Тезкор шахмат бўйича норвегиялик Магнус Карлсен чемпион бўлди

17:08 29 Декабрь 2023 Спорт
810 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида эркак шахматчилар ўртасидаги беллашувлар 13 партиядан иборат бўлди.

Баҳслар якунига кўра, 13 имкониятдан 10 очко жамғарган норвегиялик Магнус Карлсен тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. У аввал 2014, 2015, 2019 ва 2022 йилларда ҳам тезкор шахматда ғолибликни қўлга киритган эди.

Иккинчи ўринни 9,5 очко билан Словения вакили Владимир Федосеев эгаллади. Учинчи ўрин эса 9 очко жамғарган хитойлик Ю Янг Йига насиб этди. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 9 очко билан 11-поғонани эгаллади.

Аёллар баҳси 11 партия давом этди. Якунда ФИДЕ байроғи остида дона сурган халқаро нейтрал спортчи Анастасия Боднарук 8,5 очко билан чемпион бўлди. Иккинчи ўринни ҳиндистонлик спортчи Ҳумпи Конеру эгаллади. Хитойлик Лей Тингжига эса учинчи ўрин насиб этди.

Ҳамюртларимиз орасидаги энг яхши натижа Афруза Ҳамдамовага тегишли бўлди. У 11 та имкониятдан 6,5 очко жамғариб, 34-ўрин билан кифояланди.

Энди навбат блиц йўналиши баҳсларига. Шахматнинг бу йўналишида юртимиз спортчиларига ғалабалар тилаб қоламиз.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?