Тараққиёт сифатли таълимдан бошланади

16:41 13 Октябр 2023 Жамият
505 0

Кейинги йилларда жамиятимизда юз бераётган туб ўзгаришлар, ислоҳотлар, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамиятида кузатилаётган глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ равишда кечмоқда. Глобаллашув, таъбир жоиз бўлса, бугунги кунда мамлакатларни ривожлантиришнинг моҳияти ва мазмунига, стратегияси ва тамойилларига, ёндашув ва услубларига бирдай таъсирини ўтказаётган куч сифатида намоён бўлаётир.

Бугунги кунга келиб жaмият ривожлaнишининг комплекс хaрaктердa содир бўлиши тaрaққиётнинг ижобий жиҳaтлaри билaн биргa, унинг сaлбий оқибaтлaрини ҳaм юзaгa чиқармоқдаки, бу инсоният олдига кутилмаган янги муаммоларни кўндаланг қўймоқда.

Глобаллашувнинг моҳиятини ва хусусиятларини илмий асосда ўрганиш унга мослашиш, йўналишларини керакли тарзда ўзгартириш имкониятини яратади. Бундан кўриниб турибдики, глобаллашув жараёнидан ижобий ва ижодий фойдаланишнинг усул ва воситаларини, мехнизмларини илмий асосда ишлаб чиқиш бугунги кун илм-фанининг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Албатта, бундай шароитда таълим тизимида глобаллашув жараёнларига мослашувчан, у билан ҳисоблашадиган ислоҳотлар муҳим роль ўйнайди.

Педагогикага механик ёндашув ва унинг оқибатлари

Миллий педагогикамиз яқин йилларга қадар ўқувчиларга инсоният томонидан шу пайтга қадар эгалланган мавжуд билимларни ўргатишни энг мақбул йўл сифатида қараб келди. Яъни, мавжуд билимлар ўқувчи онг ва тафаккурига тайёр ҳолда сингдирилди. Бу жараёнда билимлар адабиётларда тайёр ҳолда мавжуд бўлади ва буни ўзлаштириш ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам қаноатланарли ҳисобланади. Аммо бу ўқувчиларда масала ва ҳодисалар моҳиятини англашга нисбатан ижодий ёндашувни назарда тутмайди, фақат мавжуд билимларни ёдлаш, уларни амалиётга жорий этиш бу турдаги педагогиканинг бош мақсади сифатида қаралади.

Бундай ёндашувда ўқувчининг қанчалик кўп билимни ёдда сақлаганига қараб унинг билими ҳақида хулоса чиқарилади. Билим олиш жараёни икки босқичдан иборатлигини, биринчи босқич — билимларни эгаллаш, иккинчи босқич — ундан хулосалар чиқариш эканлигини ҳисобга олсак, бу усул тугалланмаган методика сифатида ўзини оқламаслиги ойдинлашади.

Педагогикага нисбатан механик ёндашув таълим тизимида авторитар педагогикага йўл очади. Бизда узоқ йиллар давомида педагогиканинг мақсад ва муддаоси шундай бўлиб келди: ўқитувчилар ўзларининг билганларинигина рўкач қилиб, ўқувчиларнинг ундан нари ёки берига ўтишлари рағбатлантирилмади. Натижада, бир неча авлод ўқувчилар юқоридаги тумтоқ методика “шарофати” билан адабиётларда мавжуд билимларни эсда сақлаб қолиш, уларни кўр-кўрона ёдлаш, борингки, олган билимларини амалиётда татбиқ этишдан нарига ўта олмади.

Дарс машғулотларида ўқувчилар ҳар бир фан, керак бўлса, ҳар бир мавзу борасида ҳодиса ва моҳиятни, сабаб ва оқибатни англаши, фан доирасида ва фанлараро ўзаро боғланиш, интеграция, муносабат ва мувозанатни тушуниши, таққослаш ва мантиқий хулосалар чиқариш кўникмасига эга бўлиши лозим бўлади. Бу эса дарс машғулотининг қай даражада жиддий ва ўзига хос ижодий жараён эканлигини кўрсатади.

Авторитар педагогиканинг мудҳиш оқибати ўқувчиларда педагогик жараёнда муҳим бўлган ностандарт фикрлашга бўлган рағбатни йўқотади. Ностандарт фикрлаш — кишиларнинг одатий тарзига номувофиқ, ғайриоддий фикрлаши, ноодатий усул ва йўллар билан хулосалар чиқариши; вазиятдан чиқишнинг ҳатто ғайритабиий, аммо энг мақбул муқобилларини излаб топиш, масалалар ва ҳодисаларга нисбатан ҳар доим ижодий фикрлаш орқали ёндашиш кўникмасидир.

Педагогик таълимни ислоҳ қилиш йўлида

Миллий таълим тизимимизнинг мустақилликдан кейинги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўламиз. Айни пайтда, айтиш жоизки, кадрлар тайёрлаш соҳасида таълим турлари ўртасидаги алоқа ва узвийликнинг таъминланишида айрим камчиликлар ҳам кузатилди. Бу пировардида, мақсадни белгилашдаги тарқоқликка ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлди. Кадрлар тайёрлаш бўйича давлат сиёсатида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослиги, талаб ва эҳтиёжнинг тўлиқ ҳисобга олинмаслиги, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифнинг чуқур ўрганилмаслиги натижасида кадрларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотида мувозанатнинг бузилиши кузатилди.

Тошкент вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳудудда йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг мавжудлиги, хусусий секторнинг нисбатан кенг ривожлангани вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Бу яхши, аммо вилоятда ижтимоий соҳалар, хусусан, таълим соҳаси ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятига мувофиқ ҳолда барқарор ривожланяпти, деб айта олмаймиз. Ҳозирги кунда вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизими малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжининг тўла қондирилмаганлиги, таълим турлари ўртасидаги узлуксизлик, узвийлик ва интеграциянинг таъминланмаганлиги, таълимга нисбатан тизимли ёндашувнинг етишмаслиги билан боғлиқ долзарб муаммолар мавжуд. Бу каби муаммолар кенг қамровли ва кўпқиррали ижтимоий масала. Ва бу ҳудудий ҳокимликлар ва уларнинг тасарруфидаги тегишли бўлинмаларнинг айни масала бўйича тизимли иш олиб бориши натижасида ижобий ечим топиши мумкин.

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти таълим тизимида шундай янги механизм яратилиши ҳаётий заруратга айландики, унда таълим турлари ўртасида ўзаро назорат ҳам, рақобат ҳам таъминланиши зарур. Чирчиқ давлат педагогика университети ана шу муаммонинг илмий-назарий ва амалий ечимини топишни ўзининг асосий стратегик тадқиқот йўналиши сифатида белгилаб олган. Бу педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини яратишни ва уни амалиётга татбиқ этишнинг механизмларини ишлаб чиқишни тақозо қилади. Яъни, педагогик таълимнинг жамият барқарор ривожланишидаги ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда замонавий талаблар, тизимдаги муаммолар ва уларни ҳал қилишда фан ва таълим бўғинлари ўртасидаги тарқоқлик бугунги кунда узлуксиз педагогик таълимни кластер ривожланиш моделига ўтказиш заруратини кун тартибига қўяётир.

Педагогик таълим кластери бўйича Тошкент вилояти тажрибаси сифатида эътироф этилаётган кенг кўламли илмий-амалий лойиҳанинг пировард мақсади ҳудудда мактабгача ва мактаб таълими тизимининг салоҳиятини оширишга қаратилган.

Биринчидан, педагогик таълим инновацион кластери доирасида Чирчиқ давлат педагогика университети мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ичдан ўрганиш, у ердаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Боғча-лаборатория” инновацион тажриба майдончалари фаолиятини йўлга қўйди. Бундай тажриба майдончаларида институтнинг бир қатор профессор-ўқитувчилари талабалар билан биргаликда муайян муаммонинг ечимига қаратилган илмий лойиҳалар устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Ҳозирги кунда худди шундай иккита “Боғча-лаборатория”ларда учта лойиҳа тажриба-синовдан ўтказилмоқда. “Боғча-лаборатория”ларда институтнинг илмий салоҳияти ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячи-педагогларининг тажрибасини бирлаштириш орқали натижага эришиш назарда тутилган.

Иккинчидан, Чирчиқ давлат педагогика университети томонидан инновацион лойиҳа сифатида ташкил қилинган “Мактаб-лаборатория” тажриба майдончалари педагогик таълим инновацион кластерининг субъекти ҳисобланади. Бугунги кунда Тошкент вилоятида худди шундай 22 та “Мактаб-лаборатория”лар фаолияти йўлга қўйилди.

“Мактаб-лаборатория” лойиҳаси — миллий педагогикамизда янги тушунча. Бу тушунчанинг илмий истеъмолга олиб кирилиши Чирчиқ давлат педагогика университетининг фаолияти билан боғлиқ. “Мактаб-лаборатория”лар педагогик таълим инновацион кластерининг ядросини ташкил қилади ва илмий-педагогик ва инновацион лойиҳаларни яратиш ҳамда тажриба-синовдан ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни бажаради.

“Мактаб-лаборатория” инновацион тажриба майдончаларининг мақсади — узлуксиз таълим жараёнида таълим турлари ўртасидаги илмий, услубий ва таълим воситаларини ривожлантириш, педагогик таълим инновацион кластерини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ илмий-педагогик лойиҳаларни тажриба-синовдан ўтказишдан иборат.

Келажак ўқитувчиси концепцияси

Далиллар таълим натижаларига таъсир қилувчи энг муҳим жиҳат сифатли таълим эканини кўрсатади. Ҳозирги воқелик, умумбашарий ривожланиш тенденциялари инсондан фақат берилган топшириқни кўр-кўрона бажаришни эмас, балки масалага ижодий ёндашишни талаб қилади.

Шу маънода, университетда таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, талабаларда касбий компетенцияларни шакллантириш орқали уларнинг келажакда замон талабларига жавоб берадиган педагог кадрлар бўлишини таъминлаш мақсадида “Келажак ўқитувчиси концепцияси” ишлаб чиқилди. Концепция мамлакатимизда амалга оширилаётган таълимга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида тез ўзгараётган замон талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош, ўз соҳасига ёндош бўлган бир нечта касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўлларини белгилаб беради. Унда келажак ўқитувчиларини тайёрлаш масаласига педагог кадрлар тайёрлашга оид яхлит таълим-тарбия тизимининг узвий ва ажралмас қисми сифатида ёндашилиб, мамлакатимиз ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Замонавий талабларга жавоб берадиган, ҳаётий ва касбий компетенцияларга эга, креатив ва ностандарт фикрлаш кўникмаларини ўзлаштирган, дарс машғулотига ижодий муносабатда ёндашувчи, соҳага доир илғор хорижий тажрибалар билан таниш бўлган, реал шароит ва вазиятларга тезлик билан профессионал мослаша оладиган ўқитувчи шахсини тарбиялаш концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.

Шунингдек, концепцияда келажак ўқитувчисининг касбий компетенциялари, унинг шахсини тарбиялаш тизими ва асосий принциплари, тарбиялаш усуллари, жамиятнинг улар олдига қўядиган асосий талаблар илмий асосда ишлаб чиқилган бўлиб, олийгоҳда таълим ва тарбия жараёни ушбу масалаларни амалиётга жорий этишга йўналтирилган ҳолда ташкил қилинган.

Даврга ҳамоҳанг қадам

Аёнки, креатив иқтисодиёт — келажак авлод иқтисодиёти. У инновациялар, янги ғоялар, креатив маҳсулотларга асосланган бўлади.

Шу жиҳатдан, университетда таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш, талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, қўшимча касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга мослашувчанлигини ошириш мақсадида “Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш маркази” ташкил қилинди. Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунар ўргатиш талабаларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга тез мослашувчанлигини таъминлашга кўмаклашувчи ва бу жараёнга илмий-амалий, илмий-услубий ҳамда тажриба-инновацион ёндашувчи воқелик ҳисобланади.

Марказнинг мақсади талабаларга тадбиркорлик кўникмалари ва қўшимча касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга касбий мослашиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Хусусан:

— талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларини ижтимоий фойдали меҳнатга ўргатиш орқали банд қилиш;

— талабаларга ўз шахсий ҳаётларида асқотадиган тадбиркорлик кўникмалари ва қўшимча касб-ҳунарларни ўргатиш;

— назария ва амалиёт уйғунлиги ҳамда бирлигига эришиш орқали таълим сифатини ошириш.

Ушбу марказда ҳозирги кунда қуйидаги йўналишларда ўқитиш ишлари ташкил қилинган: дастурий таъминот ва информацион технологиялар (компьютер графикаси, компьютер дизайни, ҳисобчи (1С), муҳандис-дастурчи); туризм хизматлари (гидлик фаолияти); кичик касб-ҳунар курслари (тасвирий санъат ва дизайн, тикувчилик, дурадгорлик, пайвандчилик, тренерлик фаолияти); қишлоқ хўжалиги соҳаси (томчилатиб суғориш технологияси ва эксплуатацияси); мактабгача ва бошланғич таълим, уй хўжалиги хизматлари (мактабга тайёрлаш, узайтирилган таълим, энагалик ва катта ёшдагилар парвариши); гўзаллик индустрияси ва ошпазлик (гўзаллик салони ходими, қандолатчилик, миллий ва Европа таомлари ошпази).

Марказ битирувчиларига белгиланган намунадаги сертификатлар берилади ва бу уларнинг келажакда шу соҳа билан профессионал даражада шуғулланиш имкониятини беради.

Давлатни тараққий эттирадиган куч, бу — сифатли таълим, илм-фандир. Президентимиз таъбири билан айтганда, таълим сифатини ошириш — янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб, эртанги авлодлар ҳаётини ҳам ўйлаб айтган ушбу даъватида бир мақсад мужассам: таълимни, илм-фанни тараққий эттириш орқали мамлакатни ривожлантириш, юртни янада обод ва фаровон қилиш. Демак, бугун мамлакатимизда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси изчил мустаҳкамланаётгани эртага жаҳон иқтисодиётида қандай вазият юз бермасин, эл-юртимиз ўз йўлидан оғишмай, юксак тараққиёт ва фаровонлик сари собитқадам илдамлашида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Ғофуржон МУҲАМЕДОВ,

Чирчиқ давлат педагогика университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?