Тошкент давлат аграр университетида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ҳамда «Ақлли Иссиқхона» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди
Бугунги кунда ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг билим ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, соҳавий билимларини амалиёт билан боғлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Тошкент давлат аграр университетида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ҳамда бир қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирни университет ректори Н. Обломурадов очиб, университетда амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва илм-фанни интеграциялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, ҳоким Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилган эътибор, хусусан қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифалар юзасидан фикр билдирди.

Ушбу учрашув самимий мулоқот ва очиқ суҳбат руҳида ўтди. Талаба-ёшлар ўз фикр ва таклифларини билдириб, долзарб саволларига ҳокимдан бевосита жавоблар олдилар. Ёшлар учун бу муҳим тажриба, янги илҳом ва ишонч манбаи бўлди.

Тадбир доирасида яна бир муҳим воқелик – Тошкент давлат аграр университети ҳамда Жанубий Кореянинг Чунгнам Миллий университети ҳамкорлигида ташкил этилган «Ақлли иссиқхона» хўжалигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев, Чунгнам Миллий университети президенти жаноб Ким Жеонг Кёум, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

«Ақлли иссиқхона» лойиҳаси инновацион агротехнологияларни жорий этиш, ресурс тежамкорликни таъминлаш, таълим ва илмий тадқиқотларни амалий ишлаб чиқаришга боғлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 августдаги ПҚ-4421-сон қарорига асосан амалга оширилмоқда.

Тадбирнинг байрамона қисмида «Аграр юлдузлари» ансамбли ва Юлдуз Жанибекова иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова томонидан жонли ижрода куйланган қўшиқлар меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

Шунингдек, учрашув доирасида университетда ўтказилган «Ҳоким кубоги 2025» спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари эълон қилинди. Мусобақа 10 та спорт тури бўйича 2 босқичда ташкил этилди. 1-босқичда 2000 нафарга яқин талаба, 2-босқичда эса 400 нафар талаба иштирок этди. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик факультети 1-ўрин, Ҳуқуқ ва туризм факультети 2-ўрин, Ўсимликлар ҳимояси, агрокимё ва тупроқшунослик факультети 3-ўринни эгаллади.

Ушбу тадбирлар Тошкент давлат аграр университетида таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ёшлар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни мамлакат тараққиётининг фаол иштирокчисига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг