улар асосида қўлга киритилаётган натижаларнинг амалиётга жорий этилаётгани қайд этилди.

Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАО – БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Сувчилар мактаби, хорижлик экспертлар, фермерлар, деҳқонлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Дала семинари давомида иштирокчилар тажриба хўжалигида парваришланаётган олма ва ўрик навлари билан яқиндан танишишди. Уларнинг ҳосилдорлиги, экологик талабларга мослиги, озиқ-овқат хавфсизлигидаги ўрни ҳақида маълумотлар берилди.

Семинар доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли мусаввир Ашур Муҳаммад ва унинг шогирдлари жонли манзаралар асосида ўрик ва олма боғларининг рассомлик образини яратди. Бу бадиий фаолият иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Тадбир якунида «Аграр юлдузлари» ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Мазкур семинарнинг асосий натижаси сифатида илм-фан, ишлаб чиқариш ва санъатнинг уйғунлашуви, шунингдек, ёшларнинг аграр соҳага қизиқишини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?