TIMUN — 2021: Ёшлар яхшилик сари

20:41 21 Май 2021 Жамият
1057 0

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Марказий Осиёдаги энг глобал ёшлар лойиҳаларидан бири бўлган Тошкент Халқаро БМТ Модели (TIMUN) бўлиб ўтди.

Ташқи кўриниши қадимий саройларни эслатувчи ғиштин деворлардан бунёд этилган муҳташам бинодан ичкари томон кириб борар эканмиз, бизни қайноқ муҳит ўз бағрига олди. Конференция учун мўлжалланган асосий ва қўшимча заллар 200 нафар чет элларда таҳсил олаётган талаба ва қатнашчилар билан лиқ тўла.

Ушбу конференция ёшларнинг халқаро дипломатия, ҳуқуқ, глобал сиёсат, жамоат нутқлари, етакчилик ва самарали музокаралар олиб бориш кўникмаларини шакллантиришда ноёб платформа ҳисобланади. ТIMUN конференцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва талабалар ўртасидаги ёшларнинг бир қатор мураккаб масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказиш ва глобал муаммоларга ўз ечимини таклиф этишга имкон берадиган кўприк вазифасини ўтайди.

Бу йил TIMUN — 2021 конференцияси Доҳа Декларациясини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2021 йил Киото шаҳрида бўлиб ўтган Жиноятнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов йиғилишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Конференция давомида БМТнинг етти асосий ташкилоти, жумладан, Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий адолат бўйича комиссияси, Бош Aссамблея, ЮНEСКО, Хавфсизлик Кенгаши, Ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича (Учинчи қўмита) қўмитаси, Инқироз қўмитаси ҳамда Фан ва технологияларни ривожлантириш комиссияси моделлаштирилди.

— Конференциянинг Ўзбекистонда ташкил этилишини тўла қўллаб-қувватладик, — дейди БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси координатори Кун Марквер. — Чунки унда кўтарилган масалалар барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилиб, дунё бўйича кун тартибида турибди. Биз ёшларга долзарб мавзуларда — экологик муаммолар, коррупция, гиёҳвандликка қарши кураш борасида ўз фикрларини эркин билдиришларига имконият яратишимиз керак. Мазкур тадбир бу борада муҳим платформа бўла олди.

Икки кунлик конференция доирасида COVID-19 пандемияси вақтида очлик, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги танқислиги билан боғлиқ замонавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган иқтисодий тикланиш, «кўринмас ёв»нинг қочқинлар ҳаётига таъсири, можароли ҳудудларда болаларнинг мактаб таълими, ривожланаётган мамлакатларда барқарор энергия манбаларини кенгайтириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жиноятнинг олдини олиш, одил судлов ва қонун устуворлиги таъминлаш, коронавируснинг дунё тинчлиги ва хавфсизлигига таъсири, унга қарши вакциналарнинг тарқалишига доир маърузалар қилинди.

Фарангиз ХЎЖАҚУЛОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер