Телебошловчи Рамина Ягафарованинг ўлими юзасидан прокуратура қайта ўрганиш бошлади

16:01 01 Июль 2024 Жамият
456 0

Архив фото

Бош прокуратура фуқаро Диана Иртуганова (Ягафарова)нинг марҳума журналист Рамина Ягафарованинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш натижаларидан норози эканлиги ҳақидаги ёзма ва видеомурожаатлари ўрганилаётганини маълум қилди.

2023 йил 13 сентябрь куни 31 ёшида Тошкентдаги хусусий клиникаларнинг бирида вафот этган «Дунё бўйлаб» телеканалининг «Своими глазами» кўрсатуви бошловчиси Рамина Ягафарованинг ўлими юзасидан марҳуманинг синглиси ва адвокат Шуҳрат Қаюмовнинг Чилонзор туман прокуратураси жиноий иш қўзғатишдан бош тортганини билдирган эди.

«Маълум қиламизки, 2023 йил 13 сентябрь куни журналист Рамина Ягафарова вафот этганлиги ҳолати юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг сўровига жавобан дастлабки маълумотлар асосида тайёрланган тезкор расмий изоҳ тақдим этилган.

Изоҳда 2023 йил 14 сентябрь кунги дастлабки тиббий маълумотномага асосланиб, «марҳуманинг ўлими дори-дармонларга аллергик реакция (левофлоксацин), мия ва ўпканинг ўткир шишиши, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, анафилактик шок оқибатида юзага келганлиги» кўрсатилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг 01.11.2023 йилдаги якуний хулосасида эса марҳума Р. Ягофарованинг ўлими-юқори нафас йўлларини қусуқ массалари билан беркилиши натижасида механик асфиксия-аспирацион синдромдан юз берганлиги қайд этилган.

Чилонзор тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш натижасига кўра, марҳума Р.Ягафарованинг вафот этганлиги ҳолатида жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ҳозирда Диана Иртуганованинг мурожаатларида келтирилган важлар асосида Чилонзор тумани прокуратураси томонидан қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори назорат тартибида ўрганилмоқда», дейилади хабарда.

«MittiVine» тахаллуси билан ижод қилиб келган таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси хусусий клиникаларнинг бирида вафот этганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?