Тўрт йилдан буён "бетоб" девор. Ёки Абдулазизхон мадрасасининг кечмиши бизга сабоқ бўладими?

10:26 19 Февраль 2021 Маданият
1560 0

Юртимиздаги қадимий гўшалар, ёдгорликлар, қадамжолар, осори атиқаларни санаб адоғига етиш мушкул. Уларнинг ҳар бири қадрли. Ҳар бири азиз.Шундай кўҳна обидалардан бири Бухоро шаҳридаги Абдулазизхон мадрасасидир. Қуйида шу салобатли ёдгорлик ҳақида сўз юритамиз.

Мозийга назар

Мадраса 1651-1652 йилларда Абдулазизхон ҳукмронлиги даврида бунёд этилган. У Мирзо Улуғбек мадрасаси қаршисида қад ростлаган. Бу икки иншоот қурилиши орасида икки асрдан зиёдроқ фарқ бор. Аммо уларни кўрган киши беихтиёр бу гўзал обидалар нафисликда бир-бири билан рақобатлашяптимикан, деган хаёлга боради.

Мадрасанинг ташқи кириш қисми ана шундай фусункор

Бухоро давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраевнинг ёзишича, олимларга ҳурмат, шоирларга илтифот, тасаввуф аҳлига мурувват кўрсатиш Абдулазизхонга хос хислат эди. Бу маҳобатли мадраса ҳам ҳукмдордаги яхши фазилатлар маҳсули, десак хато қилмаймиз. У меъмору усталарга барча бинолардан гўзалроқ, бошқаларига ўхшамайдиган мадраса қуришни буюрган. Натижада тамоман ўзгача услубдаги иншоот қад ростлаган. Ундаги геометрик шаклларнинг аниқлиги, нақшларнинг гўзаллиги,ганчкорлик, хаттотлик санъатининг уйғунлашиб кетгани кишини ҳайратга солади.

Мўъжиза ичидаги мўъжиза

Мадраса катта пештоқли, икки қаватли, ёзги ва қишки масжидга, кенг ҳовлига эга. Катта дарсхонадан иборат. Тўрт бурчагида гулдаста бунёд этилган. Ҳужралар ёзда салқин, қишда эса совуқ ўтмайдиган қилиб қурилган. Кўкка парвоз қилаётган семурғ, гул туваги остидан чиқаётган аждар тасвири, деворлардаги бўртма гуллар, жилвакор кошинлар-буларнинг бари мадрасага ўзгача салобат бағишлаган.

Қишки масжид меҳробига қарасангиз нуроний бир чол қиёфаси кўринади

Ҳозир мадрасанинг қишки масжидида ёғоч ўймакорлиги музей – кўргазмаси жойлашган.

— Аждодларимиздан мерос бу мадрасани хорижий сайёҳлар лолу ҳайрон бўлиб томоша қилишади, — дейди музей ходими Роила Ярашева. — Мана бу ерда эса ҳеч қаерда учрамаган мўъжизага дуч келасиз. Қишки масжид меҳробида нуроний бир чолнинг қиёфасини кўриш мумкин.

Чиндан ҳам сал наридан туриб синчиклаб назар ташлаган киши меҳробда бошига салла ўраган, оқ тўнли чол тасвирини кўради.

Мўъжиза ичида мўъжиза яратган аждодларимизнинг ақл-заковатига таҳсин айтасан, киши.

Шу ҳолга оид манбаларни изладик. Бухоролик таниқли меъмор, марҳум Исмат Муҳсиновнинг ёзиб қолдиришича, ўша давр усталари гулларда одам суратини бўёқлар ёрдамида яширин ҳолда чизишган. Меҳробдаги шарафини одам бошидаги саллага ўхшатиб ясаганлар.

Меҳробдаги тасвир Абдулазизхоннинг сурати, дея тахмин қилувчилар ҳам йўқ эмас. Мадраса деворида битилган шеър мазмуни ҳам унинг ҳукмдорга бағишланганидан дарак беради.

Умуман, мадрасадаги ҳар бир осори атиқани кўриши,ўша давр руҳини ҳис этиши учун сайёҳга ярим кун камлик қилади. Ҳамма гап бу ердаги сиру синоатни кўрсата билишимизда. Аммо...

Ҳоли забун мадраса

Мадраса-ю масжидлар, карвонсаройлару савдо тоқлари пишиқ ғиштдан қурилган. Таассуфки, улар барчасининг пешонаси тошдан бўлмади. Урушлар, табиий офатлар оқибатида ва... лоқайдлик деган кўргулик олдида емирилиб тупроққа қоришиб кетганлари ҳам йўқ эмас.

Мадраса ички қисмидаги кўринишлар

ЮНEКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Бухоро тарихий маркази»да жойлашган Абдулазизхон мадрасаси бошига ҳам кўп кўргуликлар тушди. Ўтган асрнинг 30 – йилларида бош пештоқ муқарнаси уста Ширин Муродов томонидан таъмирланди. Кейинчалик ҳовли пештоқидаги муқарнас ҳамда ироқи муқарнас таъмирланиб асл ҳолига келтирилди.

Бироқ бундан тўрт йил муқаддам техноген таъсирлар оқибатида мадрасанинг шарқий томонидаги девори бир қисми қулаб тушди. У айни кунларда ҳам шу ҳолича турибди. Ёғингарчилик туфайли шарқий деворнинг батамом қулаб кетиш хавфи юзага келмоқда. Бир сўз билан айтганда, ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Бухоро тарихий маркази»да жойлашган бу қадимий ёдгорлик авария ҳолатида.

Вилоят маданий мерос бошқармасидан бизга маълум қилишларича, тезкор чоралар кўрилмаса, мазкур обиданинг қайта тикланмас аҳволга келиб қолиш хавфи бор. Маданият вазирлигининг 2020 йил 29 декабрдаги тегишли хатига асосан, мадрасада вақтинчалик таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш бўйича тайёрланган дастлабки лойиҳа таклифи ҳамда лойиҳа тўғрисидаги маълумотлар дипломатик каналлар орқали ЮНEСКО Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилган.

Мадраса шарқий қисми девори ҳозир ана шундай «бетоб» аҳволда

«Лойиҳа ушбу марказ томонидан маъқуллангунига қадар Илмий-эксперт кенгаши ва кўп йиллик тажрибага эга мутахассисларнинг тавсиясига кўра, объектга зарар етказмаган ҳолда енгил конструкция асосида мадраса шарқий деворининг қулаган қисми устини ёпиш режалаштирилаётганини маълум қиламиз», дейилади бошқарма масъулларининг мурожаатимизга йўллаган жавобларида.

Кўрилаётган чора-тадбирлар жўяли, албатта. Аммо мадраса шарқий девори бир қисмининг бундан тўрт йил аввал қулагани инобатга олинса, баъзи саволлар туғилиши тайин. Наҳотки, шу муаммони ҳал этиш учун тўрт йил етарли бўлмади? Мабодо, тайёрланган лойиҳа нуфузли халқаро ташкилот чиғиридан ўтмай қолса-чи? Унда таъмирлаш юмушлари яна ортга чўзилмайди, деган кафолат борми?

Фикримизча, Абдулазизхон мадрасасининг бугунги ҳолати биз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак. Зеро,маданий меросга оид бир мақолада ўқиганимиз бор: Тарихий ёдгорликларнинг тутдай тўкилиб, афтода ҳолга келиши улардаги биргина ғиштнинг кўчиб кетишидан бошланади. Шундай экан, ишни қадимий обидаларнинг ҳар бир ғиштини асраб-авайлашдан бошлайлик.

Буюк аждодларимизу келажак авлод олдидаги қарзимиз ва бурчимиз шуни тақозо этади!

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?