Тойлоқда илк бор асаларичилик фестивали ўтказилди
Зарафшон дарёси ва Дарғом канали оралиғида жойлашган Тойлоқ туманида азалдан деҳқончилик ва боғдорчилик аҳоли турмуш тарзининг ажралмас қисми бўлиб келган. Боғдорчилик ривожланган жойда табиийки, асаларичиликни кенгайтириш учун ҳам қулай шароит яратилади. Шу боис туманда кейинги йилларда асаларичилик тармоғи ривож топиб бормоқда. Бугунги кунда нафақат вилоятда ва Республикамиз ички бозорларида, балки хорижий мамлакатларда ҳам “Тойлоқ асали” номини танишмоқда.
Туман ҳокимлиги томонидан илк бор ташкил этилган “Тойлоқ Асаларичилик фестивали-2025” тадбири доирасида етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик соҳасининг салоҳияти, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тажрибаси ва асал маҳсулотининг хилма-хиллиги кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

Илмобод маҳалласидаги табиати сўлим “Дарғом” ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилган фестивалда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, мазкур вазирлик ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ғофуржон Қаршиев, вилоят ва туман жамоатчилиги вакиллари, Тойлоқ, Самарқанд ҳамда Ургут тумани фуқаролари иштирок этди.
Қатнашчиларга ЭКО туризм йўналишида Тойлоқ тумани имкониятлари, табиий асал, прополис ва бошқа маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнлари, сифат кўрсаткичлари ва фойдали хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ҳам асаларичилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини кенг жамоатчиликка танитиш ҳамда экологик тоза маҳсулотларни тарғиб қилишдан иборатдир.
Туманда кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган “Орзу Олим Дилмурод асаллари” асаларичилик — наслчилик фермер хўжалиги тизимдаги энг йирик хўжаликлардан ҳисобланади. Бу ерда бугунги кунда 500 асалари оиласи жамланган бўлиб, бир мавсумда 10 тоннадан ортиқ асал етиштирилади.

Тадбирда фермер хўжалиги раҳбари Орифжон Илёсовга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан рўйхатдан ўтказилган “Ориф бобо Асаллари” товар белгиси ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
- Халқимиз дастурхонига тоза, сифатли ва сервитамин асал етиштириш билан бирга асаларичиликни ривожлантириш, янги асалари оилаларини кўпайтиришни режа қилганмиз, — дейди “Орзу Олим Дилмурод асаллари” асаларичилик — наслчилик фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Орифжон Илёсов. — Бугунги кунда фермер хўжалигимизда 10 нафар ёшлар меҳнат қиляпти. Ҳозирда наслчилик лабораториясини ҳам ташкил қиляпмиз. Келгусида яна 10 та ишчи ўрни яратишни режалаштирганмиз. Маҳсулотимизни Республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб беряпмиз. Қолаверса, тизимдаги қатор танловларда ғолибликни қўлга киритиб келаяпмиз. Меҳнатимиз муносиб тақдирланаётганидан хурсандмиз.

Туманда кейинги йилларда якка тартибда ўз хонадонларида асалари парваришлаётган деҳқон хўжаликлари сафи ҳам кенгайиб боряпти. Бугунги кунда
ҳудудда 20 дан ортиқ асалчилик деҳқон хўжаликлари мавжуд бўлиб, улар ҳам йилига 1 оиладан 40 килограммдан ортиқ асал олишмоқда.
- Асал машаққатли меҳнат, сабр-тоқат тимсоли. Асаларичилик меҳнати оғир, ўзига яраша қийинчилиги бўлгани билан мароқли ва даромади ҳам шунга яраша, — дейди “Шокиров Элёр” деҳқон хўжалиги раҳбари Элёр Шокиров. — Масалан биз оз бўлсада асал етиштириб яхшигина қўшимча даромад оляпмиз. Чунки, ўзимиздан ортганини сотамиз. Асал минг дардга даво бўлган табиатнинг энг нодир неъматларидан бири. Унинг соғлик учун фойдаси жуда катта эканлиги амалиётда исботланган. Иммунитетни кўтариб, организмни тозалашининг ўзиёқ инсон учун кифоя.

Фестиваль давомида вилоятда асаларичилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган семинар ҳам ташкил этилди. Тажрибали асаларичилар ҳамда мутахассислар иштирок этган илмий-амалий конференцияда соҳанинг бугунги ҳолати, истиқболлари ва инновацион ёндашувлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ушбу ҳудуднинг экологик туризмни ривожлантириш борасидаги имкониятлари тақдимот қилинди.

- Ушбу фестиваль орқали биз нафақат асаларичиликни тарғиб қилиш, тажриба алмашиш, янги ғоялар ва технологияларни жорий қилмоқчимиз, балки ушбу сўлим “Дарғом ўрмон хўжалиги”да туристик салоҳиятни ривожлантириш мақсадида дам олиш масканига айлантиришни, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб этишни режалаштирганмиз, — дейди туман ҳокими Бегзод Раҳматуллаев. — Фестиваль асосида махсус “Асаларилар йўли” деб номланган экологик туризм маршрутини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Мазкур маршрут орқали сайёҳлар асалариларнинг табиий муҳити, ўрмон фитосанитар ҳолати, асалари оилалари парвариши, доривор ўсимликлар турлари ва асалари маҳсулотларининг шифобахш хусусиятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар. Бу Дарғом ўрмон хўжалигининг ўзига хос биоҳавза тизимини намойиш этадиган ноёб туристик йўналишга айланади. Мазкур фестиваль ва янгиланган экологик маршрутлар Самарқанд шаҳрига келган сайёҳларнинг Тойлоқ туманида ҳам кўпроқ қолишига хизмат қилади. Чунки, Дарғом ўрмон хўжалиги, асаларичилик хўжаликлари, маҳаллий маҳсулотларнинг дегустация майдонлари ва қўшимча кўнгилочар хизматлар биргаликда тақдим этилганда, туристларда қўшимча кун сарфлаб бу масканларни томоша қилишига, маҳаллий маҳсулотларни харид қилишига ва унутилмас таассуротларга эга бўлишига кучли рағбат пайдо бўлади. Бу эса вилоятимизга туризмдан тушадиган даромадларни ошириш ва иқтисодий фаолликни кучайтиришга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида асал кўргазмаси ва дегустацияси, болалар учун “Мен асал расмини чизаман” мусобақаси, ҳунармандлар ярмаркаси, миллий қадриятларни акс эттирувчи кўргазмалар ҳамда йиғилганлар учун концерт, дорбоз ва бошқа кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
Шунингдек, вилоят ва Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган, энг фаол асаларичилар ҳамда “Ободлик кўнгилдан бошланади” ташаббуси доирасидаги “Энг обод маҳалла” ва “Энг обод ташкилот” танловлари ғолибларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар кўргазмаси ташкил қилиниб, ушбу ҳудуддаги 1 гектар майдонда “Ёшлар боғи”ни яратишга киришилди.
Абдулазиз Йўлдошев
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг