2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида

18:33 24 Декабрь 2025 Сиёсат
100 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш ҳамда жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига бўлган муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида қарор қиламан:

I. Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси

1. Ўзбекистон Республикаси Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилгани ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолигига қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

(a)2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси 1-иловага мувофиқ;

(б) Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

II. Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш

3. Белгилансинки, 2026 йил 1 февралдан бошлаб:

(а) зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бунда:

(i) профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги (кейинги ўринларда – ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар) зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

(ii) зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

(iii) профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

(iv) профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;

(б) дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади;

(в) жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

(а) зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;

(б) болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этади;

(в) зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади;

(г) мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

5. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва манфаатдор идоралар билан биргаликда:

(а) уч ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармоннинг 4-бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

(б) олти ой муддатда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этиш билан боғлиқ ишлар доирасида болалар ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасида юзлаштириш тергов ҳаракатини фақат терговчи ва прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

(а) Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ва Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасини тугатиш;

(б) давлат муассасаси шаклида Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ҳамда унинг Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида минтақавий бўлинмаларини ташкил этиш.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги икки ой муддатда Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

III. Зўравонликдан жабрланган болалар ҳамда уларнинг оилалари учун ижтимоий хизматларни ташкил этиш

7. Белгилансинки, 2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслари) учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилади. Бунда:

(а) “меҳрли оила” хизмати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази томонидан ташкил этилади;

(б) “меҳрли оила” хизматига ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади;

(в) “меҳрли оила” хизматига жалб қилинган ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га фарзандларининг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун “оилавий терапия” хизматлари бепул кўрсатилади.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар уларнинг хулқ-атвори, иқтидори ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ўқув йили давомида 3-иловада назарда тутилган таълим ташкилотларига Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси қарорига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг йўлланмасига мувофиқ жойлаштирилиши мумкин. Бунда:

(i) йўлланма асосида юбориладиган ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар таълим ташкилотларига бепул асосда, синовлар ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади;

(ii) таътил вақтида ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахс)га қайтариш имкони бўлмаган тақдирда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ушбу болаларни ўқув жараёни бошлангунга қадар вақтинчалик муқобил жойлаштириш чоралари кўрилади;

(iii) йўлланма асосида жойлаштирилган ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган бола тегишли таълим ташкилотининг ўқув ишлари бўйича директори ўринбосарига бириктирилади ҳамда унинг хулқ-атвори ва ўзлаштириши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда унинг яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига киритилади;

(б) ҳар ўқув йили якунида вазирлик ва идоралар томонидан тасарруфидаги таълим ташкилотларининг қабул квотасини тасдиқлашда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун 5 фоизгача қўшимча квота ажратилади ва бу тўғрисидаги маълумот Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этилади.

9. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳридаги “А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

10. Қуйидагилар Тошкент шаҳридаги “А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятининг қўшимча йўналишлари сифатида белгилансин:

(а) инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика, адаптив спорт, ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида ижтимоий иш, оилалар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишларида кадрлар тайёрлаш;

(б) инклюзив ва махсус таълим ҳамда адаптив спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

(в) инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика ҳамда адаптив спорт йўналишларида тадқиқотлар ўтказиш;

(г) инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика ва адаптив спорт йўналишлари бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, шунингдек, ушбу йўналишлар бўйича стандартларни экспертизадан ўтказиш.

11. Болалар масалалари бўйича миллий комиссия зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юклансин:

(а) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан кўрилаётган чораларнинг натижадорлигини ўрганиш;

(б) оилада болага нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг масъулияти ва ҳаётий кўникмаларини ошириш бўйича амалга оширилаётган чораларнинг самарадорлигини муҳокама қилиб бориш;

(в) қўшимча квота асосида таълим ташкилотларига қабул қилинган ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларнинг хулқ-атвори ва ўзлаштиришини таҳлил қилиш.

IV. Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш

12. Рақамли технологиялар вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳамда зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни алмашиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон платформа (кейинги ўринларда – платформа)ни ишлаб чиқсин. Бунда:

(а) платформа давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда “112” қисқа рақам орқали фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати билан “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади;

(б) болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатларининг ягона статистика ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, статистика органларига тақдим этиш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг ҳар бир босқичини кузатиб бориш имконияти яратилади.

V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

13. Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги 2026 йил 1 февралдан бошлаб режа-график асосида зўравонликдан жабрланган болалар билан процессуал ҳаракатлар давомида ишлашга масъул бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судьялар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ходимлари, шунингдек, адвокатларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд процессида болалар билан ишлашнинг махсус усулларига оид касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш учун миллий ва хорижий эксперт ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда қисқа муддатли курсларда ўқитилишини ташкил этсин.

14. Қуйидагилар:

(а) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда:

(i) мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин;

(ii) жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка бўлган муросасизлик муҳитини яратиш, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот материаллари (тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари, видеороликлар, буклет ва флаерлар) тайёрланишини ҳамда жамоат жойларида, шу жумладан, соғлиқни сақлаш муассасалари ва барча таълим ташкилотларида кенг тарғиботини ташкил қилсин;

(б)Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.

17. Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Ш. Мирзиёев

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер