Танзила Норбоева БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP-28) доирасидаги парламент йиғилишида иштирок этди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP-28) доирасидаги парламент йиғилишида иштирок этди.
Унда 30 нафар парламентлар спикерлари ва парламентларнинг 500 нафар вакиллари, шунингдек, 100 нафар бутун дунё бўйлаб парламентлар ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирок этди.
Парламентлараро Иттифоқ ҳамда БАА Федерал Миллий Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда атроф муҳит ва иқлимнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, углерод нейтраллиги, барқарор энергияга ўтиш ва мослашиш масалаларидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишда парламентлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда парламент мулоқоти учун инклюзив платформа яратиш, парламент аъзоларининг иқлим ўзгаришига қарши миллий ва халқаро миқёсда кечиктириб бўлмайдиган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, конвенция иштирокчиларининг мажбуриятларини амалий ҳақиқатга айлантириш масалаларига эътибор қаратилди, унда дунё парламентлари вакиллари халқаро ҳамкорлик ва иқлим соҳасидаги саъй-ҳаракатлар бўйича илғор тажрибаларни илгари сурдилар.
Олий Мажлис Сенати Раиси ўз нутқида иқлим ўзгариши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
Орол денгизининг қуриб қолиши ва унинг қуриган тубида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонда Оролбўйи минтақасида қатор экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқараётган шўрланган “Оролқум” чўли пайдо бўлиши бунга ишончли мисол бўла олишини таъкидлади, айнан шу боис БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини ҳозирги замоннинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олганига иштирокчилар эътиборини қаратди.
Иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасида Ўзбекистонда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, хусусан, парламентнинг фаол иштирокида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича кўплаб халқаро ҳужжатлар, жумладан, Иқлим бўйича Париж келишуви ратификация қилингани айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси экологик муаммоларнинг долзарблиги ҳамжиҳатлик ва парламентлараро ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб қилаётганини таъкидлаб, қатор таклифларни илгари сурди.
Хусусан, Парламентлараро иттифоқ доирасида иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қабул қилинган резолюциялар, баёнотлар ва бошқа ҳужжатлар ижросини мониторинг ҳамда таҳлил қилишнинг доимий механизмини яратиш масаласини ўрганиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ томонидан мувофиқлаштириш доирасида болалар ва хотин-қизларни иқлим ўзгариши оқибатларидан ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳужжатни қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда қонунчилик фаолиятини глобал иқлим мақсадларига мослаштириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қонун чиқарувчи органларнинг экологик муаммоларни ҳал этишдаги ролини кучайтириш, бундан ташқари, ушбу муҳим глобал жараёнда парламент иштирокининг аҳамиятини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида иқлим билан боғлиқ қонунчиликни ишлаб чиқиш, иқлим бўйича мажбуриятларни амалга оширишда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш бўйича давомли, истиқболли ва далилларга асосланган мониторинг ва ҳисобот бериш механизмларини яратиш, “яшил” иқтисодиётни илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашишни молиялаштириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олган парламентларнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг