“Тонг юлдузи” ёритган олам” китоби тақдимоти ва фотограф Равил Албековнинг кўргазмаси ўтказилди

13:53 21 Май 2024 Жамият
185 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тошкентда “Тонг юлдузи” ёритган олам” номли китоб тақдимоти ҳамда сураткаш Равил Албековнинг ижодига бағишланган суратлар кўргазмаси ўтказилди.

Ушбу тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва “Тонг юлдузи” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Жорий йилнинг август ойида “Тонг юлдузи” газетасининг 95 йиллиги нишонланади. “Тонг юлдузи” ёритган олам” китоби тақдимоти ва узоқ йиллар газетада фаолият юритган сураткаш Равил Албековнинг ижодига мансуб 40 дан ортиқ расмлар кўргазмаси ушбу сана доирасида ўтказилди.

Ўқувчилар ушбу китобдан мамлакатимиз болалари ва ўсмирларининг севимли нашри “Тонг юлдузи” газетасида салкам бир аср давомида чоп этилган насрий ва назмий ҳамда публицистикамизнинг бебаҳо жавоҳирларидан, унинг мактабидан етишиб чиққан таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ўқувчилик даврларидаги унутилмас ёдномалари билан танишиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.

“Тонг юлдузи” газетаси 2023 йилда “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг “Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси бўйича 3-ўринни эгаллади. “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Тадбир сўнггида газетада узоқ йиллар меҳнат қилган бош муҳаррирлар, фаол муаллифлар, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва ҳамкорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?