“Ташаббусли бюджет”: Бирда – яхши, бирда – ёмон...

09:52 10 Сентябр 2025 Жамият
116 0

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси давлат ва жамият манфаатларини ўзаро уйғунлаштириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда фуқаролар фаоллиги ва иштирокини таъминлашга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир. Бу тажрибадан жаҳон ҳамжамияти унумли фойдаланиб, муштарак мақсад йўлида ўзаро ишончли шериклик, ҳамфикрлик ва ҳаммаслаклик таъминлаб келинмоқда. Юртимизда ҳам ушбу жараён тобора кенг қулоч ёзиб, ҳамюртларимизнинг қувончи, эътирозларига сабаб бўлмоқда. Лойиҳа доирасида ҳудудларда кўп йиллик орзулар ижобат бўлаётгани яхши, лекин бу борада турли ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳам кўп кузатилаётгани ёмон.

Айтайлик, жорий йилда ҳам Фарғона вилоятида мазкур жараёнга маҳалладошлар, устозлар, ота-оналар билан бирга, болалар ҳам фаол жалб этилди. Ҳар бир овоз учун кескин кураш кечиб, сўнгги кунларда битта овознинг нархи 50 минг сўмгача кўтарилди...

Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бу жараённинг энг қувонарли жиҳати, у ислоҳотлар жараёнидаги масъулият ва дахлдорлик туйғуси, дунёқарашимизни ўзгартирди. Лоқайдлик, эътиборсизлик иллатига барҳам бериб, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни қамраб олган лойиҳалар ижросида фаоллигимизни оширди.

Фарғона вилоятида ташаббусли бюджет лойиҳасининг 2025 йил иккинчи мавсуми учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 381 млрд 77 млн сўм маблағлар ажратилди. Лойиҳаларни шакллантириш учун таклиф бериш босқичида вилоятдаги 1 минг 63 та маҳалла фуқаролар йиғинлари тўлиқ иштирок этди. Лойиҳа ташаббускорларидан 1969 та таклиф келиб тушди. Таҳлиллар ўтказиш орқали ушбу таклифлардан 1 минг 697 таси қабул қилинди.

— Шу тариқа овоз бериш якунига кўра, вилоятдаги 236 та маҳаллада 274 та энг кўп овоз тўплаган умумий қиймати 381,7 млрд сўмлик лойиҳалар ғолиб бўлди, — дейди Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бошқармаси бош мутахассиси Беҳзоджон Қодиров. — Бу лойиҳалар асосан биноларни қуриш-таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ички йўллар, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш ҳамда мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, кўча чироқлари ўрнатиш, ичимлик суви ва оқава тизимини яхшилаш, маҳалла гузарларини таъмирлаш ва тиклаш билан боғлиқ ишларни қамраб олган.

Аҳолининг бу жараёнда фаол иштирок этиши маҳаллий бюджет маблағлари холис ва шаффоф ишлатилиши ҳамда аниқ мақсадлар сари йўналтирилишида муҳим аҳамиятга эга.

— Бир неча йиллардан буён электр таъминоти билан боғлиқ муаммолардан азият чекардик, — дейди Риштон туманидаги “Жаҳонобод” МФЙ раиси Холмурод Қўчқоров. —Шу боис мазкур лойиҳа ташаббусини илгари суриб, қарийб 5,5 мингта овоз билан 1,5 млрд сўм маблағ ютиб олдик. Энди маҳалланинг 10 га яқин ички кўчаларида электр таъминотини яхшилаш ва узлуксизлигига эришиш чоралари кўрилади.

Ёзёвон туманида ҳам ҳар бир маҳалла, ижтимоий соҳа муассасаларининг ўзига хос муаммолари борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, электр ва табиий газ таъминоти, таълим муассасалари фаолияти ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар шулар жумласига киради.

— Бу босқичда туманимиз аҳолиси жуда ҳам фаоллик кўрсатгани натижасида вилоятда энг кўп – 22 та лойиҳа ғолиб деб топилди, — дейди Ёзёвон тумани иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Сайфулло Мирзаев. — Бу яқин истиқболда қарийб 16 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишларини амалга ошириш имконини беради.

Бағдод туманида эса 17 та лойиҳа ғолиб дея эътироф этилиши туман аҳли учун катта байрамга айланди. Боиси ғолиблик имкони кўп йиллик муаммоларга барҳам берилишини англатади.

—“Ташаббусли бюджет” лойиҳалари яшаш шароитимиз яхшиланиши, маҳаллаларимиз обод бўлиши, тиббий хизмат маданияти юксалиши, янги авлоднинг рисоладагидек таълими олишида муҳим омил бўлмоқда,—дея суҳбатимизни давом эттиради Бағдод туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Дамирахон Юсупова.—Кейинги икки-уч йилнинг ўзида бир неча тиббиёт муассасалари таъмирланиши, маҳаллаларга асфальт ётқизилиб, кўча чироқлари ўрнатилгани, мактаблар учун қўшимча бинолар қурилгани қувонарли, албатта.

Мисол учун, сўнгги икки йил мобайнида Бағдод туманида 3 та МФЙда оилавий поликлинкалар биноси мукаммал таъмирланди, қўшимча бино қурилди ҳамда янги жиҳозлар олиб келинди. Шу билан бирга туман марказий шифохонасининг моддий-техник базаси яхшиланди.

Айтиш жоиз, жорий йилнинг 29 августида Президентимизнинг “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳаларни депутатлар ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш амалиёти ҳам жорий этилади.

—Бу қарор жараёнда кўзга ташланаётган баъзи камчиликларга барҳам бериш ва ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муаммоларни самарали ҳал этиш ҳамда бу борада сайловчилар олдидаги масъулиятни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади,—дейди халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Ҳомиджон Раҳимов.—Энг муҳими, бу орқали “Ташаббусли бюджет” тизими янада такомиллашиб боришига эришилади. Жараёндаги баъзи камчилик ва эътирозларга ҳам ўрин қолмайди.

Янги тартиб асосида эндиликда депутатлар “Очиқ бюджет” порталида саралашдан ўта олмаган, бироқ аҳоли учун муҳим бўлган ҳар бир мавсум учун битта, жами иккита лойиҳани ғолиб деб эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун депутатлар жойларда ўз сайловчилари билан учрашиб, ҳар йили 1 майгача ушбу мулоқотлар асосида шакллантирилган таклифларни ижро ҳокимияти органларига тақдим этади.

Шунингдек, келгуси йилдан лойиҳаларни молиялаштиришнинг яна бир янги модели ишга тушади. Шу асосда порталда депутатлар ташаббуси билан илгари сурилган алоҳида лойиҳа тоифаси жорий этилиб, ҳар бир депутат учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 8000 баробари миқдорида маблағ ажратилади. Агар лойиҳа қийматининг 50 фоизи аҳолининг ўз ҳиссаси ҳисобидан молиялаштирилса, қолган қисми республика бюджети ҳисобидан қопланади ва бундай лойиҳалар автоматик тарзда ғолиб деб эътироф этилади.

Шу билан бирга, “Очиқ бюджет” порталида барча ғолиб лойиҳалар бўйича интерактив харита жорий этилиб, рақамлаштириш орқали ошкоралик таъминланади. Лойиҳалар ижроси устидан депутатлик ва молиявий назорат ўрнатилади.

Якунда эса ижтимоий-иқтисодий масалаларга ажратилаётган маблағлар бевосита солиқ тўловчиларнинг таклиф ҳамда ташаббуслари асосида амалга оширилиб, шаҳар ва туман марказларидан тортиб, энг чекка маҳаллаларда ҳам халқимизнинг ҳаёт тарзи, дунёқарашини ўзгартириш имконияти яратилади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?