Тарих билан юзма-юз
Темурийлар тарихи давлат музейи. Маданият маскани эшигидан кирар экансиз, зал шифтига ўрнатилган муҳташам қандил нурлари атрофдаги суратлар ва экспонатларга ажиб бир гўзаллик, сирлилик бахш этаётганини ҳис қиласиз.
Aмир Темур давлатининг ҳудуди акс этган харита атрофида томошабинлар гавжум. Кўзлари юлдуздек чақнаётган ёшларнинг таассуротлари бир олам. Улар бу ерга келиб, гўё тарих билан юзма-юз бўлишди.
Ёшларга ана шундай имкониятни музейда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган очиқ эшиклар куни туҳфа этди.
Тадбир доирасида ташкил этилган экскурциялар одатий бўлмай, муайян мавзуларга бағишланди. Экспонатлар билан таништирувлар нафақат ўзбек, балки инглиз ва рус тилларида олиб борилди. Томошабинлар экскурция асносида буюк Соҳибқирон бобомизнинг буюк салтанатни барпо этиши, ҳарбий юришлари аҳамияти, бу зотнинг нотиқлик ва дипломатлик фазилатлари, фан, таълим ва маданият ривожига ҳомийлик қилгани, темурийлар тангалари ҳақида қизиқарли маълумотларни билиб олдилар.
— Очиқ эшиклар куни кўтаринки руҳда ўтди, — дейди Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими Шаҳноза Миралиева. — Ушбу тадбирдан мақсад Aмир Темур ва темурийлар даврига оид ноёб экспонатларни тарғиб қилиш асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбига миллий истиқлол ғоясини сингдиришдан иборат.
Маданият масканини тарк этар эканмиз, бугунги кунда вақтини ҳуда-беҳуда юмушларга сарфлаётган айрим ёшлар музейларга саёҳат қилишни одатга айлантиришини хоҳладик. Зеро, бу масканларда тарихдан тилсиз сўзловчи нодир ашёлар уларни сирли оламга олиб кириши шубҳасиз.
Фарангиз ХЎЖАҚУЛОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг