Танзила Норбоева Сирдарёда парламент назорати доирасида ўтказилган ўрганиш натижаларига бағишланган сайёр мажлис ўтказди

09:41 19 Февраль 2024 Сиёсат
181 0

Маълумки, Олий Мажлис Сенати томонидан республика ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси, жойлардаги муаммоли масалалар ва уларни ҳал этишда ижро органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр мажлисида парламент назорати доирасида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Сирдарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда қатор натижаларга эришилганлиги қайд этилди.

Жумладан, 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,9 фоизга, саноатда 7,1 фоизга, қишлоқ хўжалигида 6,4 фоизга, хизматлар кўрсатишда 10,9 фоизга ва қурилишда 7,9 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми 23,8 млн сўмни ва ўсиш суръати 3,8 фоизни ташкил этган.

Инвестиция дастурлари доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 964 та лойиҳа ишга туширилган.

Вилоятда ўтган йилда 2022 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга кўп тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. 333,2 млн долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича 35 та лойиҳа доирасида қарийб 1,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги натижасида 132,2 минг киши доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.

Муҳокама жараёнида сенаторлар вилоятда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва экспорт прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлашда айрим туман ва шаҳарларда кўрилаётган чоралар етарли даражада эмас.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича ўсиш суръатлари 2023 йилда Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида, қурилиш ишлари ҳажми бўйича эса Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 1 фоизни ҳам ташкил қилмаган.

Экспорт прогнози кўрсаткичлари 6 та туман ва шаҳарда бажарилмаган. Экспорт қилувчи корхоналар сони Сирдарё, Мирзаобод ва Гулистон туманларида ўтган йилга нисбатан камайган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш ишлари Сирдарё туманида етарли даражада ташкил этилмаганлиги сабабли қарздорлик 2023 йил бошига нисбатан 400 млн сўмга ошган.

Ҳудудий бандлик дастури доирасида инвестициялар ва маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари яратиш режаси Гулистон туманида 33 фоизга ва Мирзаобод туманларида 52,4 фоизга бажарилган, холос.

Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ҳудуднинг салоҳияти, географик жойлашуви, табиий ва минерал ресурсларини ҳисобга олган ҳолда янги турдаги юқори технологик, инновация ва фан ютуқларига асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар қабул қилиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар ойда, дастурлар доирасида белгиланган топшириқлар ижросига масъул ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботлар эшитиш, дастурлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама якунида Сенат Кенгашининг ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер