Татаристон Республикаси Раиси Навоийда
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов Навоий вилоятига ташрифи буюрди. Мартабали меҳмон ташриф аввалида Кармана туманидаги Қосимшайх Азизон мажмуасида бўлиб, ушбу масканни зиёрат қилди. Навоий вилояти ҳокими ҳамроҳлигида Навоий машинасозлик заводининг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда мазкур завод маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикада етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Айни пайтда 3,5 минг нафар юқори малакали муҳандис-технолог, металлург, механик, конструктор ва бошқа касб эгалари меҳнат қилмоқда. Уларнинг заҳмати туфайли 15 минг турдан ортиқ маҳсулот, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз кончилик саноатининг барқарор ишлаши таъминланмоқда. Корхона цехларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёрланаётган маҳсулотлар ва уларнинг сифати бўйича мутахассислар билан суҳбатлашилди.

Татаристон Республикаси Раиси Навоий шаҳридаги «Гидро Станко Сервис» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур корхона ҳам мамлакатимиз тоғ-кон, металлургия, кимё, энергетика саноати учун машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган. Германия, Туркия, Италия ва Хитойдан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган корхонада 370 киши меҳнат қилади.
Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов ташрифининг навбатдаги манзили Навоий шаҳридаги «Uzbekistan hydrogen peroxide« МЧЖ ҚК бўлиб, меҳмонлар корхона томонидан амалга оширилаётган «Водород пероксиди» ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Шундан сўнг мартабали меҳмонлар Навбаҳор тумани касб-ҳунар мактабида бўлишди. Давлатимиз раҳбарининг Дуал таълимни жорий этиш учун касб-ҳунар мактабларининг бўш майдонларида корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш топшириғига биноан ушбу касб-ҳунар мактабида вилоятда намуна сифатида ўқитиш ва касб ўргатиш йўлга қуйилган. Маълумот ўрнида, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар мактабида 150 нафар ўқувчилар Дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилинади.
Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихановнинг Навоий вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг