Темир панжара ортидаги тарих ҳақиқати

19:54 02 Май 2025 Жамият
643 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Хотира — муқаддас, сабоқ — абадий

9 май мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Биз шу куни Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юз минглаб ватандошларимизни хотирлаб, жанггоҳлардан омон қайтган қаҳрамонларга эҳтиром кўрсатамиз. Мустабид тузумнинг шафқатсиз қатағонларида ноҳақ айбланиб азоб-уқубатларга маҳкум этилган, узоқ ўлкаларда она юрт соғинчида жон таслим қилган инсонлар хотирасини ёд этамиз.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Собиқ иттифоқ даврида мустамлакачилик сиёсати натижасида бирлаштирилган ҳамма республикаларда турли қатағонлар, инсон қадрини топташ, эрк ва озодлик учун ҳар қандай интилишни куч билан бостириш тинмади. Ўзбекистонда ҳам минглаб зиёлилар, атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкорлар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари сиёсий таъқиблар қурбони бўлди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Маҳкумлар сони шу қадар кўп эдики, жазолаш муассасалари дислокацияси узоқ Сибирдан тортиб Қозоғистон чўлларигача бўлган улкан минтақани қамраб олган эди. Қўшни республика ҳудудида жойлашган Карлаг (Карагандинский лагерь) ва АЛЖИР (Акмолинский лагерь жён изменников Родины) каби жазони ўташ муассасалари ҳам ана шундай бегуноҳлар тақдирини парчалаган, уларни мисли кўрилмаган азобу уқубатларга дучор этган жойлар бўлган. Бу лагерлардаги жазога ноҳақ тортилиб, инсоний ҳуқуқларидан маҳрум қилинганлар орасида кўплаб ўзбек зиёлилари ва уларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бор эди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Биз бу тарихни унутмаслигимиз керак. Ёш авлод уни билиши, ўрганиши ва тўғри хулоса чиқариши шарт. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Хотира — бу фақат ўтмиш эмас, балки келажакни адолатли ва огоҳлик билан қуришга хизмат қилувчи маънавий устун. Таҳририятимиз ходимларининг Қозоғистондаги “Карлаг” ва “АЛЖИР” музейларига қилган хизмат сафари давомида нафақат ўтмишга яна бир бор назар ташланди, балки тарихий хотира ва ундан олинажак сабоқнинг аҳамиятини очиб беришга ҳам эътибор қаратилди.

Ҳужжатлар тилга кирганда

Остонанинг замонавий қиёфаси, осмонўпар бинолари ва тинч муҳити қаршисида Қозоғистон заминида тарихдан гувоҳ берувчи айрим оғриқли хотиралар янада теран ҳис қилинади. “Карлаг” ва “АЛЖИР” музейлари ана шундай қайғули хотираларни ўзида акс эттирган масканлар бўлган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Карлаг — Қарағанда шаҳри атрофида жойлашган, ер майдони бўйича замонавий Франция ҳудудига тенг келадиган йирик лагерлар тизими бўлиб, тарихда ўзининг мудҳиш номи билан эсланади. Марказий Осиёдаги энг катта репрессиялар кўзгуси сифатида танилган. Собиқ иттифоқ даврида озодликдан маҳрум этилган минглаб бегуноҳ инсонлар шу ерда қийноққа солинган, ҳатто жонидан айрилган. АЛЖИР эса фақат хотин-қизлар учун мўлжалланган қамоқхона бўлиб, у ерда “халқ душмани” тамғаси босилган эркакларнинг рафиқалари ва оналари тутқунликда ушланган, фарзандларидан ажратилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Е. А. Букетов номидаги Қарағанда университети ректори, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг мухбир аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Нурлан Дулатбековнинг таъкидлашича, бу музейлар тарихни нафақат ҳужжатларда, балки инсон қалбида сақлашга хизмат қилади. Улар ҳаёт ҳақиқатини гапиради. Қора кунлар, кечирилмас хато ва инсоний фожиаларни эсга солади. Бу музейлар ҳозирги авлодни ўтмишни унутмасликка, хатоларни такрорламасликка даъват этади. Улар хотира ва изтироб орқали адолат ва маърифат сари олиб борадиган кўприкдир.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

— XX асрнинг биринчи ярмидаги оммавий сиёсий қатағонлар инсоният тарихига тоталитар режимнинг ўз халқини қириб, яксон этиши сифатида кирган, — дея таъкидлайди Нурлан Дулатбеков. — Собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг давлатлар ва миллатлар ўз ўтмишларига мурожаат қилиб, қонли террорнинг оқибатларини таҳлил этишга интилди. Карлаг ҳақидаги ҳужжатлар кўп йиллар давомида махфийлик белгиси остида сақлаб келинган. Архивлар очилгач кўплаб шоҳидлар ўз хотираларини халққа тақдим қилишга киришди. Бу тарихий жараёнлар фақат мустабид тузум давридаги сиёсий қатағонларнинг фожиали саҳифаларини ёритиб қўйиш билан чегараланмай, янги илмий тамойиллар ва концепцияларнинг пайдо бўлишига ҳам ёрдам берди. Карлаг маҳбуслари нафақат Қозоғистон, балки бутун собиқ иттифоқ республикалари маданияти ва иқтисодиётида муҳим роль ўйнаган зиёлилардан тортиб машҳур шахсларгача бўлган кишилардир.

Ҳар бир экспонат — бегуноҳ қурбоннинг аччиқ тақдири

“Карлаг” ва “АЛЖИР” музейларига ташриф — бу шунчаки саёҳат эмас, балки қалбни титратувчи, тарихга юзланувчи руҳий сафар. Қамоқхоналар, сохта судлар, изтиробга тўла мактублар, темир панжара ортида қолган тақдирлар… Ҳар бир экспонат бегуноҳ қурбоннинг аччиқ тақдири ҳақида сўзлайди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

“Карлаг”даги қора деворлар, совуқ камералар, оғир меҳнатга маҳкум бўлган инсонларнинг иш қуроллари — буларнинг ҳар бири инсон қадри, эркинлик ва адолат поймол бўлишини янада теран англашга ёрдам беради.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

— Долинка қишлоғидаги сиёсий қатағон қурбонлари хотираси музейи (“Карлаг” музейи) 2001 йилда Карлаг тарихий ёдгорликларини тадқиқ қилиш ва сақлаш, Қозоғистон ҳудудида жойлашган мажбурий меҳнат лагерлари қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган, — дейди музей ходимаси Елена Пистина. — Ҳозирги кунда музей Карлагнинг собиқ бошқарув биносида жойлашган бўлиб, у 1933 — 1935 йилларда минглаб маҳбуслар томонидан қурилган. Биноларнинг умумий майдони — 3326,6 квадрат метр. Меҳмонлар эътиборига икки қаватда жойлашган “Қозоғистонда очарчилик”, “Карлагнинг ташкил топиш тарихи”, “Карлагнинг хўжалик фаолияти”, “Аёллар ва болалар”, “Халқларни депортация қилиш” ва бошқа мавзуларни қамраб олган 20 та экспозиция зали тақдим этилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музейнинг доимий экспозицияларидан сиёсий таъқиблар тарихи бўйича архив материаллари, хатлар, фотосуратлар, маҳбусларнинг шахсий ишлари ҳамда экспедиция давомида топилган иш қуроллари, маиший буюмлар жой олган. Коллекция таркибида лагерь маҳбуслари томонидан яратилган санъат асарлари ҳам бор.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музейнинг ертўла қисмидан тергов изолятори инсталляцияси — қамоқхона, эркаклар ва аёллар камераси, терговчи хоналари, қийноқхона ва бошқалар кишини маҳзун ўйга толдиради, тарихдан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу ерда маҳбусларни сақлаш шароитлари, сўроқ ўтказиш жараёнлари ва шахсий ишларни расмийлаштириш тартиби ҳам акс эттирилган. Тергов изолятори инсталляцияси қатағон қурбонлари, назоратчилар ва терговчиларнинг ҳайкаллари билан тўлдирилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музей илмий-маърифий фаолият билан ҳам шуғулланади. Бу ердаги Сиёсий таъқиблар тарихи бўйича илмий-тадқиқот марказида олимларнинг архив материаллари асосида тайёрлаган ишлари тақдим этилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музейда Карлагнинг собиқ маҳбуслари ва қатағонга учраганларнинг авлодлари билан учрашувлар мунтазам уюштирилади. Сиёсий таъқиблар ва очарчилик қурбонларини ёд этиш кунида конференциялар, учрашувлар, семинарлар ўтказилади. Экспозиция залларида Карлаг маҳбуслари ҳаётидан лавҳалар “жонланади”. Йил давомида музей фонди ва шахсий коллекциялардан олинган экспонатлардан иборат даврий кўргазмалар ўтказилади. Музей фондида тахминан 15 мингта экспонат мавжуд бўлиб, шуларнинг 6 мингдан зиёди асл тарихий буюмлардир. Асосий фонд учун етарлича бой ва турли материаллар тўпланган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Фотосуратлар ва ҳужжатлар музей экспозицияси ва фондларида алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки улар лагерь ҳаётидан гувоҳлик беради. Масалан, 1931 йилдаги “Путёвка” газетаси, 1932 йилда лотин алифбосида қозоқ тилида нашр этилган “Jana Jol” газетаси ҳамда маҳбусларнинг кундаликлари музейнинг нодир экспонатларидир.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бундан ташқари, музей фондида депортация қилинган рассомлар — П. И. Реченский, Л. П. Андреюк ва Л. Э. Гамбургернинг ноёб асарлари, 1920 — 1930 йиллардаги қозоқ халқининг маиший буюмлари, маҳбуслар томонидан тикилган чеварлик маҳсулотлари, ўша даврга тегишли мусиқа асбоблари, таъмирлаш-механика заводида маҳбуслар томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар, депортацияга учраган халқларнинг шахсий буюмлари ва бошқа кўплаб нодир экспонатлар сақланади.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музейга ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Нафақат қозоғистонликлар, балки яқин ва узоқ хориж фуқаролари ҳам музейга катта қизиқиш билдирмоқда.

