Тарихий шахсларнинг қизиқарли диалоглари

22:51 01 Апрель 2022 Маданият
2261 0

Фото: Иллюстратив фото

Вольтер

Француз ёзувчиси ва файласуфи Вольтер бир руҳоний унинг меҳмондўстлигидан фойдаланиб уйига тез-тез ташриф буюришидан безиб кетади ва кунлардан бир кун шундай дейди:

— Сиз билан Дон Кихотнинг фарқингиз нимада, биласизми? Дон Кихот ҳар бир карвонсаройни сарой деб ҳисобларди, сиз эса ҳар бир саройни карвонсарой деб ўйлайсиз.

Жорж ВАШИНГТОН

АҚШнинг биринчи президенти Вашингтон кунларнинг бирида Жоржия штатидаги кичик бир қишлоққа саёҳат қилади. У қишлоқдаги бир ресторанга киради ва учта тухум пиширтиради, тановулдан кейин:

— Қанча беришим керак? — дея сўрайди.

— Юз доллар, — дея жавоб беради ресторан эгаси.

Нарх жуда қиммат эканлигидан ҳайрон бўлган Вашингтон:

— Сизнинг ҳудудингизда тухум камдан-кам учрайдиган нарса шекилли, — дейди.

Ресторан соҳиби эса:

— Йўқ, жаноб, тухум кўп. Бироқ, Президент бу ерларда камдан-кам учрайдиган одам, — дея жавоб қайтаради.

Волфганг Амадей МОЦАРТ

Ижодий кечаларнинг бирида бир ёш бастакор машҳур немис бастакори Моцартдан:

— Симфония қандай ёзилади? — дея сўрайди.

Моцарт:

— Сиз ҳали ёшсиз, баллада ёзишдан бошласангиз яхши бўларди, — дея жавоб беради.

Йигит унинг сўзларига эътироз билдириб:

— Сиз, ўзингиз симфония ёзишни ўн ёшга тўлмасданоқ бошламадингизми ахир? — дейди.

Бастакор:

— Тўғри... Лекин мен симфония қандай ёзилишини бошқа бировдан сўрамаганман, — дея гапини якунлайди.

Александр ДЮМА

Александр Дюма касал бўлганида унинг олдига келган шифокор:

— Аҳволингиз оғир, ҳар қандай бахтсиз ҳодисага тайёр туринг. Ушбу кунларда учрашишни истаган инсонингиз борми? — дея сўрайди.

Дюма бу савол устида бироз ўйлайди ва:

— Албатта, — дея жавоб беради.

— Ким билан учрашишни истайсиз? — яна сўрайди шифокор.

— Бошқа шифокор билан... — жавоб беради у.

Алберт ЭЙНШТEЙН

Алберт Эйнштейн жуда тартибсиз ва хаёлпараст одам бўлган. Бир куни чуқур ўйга чўмган чоғида дўстларидан бирини учратиб қолади:

— Дўстим, кечқурун бизникига меҳмонга кел, профессор Стимсон ҳам бизникига келяпти.

— Стимсон, ахир менманку, — дея жавоб беради ҳайрон қолган дўсти. Олим эса:

— Бу муҳиммас. Қандай бўлмасин келишинг шарт, — деб туриб олади.

Суқрот

Қадимги юнон файласуфи Суқрот ўлимга ҳукм қилинганини совуққонлик билан қаршилайди. Заҳар тўла косани оғзига олиб келишганида хотини баланд овозда:

— Эрим бегуноҳ ҳалок бўляпти, — дея йиғлайди.

Шу пайт Суқрот:

— Нима, сен эрингни гуноҳкор каби ўлишини истайсанми? — дея кинояли жавоб қайтаради.

Николай Константинович МИХАЙЛОВСКИЙ

Таҳририятга келган ўзидан кўнгли тўқ шоирлардан бири асарлари танқидчи ва муҳаррир Михайловский томонидан рад этилганини эшитиб:

— Бу тарихий хатодир, одамлар менинг асарларимни Толстой унутилганидан кейин ҳам ўқийди, — дея шовқин-сурон кўтаради.

Михайловский эса жилмайиб:

— Бўлиши мумкин, аммо асарларингизни Толстой унутилмай туриб ҳеч ким ўқимаслиги аниқ, — дея жавоб беради.

Насриддин ШОҲ

Гажарлар сулоласидан бўлган Эрон ҳукмдори шеърлар ёзган экан. Маълумотларга кўра, шеърларидан ҳатто битта девон ҳам тузишга муваффақ бўлган. Бир куни у сарой шоирини шеърларини ўқитиб фикрини билиш учун ёнига чақириб:

— Шеърларимни танқид қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг. Танқидингиз менга ёқмаслиги мумкин ва бунинг учун сизни қаттиқ жазолашим мумкин. Шундай экан, агар бирор шеъримнинг заиф томонларини кўрсатмоқчи бўлсангиз унга бармоғингизни қўйиб ишора қилинг, — дея таъкидлайди.

Шоир подшоҳнинг эслатмасини инобатга олиб девонни ўқиб чиқади, сўнг китобни ёпади ва бармоғини китобнинг устига қўяди.

Тўпловчи ва таржимон Раҳмат БОБОЖОН.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер