Ташаббус ҳамқишлоқлардан чиқди

11:37 18 Ноябрь 2024 Жамият
275 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Азимобод Олтиариқ туманидаги энг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган маҳалла бўлса-да, кейинги йилларда ҳар жиҳатдан ривожланиб, обод ва файзли масканга айланиб бораётгани эътиборга сазовор.

Айни пайтда Азимободдаги 1879 та оилада 6 минг аҳоли истиқомат қилади. Узумчилик ва сабзавотчилик маҳалла драйвери, бугунги кунда ҳудудда жаҳон бозорида харидоргир бўлган каврак етиштириш тобора оммалашиб бораётир. Азимобод вилоят, республика миқёсида самарали фаолият кўрсатиб келаётган маърифатпарвар зиёлилари, тадбиркорлари билан ҳам танилган.

— Олтиариқ тумани иккинчи сектори раҳбари, туман прокурори Рустамжон Тиллаев ҳамда ҳамқишлоқлар ташаббуси билан сўнгги йилларда Азимобод замонавий қулайликларга эга шаҳарчага айланиб бораётгани қувонарлидир, — дейди “Азимобод”МФЙ раиси Абдуғаффор Мираминов. — Эзгу ташаббуслар доирасида маҳалладаги 26-умумий ўрта таълим мактаби таъмирдан чиқарилди. 4,5 млрд. сўм маблағ эвазига 240 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб, бундан 45 йил олдин бунёд этилган боғчанинг қамров имконияти кенгайтирилди.

“Маҳалла еттилиги” учун керакли шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида 350 млн. сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан маҳалла биноси қайта таъмирланди. Эскириб кетган 16 та кичик, 2 та катта кўприклар янгидан қурилиши учун 400 млн. сўм ҳомийлик ёрдами жалб этилди.

Давлат маблағлари ҳисобидан 1 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1,5 км электр тармоқлари янгиланди. Қишлоқ аҳли “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 2,7 км ички йўлларни асфальт қилиш бўйича ғолиб бўлганди. Ҳомийлар кўмагида яна 1,3 км қўшилиб, 4 км ички йўллар асфальтлаштирилди. 2 км дала йўлига шағал ётқизилди.

Белгиланган юмушларнинг якунига етказилиши Азимободда катта тантана сифатида нишонланди. Шу куни 18 нафар кам таъминланган оила фарзандларига хатна тўйлари ўтказилиб, тўй болаларга эсдалик совғалари топширилди. Эстрада хонандалари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?