Тўқимачилик саноати ва мода индустриясининг нуфузли форуми
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқандда дунё тўқимачилик саноатининг икки энг йирик ташкилоти — Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси (ITMF) ва Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) нинг йиллик анжумани бўлиб ўтмоқда.
«Инновациялар, ҳамкорлик ва тартибга солиш — тўқимачилик саноати ва кийим-кечак ишлаб чиқаришининг ҳаракатлантирувчи кучлари» мавзусида ўтказилаётган конференция бугунги кунда бутун дунё бўйлаб ушбу соҳанинг етакчи мутахассисларини бирлаштирган нуфузли тадбирга айланди, десак муболаға бўлмайди.
Дастлабки сессияда жаҳон пахта саноатининг 50 йиллик ўзгариши, унинг ҳозирги ҳолати ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ж.Хўжаев ўқиб эшиттирди.
Конференцияда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқиб, бундай халқаро тадбирнинг вилоятда ўтказилаётгани самарқандликлар учун шараф эканлигини айтди. Кейинги 5 йил ичида Самарқандда тайёрланган текстиль маҳсулотлари экспорти 2,5 бараварга ошганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилинган ва уч кун давом этадиган конференцияда саноатнинг келажагини шакллантирувчи асосий омилларга — глобал ва маҳаллий тўқимачилик индустриясидаги янги технологиялар, ҳамкорлик имкониятлари ва соҳани тартибга солишдаги долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси (ITMF) дунёнинг 123 та энг йирик тўқимачилик уюшмаларини бирлаштиради ва улар таркибидаги тўқимачилик корхоналари ва брендларининг халқаро алоқаларини кенгайтиришга ёрдам беради.
Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) эса 60 та мамлакат уюшмалари ва улар таркибидаги 100 мингдан ортиқ брендлар ва чакана савдо компанияларини бирлаштиради. Ўзбекистон ITMFга 2014 йилда ва IAFга 2020 йилда аъзо бўлган.
Конференция ушбу икки федерациянинг илк бор биргаликда ташкиллаштирган тадбири эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу каби кенг масштабдаги конференциянинг Ўзбекистонда ўтказилиши юртимизнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Тадбир доирасида тўқимачилик кўргазмаси ва модалар намойиши ташкил этилди. Иштирокчилар миллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, конференция давомида В2В, В2C учрашувлари ҳам ўтказилмоқда.
Конференция 10 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради. Анжуман давомида ITMF мукофотлари сессияси бўлиб ўтади. Унда «ITMF инновация ва барқарорлик мукофоти – 2024» ва «ITMF халқаро ҳамкорлик мукофоти – 2024» ғолиблари эълон қилинади. Улар ITMF Awards ва ITMF Start-up Award мукофотлари билан тақдирланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 17 нафар профессор-ўқитувчига илмий унвон берилди
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг