Тест синовлари учун замонавий марказ

11:02 18 Июнь 2025 Жамият
219 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги Экошаҳарда тест синовлари ўтказиш учун махсус қурилиб, фойдаланишга топширилган бинода замонавий шароит муҳайё этилган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Фарғона вилояти бўлими тасарруфидаги ушбу бино бир пайтда ўз бағрига 1200 нафаргача талабгорни сиғдира олади. Жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган марказда замонавий компьютерлар, қулоқчинлар, электрон доскалар, видеокузатув мосламалари каби барча қулайликлар мавжуд.

— Шу йилнинг ўтган даврида 14 та фан йўналишида чет тили бўйича сертификат олиш учун қарийб 23 минг нафар, 7 та фан йўналишида миллий сертификат олиш учун эса 40 минг нафар талабгор имтиҳон топширди, — дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Фарғона вилоят бўлими раҳбари Исмоилхон Шокиров. — Айни кунларда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест имтиҳонларини ўтказишга жиддий ҳозирлик кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад марказда билимдон ёшлар учун синовлар адолатли ва шаффоф ташкил этилишини таъминлашга қаратилган.

Умуман олганда, бугунги кунда марказда мунтазам равишда 20 га яқин турда, ҳар хил соҳа ва фанлар кесимида имтиҳонлар ўтказилади. Шу ернинг ўзида ота-оналар учун 500 ўринга мўлжалланган кутиш жойлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этилган.

Имтиҳон натижаларидан норози бўлганлар апелляция учун ариза бериши ҳам онлайн электрон шаклга ўтказилган. Шу тариқа ўн беш иш кунида аризалар кўриб чиқилади ҳамда тегишли жавоб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?