Термизда IT йўналишида яна бир инкубация маркази очилди

18:53 25 Февраль 2024 Жамият
198 0

Фарҳод Эсонов/“Халқ сўзи”. Сурхондарё вилоятида ахборот технологиялари соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бу жараёнда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида инкубация марказлари ташкил этилмоқда.

Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда IT Park билан ҳамкорлигида ташкил қилинган навбатдаги дастурий хизматларни экспорт қилувчи ва масофадан туриб IT хизматлари кўрсатувчи BPO марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Мазкур марказда масофавий IT хизматлари кўрсатувчи 3 та компания, хусусан, “UniCall”, “Maab Innovation” va “Moonboys” компаниялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, айни вақтда ушбу компанияларнинг Термиз шаҳридаги филиалларида 240 нафардан ортиқ ходим, асосан, ёшлар иш билан таъминланган. Компаниялар келгусида воҳалик 1 минг нафар ёшни IT соҳасида ўқитиб, юқори даромадли касб эгаларига айлантиришни мақсад қилган. Шунингдек, биргина “UniCall” компанияси 2024 йилда 800 минг долларлик дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, соҳа мутасаддилари, “IT Park” резидентлари, компаниялар вакиллари ҳамда соҳада ишлаш ва ўқиш истагида бўлган ёшлар иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига алоҳида аҳамият қаратилаётгани, сўнгги йилларда соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?