Тарбия табиатини танлаш мезони ёхуд физиология фани ҳақида

Мамлакатимиз тараққиётида илм-фаннинг ўрни доимий равишда улкан ва залворли, энг асосийси, илмий изланиш натижаларининг шаффоф ҳамда жозибадор бўлиши билан муҳим аҳамият касб этиб келган. Сир эмас, илм-фан қонуниятлари табиатан инсоннинг ўз атрофида содир бўлади, унинг қобилияти ва салоҳияти табиатан доимий ҳаракатда бўлади, аста-аста илму фанга шахс шаклланиши: ирсият, муҳит ва эътиқодли амалий ахлоқи билан узлуксиз қизиқа боради. Бу қизиқишнинг илк даврлари, албатта, инсоннинг ўзини бошқара олиши – турли жисмоний ҳаракатлари билан такомиллаша боради. Шахснинг босқичли англашлари эса табиий ҳолатда “тил” ҳамда “математика”ни ўрганиш эҳтиёжи болажонларда илдиз ота боради ҳамда ушбу босқичлар оила, таълим ташкилотлари тизимида кенгайиб кетаверади. Лекин, бу жараённи илмий тушуниб бориш ҳеч қачон зарар келтирмайдиган иш эканлигини тушуниш жуда муҳим таъсир этувчи омил сифатида инсон онги – физиологик ўзгаришлар, аниқроқ айтганда, табиий такомиллашувларга боғланган ҳолда маънавий-маърифий ривожлана боради. Умуман олганда, шахс шаклланишида илму-фан бир томондан жуда содда, иккинчи томондан таъсир этувчилар ҳаракати билан онгли равишда мураккаблаштирилади.
Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг биология ва экология факультети, Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедрасининг профессори, биология фанлари доктори Б. Зарипов ва кафедра доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Г.Б. Ахмедова томонидан ёзилган “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслигининг моҳияти ҳамда мазмунига оддий ўқувчиси сифатида ўз фикр ва мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик.
Назаримизда, дарслик, ёки бошқа ўқув адабиётлари билан танишиш жараёни биринчи навбатда унинг мундарижасидан бошланади. Бугун ҳам биолог олимларнинг ёзган дарслиги билан танишишни айнан мундарижасидан бошлашни ният қилдик. Боиси, ушбу дарсликнинг мазмуни, аҳамияти, илмийлиги ва фойдаланиш сифати, асослилик даражаси, долзарблиги бўйича мазкур соҳанинг етук мутахассислари ўзларининг фикрларини билдиришади.
Фикримизча, мундарижа ҳар қандай асар – ўқув адабиётининг моҳияти ва зарурияти, қолаверса, дарслик муаллифларининг заҳматли меҳнатини кўп ҳолларда исбот қилиб бера олади, илмий манбаларни ўқувчилар манфаати билан уйғунлаштира олади. Агарки, мундарижа мазмуни ҳам бир мураккаб, тушунарсиз ва ўқилиши қийин бўлган жумлалардан иборат бўлиб, ўқув адабиёти моҳияти, мазмуни билан уйғунлашмаса, кўп ҳолларда уни ўқиш зерикарли, тўғриси, таъсирсиз “сўз”лар жамламасидан иборат бўлади.
Аммо, кенг жамоатчиликка мутолаа учун таклиф этилаётган дарслик мазмунига бир эътибор қаратинг!
Дарслик ҳажми 660-бетдан иборат. Унда сўзбоши, кириш, 16 та боб белгилаб берилган. Айнан, дарсликдаги боблар кетма-кетлиги ва ўқилишига эътибор қаратсак, мундарижа билан танишишнинг ўзи ўқувчини маълум бир тушунчаларга, мантиқий фикрлашларга олиб келади. Дарслик одам ва ҳайвонлар физиологиясига киришдан бошланиб, қўзғалувчан тўқималар физиологияси, мушакларнинг тузилиши ва функциялари – мушаклар физиологияси, нерв тизимининг умумий физиологияси, нерв тизимининг хусусий физиологияси, сенсор тизими физиологияси, олий нерв фаолияти физиологияси, эндокрин тизим физиологияси, қон тизимининг физиологияси, юрак физиологияси, қон томир тизими физиологияси – гемодинамика ва лимфа айланишининг тартиби, нафас олиш физиологияси, айирув физиологияси, ҳазм физиологияси, метаболизм ва энергия алмашинуви физиологияси асослари ҳамда репродуктив тизим физиологияси номлари билан боғлиқ бобларга ажратилган. Дарслик мазмунини ташкил этган мавзулар сони 420 тани ташкил этади. Шунингдек, 16 та бобнинг ҳар бирида замон талабларидан келиб чиқиб, боб юзасидан тест, савол ва топшириқлар берилган. Дарсликда берилган қисқартмалар рўйхати, вазиятни масалалар жавоблари, глоссарий ҳамда адабиётлар рўйхатининг берилиши яхлит илмий ва амалий билимларни ўрганиш ҳамда амалда синаб кўриш, асосийси, ўз-ўзини назорат қилиш воситалари билан бир бутун ҳолда мужассамлашган.
Мутахассис бўлмаган ўқувчини ушбу дарсликнинг мундарижасида берилган мавзулар ўзига жалб қилади ҳамда беихтиёр ўша мавзуни ўқишга чорлайди. Айнан, менга дарслик мундарижасидаги “сенсор тизим физиологияси” боби ва ундаги 27 та мавзуни жиддий ўрганишга жалб қилди, балким педагог бўлганлигим учун бу қизиқиш пайдо бўлгандир. “Сенсор тизимлар тана ички муҳитидан ва атрофдаги муҳитдан келадиган ахборотни қабул қилиб, таниб, таҳлил қилиб, ушбу ахборот асосида адаптив хатти-ҳаракатлар шакллантиради”, деб баён этилган ҳамда “ушбу жараёнларни ўрганадиган физиология соҳаси “сезги физиологияси” деб аталади дейилган. Шу мазмуннинг ўзи физиологиянинг табиат ва ижтимоий ҳаётнинг яққол етакчи соҳаси дейишимизга ҳамда бу соҳани оддий масъулият билан ҳар бир шахснинг ижодий ўрганиш зарурияти бўлиши шарт, деган хулосага етаклади.
Дарвоқе, ўқувчи сифатида фикр юритсак, шахснинг шаклланишидаги етакчи устувор талаблар физиология фани томонидан ўзлаштирилган қонун-қоидаларга асосланади. Шу сабаб шахснинг секинлик билан биологик ривожланиши физиология фанини ҳар жиҳатдан ўрганиш ва унинг амалий татбиқларини англаган ҳолда шахсда шаклланиб боришини тушунган ҳолда кузатиб бориш, ишонч ҳосил қилиш, унинг ўзгаришларини ҳужжатлаштириш ҳамда маълум йўналишларга асосланган амалиёт – касб-ҳунар ўрганишнинг бош бўғини десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Зеро, дарсликнинг бу каби чуқур илдизлари юксак илмий маданият ва билимни талаб этади.
Биз инсонлар асосий восита – китоб ўқиб-ўрганиш учун фақат ва фақат ёзма манбаларга кўп ҳолларда ишонч ҳосил қилмаймиз-да, аниқроғи, бу ҳолатга кўпам эътибор қилмаймиз. Аммо, таълим тарихидан ҳам маълумки, барча илмий янгилик ва ўзгаришларни ўзида сақлаб келаётган манбалар, ёзма ёки босма китоблар асосида ечиб борилади. Ана шунга оид талабчанлик бизда бироз сусайиши оқибатида илмий изланишларимиз анчайин амалиётдан узоқлашиб қолгандек, кўринарди. Бу дарсликда эса, китобга ишониш каби ҳолатларнинг мукаммал тартибга келтирилганлигига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Жумладан, дарсликда, физиология – табиат ва таълимот деган маънони бериши, ва ундаги дастлабки даража – бу ҳужайра, чунки ҳаёт ҳужайрадан бошланиши, физиологик тадқиқотлар, айниқса, замонавий тиббиётда жуда муҳим, айтиш мумкинки, тиббиёт ва ветеринариянинг асоси, “мияси” ҳисобланиши батафсил ёритилади.
Физиология фани тарихига оид милоддан аввалги 6-5 асрларда пайдо бўлган ва ўша даврнинг юнон тиббиёти ва табиат фалсафаси билан бевосита боғлиқлиги ҳақида асосли фикрлар билдирилади. Зотан, чин тарихий ҳақиқатлардан келиб чиқиб, фикр юритадиган бўлсак, қадимги физиология тарихи учта даврга ажратилишига аниқлик киритилади. Булар, биринчи даври Гиппократ (милоддан аввалги 460-377 йиллар) тиббиёт мактаби билан, иккинчи даври Аристотел (милоддан аввалги 384-322 йил) асарлари билан боғлиқлиги баён этилади. Ўрта асрнинг атоқли олими Ибн Сино (980-1037 йил)нинг “Тиб қонунлари” асари ўша давр физиологияси учун муҳим бир асос бўлганлиги айтиб ўтилади. Шундан сўнг, физиология фанига оид илмий изланишлар борасида бажарилган йирик салоҳиятга эга тадқиқотларни олиб борган олимлардан мисоллар келтирилади.
Бунда 1978 йилларда Б.Зариповнинг илмий изланишлари ва унинг натижалари ҳақида фикр билдирилади ҳамда А.Юнусов, А.Содиқов, Х.Хайриддинов, У.Қодиров, Е.Махмудов, К.Рахимов, О.Алавия, З.Турсунов, М.Мирзакаримова, В.Хожиматов, Р.Ахмедовлар ҳақида далиллар келтириб ўтилади. Айтиш мумкинки, фан тарихи қисман ёритилган, мазкур жиҳатга жиддий нуқтаи назардан эътибор қаратадиган бўлсак, фанни ўқитишда унинг асосини ўрганиш, кейинчалик бошқа фанларни бир бирига уйғунлаштириб ўзлаштириш – оқибатда инсонни ҳаётга тайёрлашга олиб келишдан иборат бўлиши мантиқий боғланади.
Ҳаётга тайёрлаш ва тайёрланиш биология фани, унинг асосий бошланғич қисми физиология бўлса, бу – табиат ва унга мослашиш учун таъсир этадиган фанлиги учун мукаммал ўрганиш зарур бўлади. Чунончи, инсоннинг касб-ҳунарга қизиқиш табиатан яшаш билан ечилади, яшаш эса биологик манфаат билан ҳаракатга келиши физика, кимё ва математика фанлари қонун қоидаларини мукаммаллик билан ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, айни ҳақиқат – муҳандислик қобилиятини намоён этиш билан ечиладиган жараёнлиги яққол кўринади. Ҳаётдан шахсларнинг ўрин топиши ўзи бир муҳандислик, унда яшаш эса фанларни маданият билан ўрганиш демак.
Хусусан, дарсликда одам ва ҳайвонлар организмининг физиологик жараёнлари мукаммал таҳлил этилган бўлиб, мавзулар оддий тилда, илмий изчиллик асосида ёритилган. Ҳар бир бобда назарий билимлар билан бир қаторда амалий ва лаборатория машғулотлари учун методик кўрсатмалар ҳам берилганлиги ўқувчилар учун жуда катта имкониятларни келтириб чиқаради. Бу ўз навбатида, нафақат билимларни эгаллаш, балки амалий кўникмалар, замонавий малакаларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Муаллифлар фаннинг асосий тушунчаларини аниқ-равшан, равон ва содда баён этади, уни ўқувчи онгига сингдиришда педагогик маҳоратларини кўрсатган. Айниқса, замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштирилган маълумотлар, интерактив савол-жавоблар, жадвал ва схемалар дарсликнинг ўқувчанлигини оширган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тайёрланган дарслик нафақат олий таълим ташкилотлари талабалари учун, балки мустақил ўрганишни истаган ёш изланувчилар учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Ўзбек тилидаги физиология фанига оид сифатли адабиётлар сони ва сифат жиҳатдан кўп эмаслиги учун ҳам бу дарслик ўз вақтида ёзилган дарслик ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, шу жойда айтиш мумкинки, “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслиги – илм-фанга, таълим жараёнига муносиб ҳисса қўшган асар ҳисобланади. Яна бир бор мамнуният билан айтиш мумкинки, мамлакат ёшлари учун бундай дарсликларнинг бўлиши – билимга чанқоқлик, маънавиятга муҳаббат ва касб-ҳунарга садоқат мезони сифатида етакловчи кўрсаткич бўлади. Бугунги тезкор ҳаётда узлуксиз таълим жараёнида оддий ўқувчидан тортиб, юқори босқич талабасигача илмни чуқурроқ англашга, уни амалиёт билан боғлай олишга эҳтиёж сезилаётгани яққол кўриниб қолмоқда. Айниқса, табиий фанлар ичида инсон ва тирик организмларнинг фаолиятини тушунтирувчи физиология фанига бўлган талаб йилдан-йилга ортаётганлиги соҳанинг ривожи ва унга бўлаётган талаб билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, Б. Зарипов ва Г.Б.Ахмедова томонидан тайёрланган “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслиги нафақат педагогик, балки илмий ижодий ёндашув нуқтаи назаридан ҳам эътиборга лойиқ дарсликдир.
Қайсики, “Одам” – тафаккурга, туйғуга, ижтимоий онг ва онгли ҳаракатга эга мавжудот. Бу атама қадимдан инсониятни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлар асосида шаклланган. “Ҳайвон” эса, аксинча, сезги, ҳаракат ва инстинктлар билан бошқарилувчи, бироқ ҳали онг даражасига етмаган мавжудотларни ифодалайди. Бу икки тушунча орасидаги физиологик тафовутларни илмий асосда ўрганиш эса бевосита физиология фанининг вазифасидир. “Физиология” организмда содир бўладиган барча биологик жараёнларни ўрганади. Бу юрак уришидан тортиб, асаб сигналлари, нафас олиш, ҳазм қилиш, ҳатто ҳиссиётларнинг ва тафаккурнинг пайдо бўлишигача бўлган мураккаб жараёнларни ўз ичига олади. Дарсликнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслиги айнан ана шу мураккаб “одам”, “ҳайвон” ва “физиология” тушунчаларини содда, тизимли ва босқичма-босқич ёндашув асосида тушунтириб беради. Дарслик дизайни, мавзулар тартиби, амалий масалаларнинг жойлашуви ўқувчи эҳтиёжларига замонавий талаблар асосида мосланган. Энг муҳими – матн тили ҳаддан ташқари мураккаб илмий иборалар билан эмас, балки равон, тушунарли услубда ёзилган. Натижада бу дарсликни ҳар бир ўқувчи, ҳаттоки, умумий қизиқишга эга китобхон ҳам қизиқиб ўқий олади. Китобда нафақат билим, балки лабораториялар, ҳайвонлар устида ўтказиладиган кузатувлар ва инсон саломатлиги билан боғлиқ кўплаб амалий мисоллар келтирилган. Шу боисдан дарсликни нафақат олий ўқув юртлари талабалари, балки педагоглар, биология фани ўқитувчилари ҳам фаолиятида бемалол фойдаланиши мумкин.
Илм-фан остонасидаги ҳис ва ҳайрат уйғотувчи ёндашув дарсликда фаннинг қатъий татбиқий қоидалар билан эмас, балки ҳаётий мисоллар билан изоҳланади. Ўқувчи дарсликни ўрганаётганда ўз танасини, юрагининг қандай уришини, нафасининг қандай бошқарилишини тушунади. Бу эса фан билан шахсий ҳаёт ўртасида кўприк пайдо қилади – айнан шу жиҳати билан дарслик ўқувчида узоқ муддатли таассурот қолдиради.
Зарипов Б. ва Ахмедова Г.Б. муаллифлигидаги “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслиги нафақат педагогик эҳтиёж, балки илмга муҳаббат, ҳаётга илмий нигоҳ билан қарашни шакллантиришга хизмат қилувчи ноёб ўқув адабиёти десак, муболаға бўлмайди. Фан ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқлик, таҳлил ва мисоллардаги ҳаётийлик ушбу дарсликни бошқа ўқув адабиётлари орасида алоҳида ўринга олиб чиқади. Ўқувчини фан соҳасига ошно қиладиган, юрак ва онгни уйғотадиган бу каби асарлар нафақат талаба, балки илмга қадам қўйган ҳар бир китобхон учун муҳим манба саналади.
Дарсликнинг ўта жиддийлиги ва долзарблигини ҳисобга олиб, нафақат ўзбек тилида, балким бошқа тилларда ҳам нашр этилса ўринли бўларди. Бу фикримизнинг исботи, Абу Дабида ўтказилган халқаро китоб кўргазмасида “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” дарслиги мутахассислар томонидан энг юқори баҳо олиб, инглиз ва араб тилларига таржима қилиш таклиф қилинган. Шу билан бирга ўқувчи-ёшларда касб-ҳунар танлаш ва унинг ўта синчковлик билан бажарилишини ҳисобга олиб, дарсликни шахс шаклланишидаги ёш даврларини ҳисобга олиб узлуксиз таълим тизимига жорий этишни қатъий тартиблар асосида қайта кўриб чиқиб, узлуксиз таълим тизимига ҳам дарслик сифатида тайёрлаш зарурияти мавжудлигини айтишни лозим бўлади.
Бундан ташқари, келгусида бу дарсликнинг ҳар бир мавзуси ва атамасини мукаммал ўрганиш учун рангли ва қизиқарли альбомлар тайёрлаш, электрон шаклда мазмундор илмий тарқатма материаллар, қолаверса, оддий ҳаётий мисоллар асосида илмий фильмлар иловаси бўлишини тилаб қоламиз.
Инсонлар билан ҳайвонлар ва улар ўртасидаги узвий мулоқотни таъминлаб берадиган соғлиқни сақлаш, қишлоқ ҳўжалиги, ветеринария фан тармоқлари билан уйғунлаштириб жозибадор таълим узлуксизлигини таъминлаш қолаверса, ўсимликлар физиологиясини ҳам бир бутун ҳолатга олиб келиб, физикага мослашган математик таҳлил билан шаклланадиган касб-ҳунар эгаллашни педагогик ва психологик асосда юзага келишини физиология фани асосида барпо этиш ўта долзарб илмий изланиш бўлаётганлиги сир эмас.
Ўрганиб чиққан дарсликнинг янги авлод, янги илмий изланишларга пойдевор бўлиши – учинчи ренессанс учун ҳаракатлантирувчи куч бўлишлигини чин қалбдан истаб, ўқитишнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш бараварида касб-ҳунарга, муҳандислик технологияларига уйғунлаштириш жиҳатларини излаш ва илмий асослаш келгусидаги асосий изланишлардан бири бўлиб қолишини ният қилиб қоламиз.
Қаюм Баймиров,
педагогика фанлари номзоди, доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг