Тўйтепалик «мойка» маликаси

14:14 10 Октябр 2025 Жамият
299 0

Тирикчилик тошдан қаттиқ. Киракашлик қилиб машина ҳайдаётган аёлларни кўрганмиз. Ҳатто деҳқон бозорида арава тортаётган аёлларга ҳам кўзимиз тушган. Нурафшон шаҳридаги «Тўйтепа» маҳалласида жойлашган автомобиль ювиш шохобчасида меҳнат қилаётган аёлни кўрганимизда нозик жинс вакилларининг матонат ва фидойилигига яна бир бор қойил қолдик.

Шундан буён ҳар гал бу ҳазрати аёлни кузатамиз. У ҳар куни келади, ҳар куни ўнлаб машиналарни сув эмас, ҳалол пешона тери билан ювади. Юзу кўзида шижоат, маъсумлик нафаси уфуриб турган 39 ёшли Нафиса Азимбоева уч фарзанднинг онаси. Муниса, Дилноза, Файзбек – унинг ҳаётда топган бебаҳо бойлиги. У Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Ўрта маълумотни шу ҳудуддаги 35-мактабда олгач, тикувчиликка қизиққанлиги боис «Нафис либослар» тикувчилик цехида ишлаб тажриба тўплади. Нафисанинг тақдир йўллари Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани билан боғланиб, 2011 йилда у «Номданак» маҳалласига келин бўлиб тушди.

Турмуш чорраҳалари... У гоҳ манзилга етказади, гоҳо манзилдан чалғитади.

– Тўғри, бу юмуш аёлларникимас, аёллар нозик қўллари билан кўйлак тикса, чучвара тугса, нон ёпса, машина эмас, идиш ювса ярашади, – дейди Нафиса опа. – Аммо тирикчиликнинг айби йўқ. Яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Қайнонам оламдан ўтгач, бизга анча қийин бўлди. Қайнотам уй-жойни сотишга тушиб, ҳаммамизни саросимага солиб қўйди. Оилани, рўзғорни юргизиш керак. Фарзандлар бирин-кетин вояга етяпти. Турмуш ўртоғим иккимиз машина ювиш шохобчасида ишлай бошладик. Ҳар куни рўзғор учун озми-кўпми пул бўлиб туради. Албатта, бу пулни пешона теримиз билан топамиз. Мен бу юмушни касб деб танламаганман, аммо...

Нафиса опа шу сўзларни айтади-ю кўзига бир нима тушганини баҳона қилади... Шу пайт унинг лаблари ички изтиробдан титрай бошлайди. Биз сўрамасак ҳам, кўз ҳаммасини айтиб қўйган эди...

– «Мойка»да ишлаётганларнинг ҳаммаси йигитлар. Нафиса опани «мойка»мизнинг маликаси», дейишади, – дейди автомобиль ювиш шохобчаси раҳбари Сардор Назаров. – Опа саришта, камгап. Жамоада Нафиса опага ҳавас қиламиз. Чунки унинг ўз мижозлари бор. Гоҳида опа ишга чиқмаган бўлса, машинасини ҳам ювдирмай кетишади. Бошидаги рўмолига ибосини ўраб меҳнат қилаётган Нафиса опадек матонатли аёлни кам учратганман.

Мулоқот давомида аён бўлдики, Нафиса Азимбоева юрак етишмовчилиги билан хасталанган. Шифокорларнинг айтишича, юрагида иккита тешикча бўлиб, у мунтазам даволаниши лозим. Нафиса Азимбоева «Аёллар дафтари»га, оила эса «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган. «Маҳалла еттилиги» томонидан имкон қадар кўмак кўрсатилган. Нафиса опанинг ўзи ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ. У истиқомат қилаётган ҳовли таъмирталаб. Бунинг устига хонадон газ таъминотидан ҳам узилган. Ош-овқат ҳозирча ўчоқда тайёрланади. Остона қоқиб турган ёмғирли-қорли кунлар учун тадорик кўриш керак. Нафиса Азимбоеванинг соғлиғини тиклаш, уйини таъмирлаш, табиий газ таъминотига қайта улаш каби масалаларда «Номданак» маҳалласи «еттилиги» вакиллари, Ўрта Чирчиқ тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими масъуллари матонатли бу аёлга кўмак кўрсатса, олижаноб юртдошларимиз оқибатли бўлса, катта савоб бўларди. Шунда қаҳрамонимиз аёл боши билан эркаклар ишини қилишига ҳожат қолмас, ўзи севган чеварчилик фаолиятини қайта йўлга қўярди. Оилада камол топаётган шириндан-шакар фарзандлари тарбияси билан кўпроқ шуғулланиб, соғлом ҳаёт бағрида бошқа аёллардек бахтиёр яшарди.  

Отабек ИСРОИЛОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?