Қисмати парчаланган аёллар

“АЛЖИР” музейида муҳаббатдан, оналикдан, ҳаётдан маҳрум этилган аёлларнинг аччиқ қисмати намоён. Бу машъум масканда турли йилларда 18 мингдан ортиқ аёллар қамоқда сақланган. Улар айбсиз эди. Бу мушфиқаларнинг бор-йўқ “айби” улар турмушга чиққан инсонлар ёки фарзандлари “халқ душмани” деб эълон қилингани эди, холос.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бу ерда қамоқда ўтирганлар орасида ўша даврдаги кўплаб давлат ва сиёсат арбобларининг оила аъзолари бор эди. Масалан, хоинликда айбланиб отиб ташланган маршал Михаил Тухачевский оиласига мансуб аёллар, ёзувчи Борис Пильнякнинг рафиқаси Кира Андроникашвили, ёзувчи Юрий Трифоновнинг онаси Евгения Лурье, давлат арбоби Турар Рискуловнинг умр йўлдоши Азиза Рискулова-Исенгулова, ёзувчи Бейимбет Майлиннинг рафиқаси Гулжамол Майлина, шунингдек, Булат Окуджава ва Майя Плисецкаянинг оналари “АЛЖИР” азобларини бошдан кечиришган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бу қамоқхонада ҳали ҳеч нарсани англаб етмаган норасида болалар ҳам тутқунликда ушланган. Музейда сақланаётган болалар оёқ кийимлари, норасида маҳбусларни тасвирловчи ҳайкалчалар ва улар ҳақидаги ёзувларни кўрган одам кўз ёшларини тийиши жуда қийин.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музей ходимаси Гаухар Ризалиеванинг таъкидлашича, “AЛЖИР” музей-мемориал мажмуаси — тоталитар тузум давридаги сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган тарихий маскан бўлиб, у кўр-кўрона олиб борилган зулм сиёсати нимага олиб келиши мумкинлигини аниқ намойиш этади.

Музей кесилган конус шаклидаги бино бўлиб, у ғам-андуҳни сақловчи ўзига хос қутига ўхшайди. Бинонинг ойналари йўқ, ёруғлик экспонатларга юқоридан тушади, гўё сирли пардани кўтаргандек. Музейга кириш ер ости йўлаги орқали амалга оширилади, унинг деворларида сиёсий таъқиблар давридаги тарихий воқеалар тасвирланган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Музей-мемориал мажмуаси бир нечта объектлардан иборат. “Сталин вагони” ёки “қизил вагон” — ҳибсга олинган ва сургун қилинганларни ташиш учун мўлжалланган. “Қайғу аркаси” ҳайкали рамзларга бой. Аркада акс этган сиймо ҳалок бўлган эри ва йўқотилган фарзандлари учун мотам тутаётган аёл тимсолидир. Бу ерга келувчилар аркадан ўтиш баробарида бош эгиши — фожиа йилларида ҳалок бўлганларнинг хотирасига ҳурмат билдириши, демакдир.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Мажмуа атрофида АЛЖИРда тутқунликда бўлган 62 миллатга мансуб аёлларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида хорижий давлатлар элчихоналари томонидан ўрнатилган ёдномалар мавжуд.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бундан ташқари, “Умидсизлик ва ожизлик” композицияси — озодлик йўлларининг йўқолиши, иложсизлик ва умидсизликни ифодалайди. “Кураш ва умид” композицияси — озодликни орзу қилувчи, қафасни парчалашни истаётган аёл тимсоли. У бу мақсадда шеърият, гўзаллик, ижодга мурожаат этган. “Кўз ёшлар” стеласи — лагерлар даҳшатини бошидан кечирган барча инсонларга бағишланган. Унда ГУЛАГ харитаси ва Қозоғистон ҳудудидаги 11 та Карлаг тизимига кирувчи лагерь номлари тасвирланган. Сим тўсиқ ортидаги аёл ва болаларнинг кўз ёшлари — АЛЖИР маҳбуслари ва уларнинг авлодлари тақдирининг фожиали рамзидир.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Барак — “ижтимоий жиҳатдан хавфли ва антисовет ҳаракатларга мойил” деб баҳоланган аёллар яшаган бино. Унда АЛЖИР маҳбусларидан болаларининг олиб қўйилиши саҳнаси акс этган диорама намоён қилинган. “Алаш боғи” 1,5 гектар майдонни эгаллайди. Ушбу ҳудудда лагерь маҳбуслари томонидан мевали боғ яратилган бўлиб, у бугунги кунда қайта тикланмоқда. Хотира деворида эса АЛЖИРда жазо муддатини ўтаган 7 мингдан ортиқ аёлларнинг исмлари ёзилган.

Бу музейга кирган инсон тарихни фақат кўрибгина қолмайди — уни бор вужуди билан ҳис қилади. Бу жой инсон виждонини уйғотади.

Ўтмиш билан суҳбат ва келажак олдидаги масъулият

“Карлаг” ва “АЛЖИР” музейларидаги ҳар бир қадам — ўтмиш билан суҳбат, ҳар бир кўз ёши — келажак учун сабоқ. Бу жойлар бизга тинчлик ва эркинлик осонгина келмагани, бугунги бахтли ҳаёт учун қанча инсонларнинг тақдири қурбон бўлганини эслатади.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бугун Ўзбекистонда тарихга юзланиб, тоталитаризмнинг қора саҳифалари очиб ташланмоқда. Ватанимиз истиқлоли, бугунги озод, тинч ва фаровон ҳаёт учун курашиб, азиз жонларини фидо этган, собиқ иттифоқ даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2021 — 2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейи мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб бориляпти.

Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, улар қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.

Зотан, истибдод даври тарихини билишимиз жуда муҳим. Тоталитар тузумнинг машъум жиноятлари, бутун халқлар бошига солган кулфатларни билган, тарихдан зарур хулоса чиқарган авлод эса эркинлик ва тинчлик қадрини теран англайди. Ўтмишга юз буриб, керакли сабоқ олган халқ бугунги кунини, келажак йўлини тўғри белгилаб олади. Тинчлик-тотувлик, мустақиллик, Ватан ор-номуси, ҳурлиги учун курашади, фаровон ва бахтли ҳаёт йўлида ишонч билан одимлайди.

Нурлан УСМОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тошкент — Остона — Қарағанда — Тошкент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?