Термизда қурилиш компанияси 219 туп дарахтни ноқонуний кесиб ташлади
Иллюстратив фото
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 219 туп дарахт ноқонуний тарзда кесиб ташлангани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги арчазор майдон йўқ қилинаётгани ҳақида тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Прокуратураси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, мазкур ҳудудда кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилиши дастлаб «Gigant Tosh Qurilish» МЧЖ, кейинчалик эса ушбу объектни мерос қилиб олган «Developments Rest» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Қурилиш учун ажратилган Термиз шаҳри «Дўстлик» маҳалласидаги ер майдонида 356 туп дарахт мавжуд бўлиб, улар 2025 йил март ойида вилоят экология бошқармаси мутахассислари томонидан расмий хатловдан ўтказилган. Қурилиш ишлари бошланишидан аввал жамоатчилик эшитувлари ҳам ташкил этилган, мавжуд дарахтларни кўчириб ўтказиш режалаштирилган эди. Мазкур МЧЖ дарахтларни кўчириб ўтқазишга юборган сўровига вилоят Экология бошқармаси дарахт кўчириб ўтқазиш мавсуми эмаслиги сабабли рад жавобини берган..
Бироқ, белгиланган тартиб ва ҳужжатларсиз, июнь ойида ҳудуддаги 219 туп дарахт, жумладан элдор қарағайи, вергин арчаси, шарқ биотаси, чинор ва бошқа навлар ноқонуний тарзда кесиб ташлангани аниқланган.
Ушбу вазиятда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 21 (ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш) ва 37-моддалари (дарахт ва бутларни кесиш), шунингдек президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сонли фармони талаблари бузилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича барча тегишли ҳужжатлар вилоят прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг