Тарих давомида ўнлаб цивилизациялар тўқнашган манзил

20:52 19 Июнь 2023 Дунё
1493 0

Архив сурат

Тарих давомида ўнлаб цивилизацияларга мезбонлик қилган, унинг изларини бугунги кунга қадар асраб-авайлаган ва ўз зиёратчиларига тақдим этиб келаётган Анталияда кўришингиз керак бўлган ўнлаб тарихий мерослар мавжуд. Қуйида улар билан батафсил танишамиз.

Калеичи

Калеичи — Анталиянинг шаҳар марказида жойлашган ва бутик меҳмонхоналар, тарихий асарлар, музейлар, махсус лойиҳа асосида қурилган дўконлар, замонавий кафе ва ресторанларга эга бўлган Калеичининг ичи ва ташқариси тақасимон деворлар билан ўралган.

Деворлар Рим, Византия, Салжуқийлар ва Усмонийлар даврларининг қўшма асари деб ҳисобланади. Деворлари орасида томи сопол плиткалар билан қопланган 3000 тага яқин уй бор. Девордан ташқаридаги Калеичи меъморчилигида Усмонли меъморчилигининг излари сақланган. Уйларнинг ўзига хос тузилмалари нафақат Анталиянинг архитектура тарихи ҳақида тасаввур беради, балки минтақанинг турмуш тарзи, анъаналари ва урф-одатларини ёрқин акс эттиради.

Калеичига Ҳадриан дарвозаси орқали кириш мумкин. Бу Анталиядаги энг яхши сақланиб қолган тарихий бинолардан биридир. Рим асари саналган ушбу дарвоза милодий 130 йилда Рим императори Ҳадриан томонидан қурилган.

Калеичидаги энг муҳим асарлардан бири Йивли минора мажмуасидир. Мажмуадаги асосий иншоотлар қуйидагилардир: Йивли минораси, Йивли масжиди, Ғиёсиддин Кайҳусрав мадрасаси, Салжуқий мадрасаси, Мавлавийхона, Зенжиркиран мақбараси ва Нигар Хотун мақбараси. Йивли минораси Анталиядаги биринчи исломий иншоотлардан бири ҳисобланади. У VIII асрга оид салжуқий асаридир.

Калеичининг жанубида тарихий кема порти жойлашган. Хавфсиз кўрфазда жойлашган портга ўнлаб круиз қайиқлари лангар ташлаган ҳолда саёҳатчилар хизматига мунтазир. Атрофдаги қояларни ва шаршараларни кўриш учун ушбу қайиқлар билан ҳар куни саёҳат қилиш мумкин.

Перге

Перге — Анталия шаҳар марказидан 18 км шарқда жойлашган. Аксу (Кestros) дарёси қадимда шаҳарнинг географик жойлашувини жуда қимматли қилган унсурлардан бири эди. Айни вақтда, шаҳардаги қишлоқ хўжалигининг тириклик манбаи ҳам эди. Қадимий шаҳарда олиб борилган қазишмалар натижасида қўлга киритилган ноёб асарлар Анталия музейида намойиш этилмоқда.

Термессос

Термессос — Анталиядан 30 км шимоли-ғарбда жойлашган Термессос Туркиянинг энг яхши сақланиб қолган қадимий шаҳарларидан биридир. Шаҳар гўзал табиати ва тарихий обидалари туфайли Миллий боғлар таркибига киритилган. Буюк Искандар қамалига қарши Термессосликларнинг кучли мудофааси билан танилган шаҳар, Писидия ҳудудидаги Миляс деб номланган қисмида жойлашган. Византия даври ва ундан кейинги даврга оид манбаларда шаҳар ҳақида ҳеч қандай маълумот учратишнинг имкони йўқ.

Фаселис

Фаселис — Кемердан 18 километр, Анталиядан 58 километр жануби-ғарбда жойлашган Фаселис (Phaselis) қадимий шаҳрига милоддан аввалги VII асрда Родезия мустамлакачилари томонидан асос солинган. Шаҳарнинг географик жойлашуви унинг муҳим порт шаҳри бўлганлигини кўрсатади. Шаҳар бири ярим оролнинг шимолида, иккинчиси шимоли-шарқда ва учинчиси жануби-ғарбий соҳилда жойлашган учта портга эга.

Олимпос

Олимпос — Анталиянинг жанубий қирғоғида жойлашган Фаселисдан кейинги иккинчи муҳим порт шаҳарларидан бири. Анталия шаҳар марказидан 85 километр, Кемер тумани марказидан эса 45 километр жануби-ғарбда жойлашган. Шаҳар ўз номини Торос тоғларининг ғарбий йўналишларидан бири бўлган, шимолдан 16 километр узоқликда бўлган 2375 метр баландликдаги Тахтали тоғидан олган. Бейдағлари — Олимпос миллий боғи чегараларида жойлашган. Шаҳарнинг аниқ ташкил этилган санаси номаълум.

Мира

Мира — Анталия шаҳар марказининг 200 км жануби-ғарбида, Кашнинг эса, 45 км жануби-шарқида жойлашган Мира тарихий шаҳри ҳозирги Демре тумани чегаралари ичида худди шу номдаги текисликда қурилган. Мира қадимий шаҳри, айниқса, Ликия даври қоятош қабрлари, Рим даври театри ва Византия давридаги азиз Николай черкови билан машҳур.

Симена

Симена — Каш ва Демре туманлари орасида жойлашган, Анталиядан 195 км жануби-ғарбида бўлган қадимги Симена, ҳозирда Калекўй номи билан танилган, Ликиянинг қирғоғидаги кичик шаҳарча эди. Ушбу шаҳарча эрамиздан аввалги IV асрдан бери яшаб келаётган стратегик нуқта бўлган. Бу хусусиятни энг ёрқин акс эттирувчи хароба бугунги кунгача сақланиб қолган. Қалъадан Кекова ва унинг атрофидаги энг мукаммал манзараларни томоша қилиш мумкин.

Ариканда

Ариканда — Финике шаҳар марказидан 30 километр шимолда ва Анталия шаҳар марказидан 140 километр жануби-ғарбда жойлашган қадимий Ариканда шаҳрининг номи Ликия тилида Ary-ka-wanda бўлиб, “баланд қоя ёнидаги жой” деган маънони англатади. Шаҳар номининг филология нуқтайи назаридан Онадўли тилини акс эттириши Ариканданинг минтақадаги энг қадимги шаҳарлардан бири эканлигидан далолат беради.

Патара

Патара — Кашнинг тахминан 40 км ғарбида, Анталия шаҳар марказидан тахминан 200 км ғарбда, Хантҳос водийсининг жануби-ғарбий учида жойлашган Патара антик шаҳри Ликиянинг энг муҳим ва энг қадимги шаҳарларидан биридир. 1988 йилдан бери қазиш ишлари олиб борилаётган қадимий Патара шаҳри, археологик ва тарихий қадриятлари билан катта аҳамиятга эга, шунингдек, Ўрта Ер денгизи тошбақалари бўлган “Caretta-Caretta”ларнинг миллионлаб йиллар давомида тухум қўйиб кўпайган ноёб соҳилларга эгалик қилиши муҳим аҳамият касб этади.

Аспендос

Аспендос — Анталия шаҳар марказидан тахминан 45 км шарқда жойлашган Аспендос нафақат Онадўлида, балки бутун Ўрта Ер денгизи дунёсида энг яхши сақланиб қолган Рим театри билан машҳур. Шаҳар минтақадаги энг йирик дарёлардан бири бўлган Кўпручай (қадимги Eurymedon) яқинидаги тепалик текислигида қурилган. Шаҳарга тегишли бошқа биноларнинг қолдиқлари театр суянган тепаликдаги текисликда жойлашган. Шаҳарнинг гуллаган даври, шубҳасиз, машҳур театр ва сув йўллари қурилган Рим Императорлик давридир.

Сиде

Сиде — Антик даврда Памфилиянинг энг муҳим порт шаҳри бўлган Сиде, Анталиядан 80 километр шарқда ва Манавгатдан 7 километр жануби-ғарбда жойлашган, кенглиги 350-400 метр бўлган ярим оролда барпо этилган. Сиде милоддан аввалги VII асрда аҳоли пунктига айланди. Милоддан аввалги VI асрда у бутун Памфилия ва Лидия қироллигининг ҳукмронлиги остига ўтди. Буюк Искандар ҳукмронлиги остида бир мунча вақт мавжуд бўлган шаҳар, Искандар вафотидан кейин Эллинистик давр подшоҳликлари ўртасида қўлдан қўлга ўтган. Шаҳар кейинги даврларда Пергамон қироллиги, Рим ва Шарқий Рим империяси тасарруфида бўлган.

Алания қалъаси

Алания қалъаси — Алания шаҳри марказида жойлашган, денгиз ва қуруқликдан етиб борилиши қийин бўлган табиий ҳимояланганлиги туфайли тарихдан ҳозирги кунгача сақланиб қолган. У Онадўлини безаб турган юзлаб қалъалардан бугунгача етиб келган ўрта асрга оид қалъаларидан биридир. Қалъа 6,5 километр узунликдаги деворлари, 140 дан ошиқ миноралари, 400 га яқин сардобалари, муҳташам, ёзувли ва безакли дарвозалари билан очиқ осмон остидаги музейнинг ўзгинасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер