Тўй маданияти ёки ҳаётимиздаги энг ўткир ижтимоий муаммо
Халқимиз болажон. Ўзи емай, киймай фарзандларининг яхши кунларига йиғиб юради. Тўй қилиб, эл олдидан ўтайин дейди. “Фалончи зўр тўй берди” деган гап унга мойдек ёқади. Аммо тўй эл-улус учун ёзилган тўкин дастурхон эмас, балки икки ёшнинг бахти, бир умрлик ширин турмуши ва азалий қадриятларимизга бўлган садоқатнинг рамзи сифатида қадрланади. Бироқ бугунги кунда тўйлар ўз мазмун-моҳиятидан узоқлашиб, кўз-кўз қилинадиган, иқтисодий зўриқиш ва ижтимоий тенгсизликни чиқарувчи воситага айланиб бормоқда. Тўйлардаги ортиқча дабдабалар, расмиятчиликлар ва ижтимоий тенгсизликлар оилаларни молиявий хавфга дучор қилмоқда. Айниқса, ёшларнинг онгида дабдабабозликка мойилликни шакллантирмоқда. Тўйларни ихчамлаштириш орқали бу муаммоларга ечим топса бўлади. Аммо...
Ижтимоий рейтинг ва сохта обрў кимга керак?
Республикамиздаги ҳар бир вилоятнинг, ҳатто ҳар бир қишлоқнинг тўй билан боғлиқ ўзига хос анъаналари, урф-одатлари бор. Масалан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиладиган тўй маросимлари тобора дабдабали тус олмоқда. Бу ердаги исрофгарчилик, кераксиз анъаналар орзу-ҳавас эмас, балки маънавий билимнинг етишмаслиги ифодасидир. Серҳашам меҳмонхоналардаги файзли дастурхонлар, юз миллионлаб сўмлик қалин пули ва куёвдан талаб қилинадиган турли шартлар ҳаёт меъёрларига соя солаётган ҳолатлардир. Бу шов-шувлар аслида муҳаббат ва меҳрга эмас, балки ижтимоий рейтинг ва обрў орттиришга хизмат қилмоқда. Натижада тўйдан кейинги ҳаёт тўғрисидаги фикрлар иккинчи ўринга тушиб қолмоқда.
Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда баъзи оилаларда тўй харажатлари уларнинг йиллик даромадининг икки-уч баробаридан ошиб кетади. Шу боис тўй қилаётганларнинг ярмидан кўпи банклардан кредит олишига тўғри келмоқда. Шундай бўлса-да, айрим жойларда ҳали-ҳануз калин пули, мазар элтиш, салом пули каби удумлар сақланиб қолган. Бу на куёвга, на келинга енгиллик олиб келади. Аксинча, тўй сабабли қарзга ботган оилаларда маънавий тушкунлик, ёшлар орасида эса норозилик кайфияти пайдо бўлмоқда. Умидсизлик, ёшликдаги ишончсизлик уларни нафақат иқтисодий, балки руҳий жиҳатдан ҳам тангликка олиб келяпти.
Ҳар қандай анъана миллатнинг тарихий хотираси ва маданий белгиси ҳисобланади. Қалин пули, мазар элтиш каби урф-одатлар ҳам ўз даврида маънавий ва ижтимоий вазифаларни бажарган. Лекин уларни ўзгартирмасдан, ўзгариб бораётган жамиятга мослаштирмасдан сақлаш, нафақат иқтисодий муаммолар, балки оилалар орасидаги тенгсизликни ҳам кучайтириши мумкин. Шу боис ҳаёт тажрибасига эга кексаларимиз анъаналарни тўлиқ рад этиш эмас, балки уларни қайта шакллантириш, маънавий мазмунига содиқ қолган ҳолда иқтисодий жиҳатдан енгиллаштириш тарафдори бўлиб бормоқда. Замонавий, қисқа, самимий муҳитда ўтказиладиган тўйлар жамият учун ижобий хислатдир. Албатта, бунда ёшларнинг ижтимоий тафаккуридаги ўзгаришлар жуда муҳим аҳамият касб этади.
“Тўй харажатини камайтириб, янги уйга тўлов қилдик...”
Ихчам тўй бу нафақат, куёв ва келиннинг қувончи, балки жамиятнинг маънавий ифодасидир. Агар тўй маросимлари қайта маъно касб эта бошласа, улар инсонлар орасидаги самимиятни тиклашга хизмат қилади. Бу жараёнда асосий вазифа зиёлилар, уламолар, маҳалла фаоллари ва ОАВ орқали жамоатчилик онгини ўзгартиришдир. Оила қуриш маросимида инсонлар бир-бирининг қалбига қулоқ тутсин, нафс ва обрў учун эмас, муҳаббат ва эътибор учун йиғилсин. Тўй аслида жамоавий масъулият дегани. Чунки тўй бу ота-она, маҳалла, ҳамжамиятнинг ҳам маънавий бирлашув нуқтасидир. Агар тўйни шунга яраша ислоҳ қилсак, нафақат иқтисодий барқарорлик, балки маданий соғломлашувга ҳам эришамиз.
—Бизга ўғлимиз ибрат бўлди,—дейди Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи Сайдулло Фазлиддинов. —Хабарингиз бўлса, бизда келин томон тўйдан аввал кичик мазар юборади. Унда беш-ўнта саватда емак-ичмак ва совға-саломлар бўлади. У орқали биз қўни-қўшниларга тўйдан дарак берамиз. Тўйдан бир кун олдин катта мазар оламиз. Бунда 30-40 та саватда салатдан тортиб то пишириққача юборилади. Бу билан куёвнинг жўралари меҳмон қилинади. Тўйдан кейин яна 40 кун мазар ташилади. Ўғлим шу одатларнинг барчасига нуқта қўйди.
“Шу илтимосимга рози бўлсангизлар уйланаман, бўлмаса йўқ”, деди у. Ундаги қатъият олдида ўзимдан уялим кетдим. Шу боис, мен ҳам ўзим билан боғлиқ катта бир маросимга нуқта қўйдим. Яъни, фотиҳа тўйига! Одатда, тўйдан аввал куёв томондан 10-15 нафар эркак келинникига бориб, меҳмон бўлиб келишади. Зиёфат шу қадар қуюқ бўладики, харажати сал кам тўй базмидан қолишмайди. Келин томонга “Фотиҳа тўйига бормаймиз, кутманглар” дедим. Мендаги бу шижоатдан аёлим ҳар қанча ҳайратланмасин, у ҳам ўғлимизга муносиб бўлгиси келди. Аёллар билан боғлиқ барча удумларни рад этди. Хуллас, тўй куни эрталаб эркакларга ош бердик. Шу куни тушга яқин аёлларни меҳмон қилдик. Тўйнинг эртаси куни ўғлимиз жўраларини тўплаб, чойхонада ош берди. Тўйдан иқтисод қилинган маблағга озгина қўшиб, келин-куёв учун уйнинг бошланғич тўловини амалга оширдик.
Бугунги кунда тўй дабдабабозлик ифодаси эмас, балки эртанги ҳаёт учун муҳим пойдевор вазифасини ўташи керак. Кимларнингдир орзу-ҳавасини деб кеча уйланган куёв келинни ташлаб узоқ хорижда ишлаб, қарз узиши қайси орзу-ҳавас мезонларига тўғри келади? Модомики, фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун масъул эканмиз, бу мавзуда муҳим бир қарорга келиш вақти келди. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг