Тик Токдаги челленж сабаб бир ўқувчи вафот этди, яна бири касалхонада

17:37 17 Февраль 2021 Дунё
4790 0

Киевда ТикТок-даги қирқта таблетка ичиш таклиф этилган ва кейин нима бўлишини кузатишга чақирув мазмунидаги челленждан сўнг, «Гармония» лицейининг икки нафар еттинчи синф ўқувчиси «Дротаверина» таблеткалари билан заҳарланди.

Бу ҳақда tehnowar.ru нашри хабар бермоқда.

Талабаларни заҳарлаган «Дротаверин» сафро йўллари касалликлари, сийдик йўллари ва ошқозон-ичак касалликлари, бош оғриғи ва гинекологик касалликларни йўқотиш учун қўлланилади. Дозани ошириб юбориш ўлимга олиб келиши мумкин. Бироқ дори шифокор рецептисиз берилади.

Ўқувчилар челленжда қатнашиш учун дорини лицей яқинидан сотиб олиб, танаффусда қабул қилишган. Синфдошлари хабар топиб, шифокорни чақиришгунга қадар бир қиз воқеа жойида вафот этган. Иккинчи қиз эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Полиция ушбу ҳолат юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда.

Сўнгги пайтларда Тик Токда ўспиринлар учун жуда кўп хавфли челленжлар кузатилмоқда. Айниқса ушбу тармоқда асосан, галлюцинацияларни келтириб чиқарадиган дори-дармонларни катта дозада қабул қилишни тарғиб этадиган челленжлар кўпайди. Масалан, Техасда уч нафар ўспирин дори воситаларидан бирининг челленжидан сўнг, шифокор рецептисиз сотиладиган "Benadryl" препаратини кўп қабул қилганлиги сабабли касалхонага ётқизилган.

ТикТокда мазкур дори воситаси ҳештеги остида тарқалган видео аллақачон 5,5 миллиондан ортиқ марта томоша қилинган.

Яна бир шунга ўхшаш челленж галлюцинацияларни келтириб чиқаришни тарғиб этади, унда икки ёки тўрт ош қошиқ мускат ёнғоғини сут ёки сув билан ичиш тавсия этилган. Мутахассислар маълумотларига кўра, мускат ёнғоғининг бу миқдори оғизнинг қуриши, қўзғалиш, гипотермия, галлюцинациялар ва баъзи ҳолларда ўлимга олиб келиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?