Томорқанинг ҳар қаричи – хазина
Бухоро шаҳридаги “Шайхон” маҳалласида истиқомат қилувчи Бозоровлар хонадонидан ҳар куни тўрт-беш чоғли кишининг бўш тўрхалтани тўлдириб чиқиб кетиши одатий ҳолга айланди. Ваҳоланки, бундан нари борса бир йил муқаддам бу ҳовли эшиги олдида пашша учса эшитиларди.
– Томорқамизда ҳар йили сабзавот – полиз маҳсулотлари етиштириб келардик, – дейди хонадон бекаси Сабоҳат Бозорова. – Иссиқхона барпо этганимиздан сўнг рўзғоримизга барака кирди. Дастлаб помидор етиштирдик. Ҳозир эса бодринг ҳосилга кирган. Нархи бозордагидан арзон. Харидорлар уйимиздан келиб олиб кетяпти. Очиғини айтсам, етиштирган маҳсулотларимиз энди маҳалладошларимиздан ортмаяпти. Шу ишга рағбат уйғотиб, бизни қўллаб-қувватлаган маҳалла “еттилиги”дан миннатдормиз.
Сабоҳат опанинг бу сўзларидан оиланинг ўзига тинч хонадонлар қаторига кирганини англаш қийин эмас. Ихчамгина иссиқхонанинг ортидан ҳар ойда 4 – 5 миллион сўм фойда олиш айтишга осон. Ахир, қишлоқда 8 – 10 сотих томорқаси бўла туриб, маҳалла фуқаролар йиғинидан ёрдам сўраб юрганлар озми?
– Ишлайман, камбағаллик балосидан халос бўламан, деган кишининг ортида давлатимиз турибди, – дейди С. Бозорова. – Бунга ўз ҳаётим мисолида ишонч ҳосил қиляпман. Бизга иссиқхона қуриш учун тижорат банкидан 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи берилди. Бундан ташқари, қизим Нилуфарга 30 сотих ер майдони ажратилди. Ҳалол меҳнат эвазига рўзғор каму кўстини тўлдиряпмиз. Бунинг устига денг, нисбатан арзон маҳсулотларимизни сотиб олаётган маҳалладошларимиздан раҳмат ҳам эшитяпмиз.

Томорқаси бор оилага уни чинакам хазинага айлантириш учун иштиёқ, интилиш ва озгина масъулият кифоя. Бухоро туманидаги Юқори Навметан қишлоғида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийси Қаҳрамон Халилов билан суҳбатлашсангиз худди шундан сўз очади.
– Қаловини топса қор ёнади, – дейди у. – Туманимиздаги “Варнет” корхонасини олиб кўринг. Шўрхок ерда, қамишзор ўрнида ойнаванд далалар, бутун бошли ботаника боғи барпо этди. Кирсангиз чиққингиз келмай қолади. Оиламизга келсак, томорқада ишлаш фарзанду невараларим учун одатга айланган. Асосий ишларидан ортиб ҳар куни шунга вақт ажратишади. Помидору бодринг, картошка-ю пиёз – ҳамма-ҳаммаси ўзимиздан чиқади. Кейинги пайтда цитрус мева етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Ҳосил ғарқ пишган лимонзоримизга қаранг. Хушбўй ҳидини туйиб, яшаргандек бўламан. Ошналаримни ҳам атайин шу ерга чорлайман. Гурунглашиб баҳри дилимиз очилади. Мен юртдошларимга қарата “Томорқанинг ҳар қаричини қадрланг” дегим келади.
Отахоннинг таъкидлашича, 10 – 12 туп лимоннинг ҳар биридан 40 – 50 килограммга етказиб ҳосил олиняпти. Уни узоқ муддатга сақлаш ва шундан сўнг сотиш эвазига оила дурустгина даромад қилмоқда.
Муҳими шундаки, вилоятда Сабоҳат опа, Қаҳрамон отадек томорқага меҳр қўйган, ерни қадрлаб, рўзғорини бут, бозорни тўкин этаётган оилалар сони кўпаймоқда. Агар 2017 йилда вилоят бўйича томорқачилар томонидан 794 минг тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсатгич салкам икки бараварга ошди.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг