«Томорқани қадрлаб кам бўлмадим»
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Муборак Ҳамроеванинг томорқага меҳри бўлакча. Мабодо, қаердадир бир парча ер қаровсиз, бўш ётганини кўрса анча вақтгача ўзига келолмай юради. «Ернинг уволи тутади» дея айрим боқибеғам кишиларга танбеҳ берган пайтлари ҳам учраган.
Бухоро туманидаги «Амиробод» маҳалласи Оғар қишлоғида яшовчи бу аёлнинг ерни шу қадар қадрлаши Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакилларида ҳам илиқ таассурот қолдирди. Улар бу тиниб-тинчимас аёлнинг томорқасини конвейерга қиёслаб, бошқаларга намуна қилиб кўрсатяпти.
Дарвоқе, ФАО вакилларининг бу хонадонга ташриф буюришгани бежиз эмас. Бундан салкам уч йил муқаддам мазкур ташкилот Муборак Ҳамроева учун бир сотихли ихчамгина иссиқхона қуриб берганди.

— Буни оиламизга билдирилган ишонч сифатида қабул қилдим, — дейди М. Ҳамроева. — Сизга ёлғон, менга чин, қишнинг энг совуқ кунларида ҳам шу иссиқхонадан бозорга маҳсулотни пайлар-пай етказиб турдим. Саримсоқпиёз, исмалоқ, кўкпиёз, шивитнинг бозори чаққон бўлди. Экиндан бўшаган заҳоти помидор, бодринг етиштирдик. Йилига уч марта ҳосил олдик. Томорқани қадрлаб кам бўлмаяпмиз. Масалан, 2024 йилда шу иссиқхонадан 25 миллион сўм даромад қилдик.
Муборак опанинг чамаси қирқ туп дарахтдан иборат мевазори ҳам бор. Оғилда сигиру қўйни кўриш мумкин. Товуқ боқяпти. Рўзғор эҳтиёжидан ортиқча ўрик, олма, гилос, сут-қатиқ бозорга чиқарилмоқда.
Энди М. Ҳамроева истиқомат қилаётган ҳудуддан чамаси 100 километр узоқликда жойлашган «Қумкашон» маҳалласига тўхталамиз. Вилоятнинг энг чекка тумани саналган Олотдаги бу маҳаллада Зарнигор Шойимова деган уй бекаси истиқомат қилади. Кўнгли очиқ, содда, меҳнаткаш бу аёлнинг турмуш фаровонлигига оид ўзига хос қараши бор. «Тўқлик йўқликдан яхши, томорқа тўқликнинг нақши», дейди у.

Гап шундаки, З. Шойимова 40 сотих ерни узоқ муддатли ижарага олган. Бу ерда картошка, помидор, бодринг, сабзи, булғор қалампири, ловия, ошқовоқ етиштирилмоқда. Бу оила ҳатто қовун ва тарвуз етиштириш ҳадисини ҳам олган.
— Жорий йилнинг олти ойида шу томорқадан 40 миллион сўм атрофида даромад олишни кўзлаб турибмиз, — дейди З. Шойимова. — Кейин такрорий экин экамиз. Одатда, бизда кечки сабзи, пиёз, картошкадан мўл ҳосил олинади. Шулардан келиб чиқилса, томорқадан мўмай даромад кўришимиз тайин. Шукр, рўзғоримиз бут. Деҳқончилик ортидан дастурхонимиз тўкин. Сут-қатиққа ҳам ёлчиганмиз. Томорқага меҳр қўйиш ортидан орзу-ҳавасларимизга етяпмиз.
Биз бири-бирини юз километрдан зиёд масофа ажратиб турган икки оила томорқа хўжалиги мисолида ер бебаҳо хазина экани хусусида тўхталдик. Ваҳоланки, ҳар иккала маҳаллада деҳқончилик маданиятини рисоладагидек йўлга қўйган, томорқадан келаётган фойдани рўзғор каму кўстини тўлдиришга, ўғил-қизларининг ўқишига сарфлаётган оилалар жуда кўп. Бу хонадонлардан ибрат олганлар албатта барака топади. Сирасини айтганда, ҳаётнинг ўзи энг яхши ибратхонадир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг