«Telegram» орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган наркодўконнинг 5 нафар аъзоси ушланди

03:34 28 Июнь 2025 Жамият
272 0

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ижара асосида яшаб келаётган, «Telegram» мессенжери орқали гиёҳвандлик воситалари савдосини амалга оширувчи наркодўконнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, қўлга олинган шахслар 400 грамм «Альфа-ПВП» синтетик наркотик моддасини 0,3 граммдан қадоқлаган ҳолда Андижон вилоятидаги мижозларга етказиш мақсадида олиб кетаётганликлари маълум бўлган.

Шундан сўнг, қўлга олинган шахсларнинг кўрсатмаси асосида, улар томонидан Андижон вилоятидаги 53 та хуфия жойга жойлаштирилган ҳар бири 0,3 граммдан бўлган «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркодўкон оператори вазифасини бажарувчи, Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган шахс Янгиҳаёт тумани ҳудудида ушланиб, унга тегишли автомашинанинг юкхонаси ва салон қисмидан 986 грамм «гашиш» моддаси ҳамда 7 килограмм «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси олинган.

Маълум бўлишича, наркогуруҳ аъзолари мамлакатимизга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида сотиш билан шуғулланишган.

«Ҳозирда уларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер