Термизда яшиллик ошди

13:33 19 Январь 2026 Жамият
342 0

Сунъий йўлдош мониторинглари ва очиқ манбалар таҳлили Термиз шаҳрида сўнгги 5–10 йил давомида экологик вазият изчил яхшиланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Таҳлилларга кўра, шаҳардаги яшил ҳудудлар майдони сезиларли даражада кенгайиб, дарахтзор ва кўкаламзор масканлар улуши барқарор ўсиш суръатини намоён этмоқда.

Хусусан, марказий кўчалар, аҳоли яшаш массивлари ва йўлбўйи ҳудудларда амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида шаҳар манзараси сунъий йўлдош тасвирларида аввалги йилларга нисбатан анча “яшил” тус олгани яққол кўзга ташланади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида минглаб дарахт ва манзарали кўчатлар экилгани бу ўзгаришларнинг асосий омилларидан бири бўлмоқда.

Мутахассислар маълумотларига кўра, “яшил белбоғ”ларнинг яратилиши натижасида чангли шамоллар сони ҳам қисқарган. Агар 2010 йилда шамол тезлиги 15 метр/секунд ва ундан юқори бўлган кунлар 42 кунни, 2020 йилда 45 кунни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 28 кунгача камайган. Бу эса яшил ҳудудларнинг ҳаво сифатини яхшилашдаги амалий самарасини кўрсатади.

Ирригация тармоқларини яхшилаш, ички канал ва ариқларни мунтазам тозалаш, боғ ва хиёбонларни кенгайтириш ишлари ҳам яшилликнинг узоқ муддат сақланишини таъминламоқда. Мазкур чора-тадбирлар натижасида шаҳарда ҳаводаги чанг миқдори камайиб, аҳоли учун янада соғлом ва қулай муҳит шаклланмоқда.

Сунъий йўлдош қайд этаётган ушбу ижобий кўрсаткичлар Термиз шаҳрида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самарали эканини, яшиллик эса шаҳар тараққиётининг муҳим мезонига айланаётганини тасдиқламоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?