Техникум ва коллежларда ўқув жараёни қачондан бошланади? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

17:56 19 Ноябрь 2020 Жамият
920 0

АОКАда бўлиб ўтган брифингда олий ва ўрта-махсус таълими вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев муҳим саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Техникум ва коллежларда ўқув жараёни қачондан бошланади?

Жавоб: Ўқув жараёнини бошлаш учун биринчи навбатда саралаш имтиҳонларини ўтказиш ва натижаларни эълон қилиш керак бўлади.

Натижалар эълон қилингандан сўнг ўқувчилар ўртасида ўқув йилини бошлаш ва таълим жараёнини анъанавий ёки масофавий ташкил этиш бўйича сўровнома ўтказилади.

Янги ўқув йилини анъанавий тарзда бошлашга тайёр бўлган коллеж ва техникумларда ўқув жараёнини бошлаш масаласини туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгаши муҳокамасидан ўтказилади.

Таълим муассасаларнинг тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ва сўровнома натижалари таҳлили асосида ўқув йилини бошлаш муддатлари белгиланади ҳамда қўшимча равишда эълон қилинади.

Савол: Университет қошидаги техникум бўлса, фақат ўша университетга топширадими ёки бошқа университетга ҳам йўналиши бўйича суҳбат билан қабул қилинадими?

Жавоб: Ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда Сиз ҳужжат топширган техникумга фақатгина тегишли олий таълим муассасалари эмас, ўқишга кирган йўналишига қараб бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имконияти мавжуд.

Бу бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқилади ва батафсил ахборот берилади.

Савол: Имтиҳонга узрли сабабларга кўра келолмаса, имтиҳондан четлатиладими?

Жавоб: Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берилмайди.

Савол: Нукус шаҳри тиббиёт коллежига ўқишга топширдим, ёшим 27 да. Мен коллежга кира олмасам, суперконтракт пулини тўлаб ўқисам бўладими?

Жавоб: Бу йилги қабул жараёнларидан келиб чиқиб, бу таклифлар ҳам албатта кўриб чиқилади.

Савол: Коллежларда кириш имтиҳонлари ташкил этиш харажатлари бюджетдан ташқари маблағ бўлмаганда ким томонидан қопланади?

Жавоб: Бундай ҳолатларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 715-сон қарорига мувофиқ саралаш имтиҳонлари харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Савол: 2017/2020 ўқув йилларида ўқишни имтиёзли диплом билан битирганлар учун имтиёз, университетга 2-курсдан йўлланма йўқми?

Жавоб: Техникумларни битирганлар учун олий таълим муассасаларига киришлари учун имтиёз 2020/2021 ўқув йилидан ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган (техникумларни) битирувчилар учун татбиқ этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?