Тил — миллат бойлиги

21:42 18 Октябр 2021 Маданият
308 0

Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан биридир. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди. Тил — миллат ўзлиги ва қадриятларининг кўзгусидир. Уни асраб-авайлаш, тақдири ҳамда истиқболи ҳақида қайғуриш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзбек тилига “Давлат тили” мақоми берилганлигининг 32 йиллиги кенг миқёсда нишонланади.

Мирзо Улуғбек туманидаги 27-сонли умумтаълим мактабида Республика Маънавият ва маърифат маркази Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ушбу кун муносабати билан “Ўзбек тили — халқ қадриятидир” мавзусида маънавий-марифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, профессор-олимлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-марифий ишлари бўйича ўринбосари Фузайлхон Хашимов очиб берди. Сўнгра меҳмонлар томонидан тилимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни, уни келажак авлодга тўлақонли ва янада бойитилган ҳолда етказиш ҳақида сўз юритилди.

— Тарихга юзланадиган бўлсак, таассуфки, мустабид тузум даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилининг мавқеини пасайтиришга уринишлар кўп бўлди. — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Мирзо Улуғбек туман бўлинмаси бош мутахассиси Насриддин Ботиров. — Миллат ойдини, маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган хитоби билан ўтмишнинг аччиқ ситамларини намоён этди. Собиқ иттифоқ даврида она тилига бўлган беписандликка қарамай, халқимиз ўз миллий тилини сақлаб қолди. 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ўзбек тили давлат тили, деб эълон қилинди. Бугун она тилимизни асраш, унинг қадр-қимматини ошириш ҳар биримизнинг гарданимиздаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бугунги учрашув ҳам айниқса ёшларимиз учун фойдали бўлди, чунки тилимиз тақдири тилини севувчи ва билимли ёшлар қўлидадир.

Ишончимиз комилки, бу каби тадбирлар тилимизга бўлган муносабат ва эътиборнинг ошишига, унинг мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади. Зотан, тил бор экан — миллат барҳаёт.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?