Танзила Нарбаева раислигида Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
2025 йил 11 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирга Олий Мажлис Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева раислик қилди. Мажлисда Миллий ва ҳудудий кенгашлар аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, вилоятлардаги бошқармалар мутасаддилари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Мажлис давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий ҳолатлар, уларнинг сабаблари, оқибатлари ва олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинди. Жумладан, Президентнинг 2025 йил 19 майдаги 88-сонли Фармонида белгиланган вазифалар, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга баҳо берилди.
Рақамлар шуни кўрсатадики, 2024 йил давомида Соғлиқни сақлаш тизимида 500 дан ортиқ коррупцияга оид жиноят аниқланган. Бу жиноятларнинг аксарияти мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш-бериш ва давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлиб, давлат харидлари соҳасида ҳам жиддий қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилган. Ҳозирги вақтда ушбу қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, мажлисда тиббиёт муассасаларида рақамлаштиришнинг сустлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, ишга қабул қилишда шаффофликнинг йўқлиги ва тиббий хизматлар сифати турлича эканига эътибор қаратилди. Бу ҳолатлар тизимдаги ислоҳотлар ва ишончни мустаҳкамлаш йўлида муҳим тўсиқлардан бири сифатида тилга олинди.
Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўз чиқишида коррупцияга қарши кураш фақат жазо чораларидан иборат бўлмаслиги, тизимда очиқлик, ички назорат ва ҳисобдорликни таъминлаш орқали фуқаролар ишончини ошириш зарурлигини таъкидлади. У коррупцияга қарши курашишда профилактик чора-тадбирларга алоҳида урғу бериш кераклигини қайд этди.
Мажлис якунида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бир ҳафта муддатда муҳокама чоғида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда «йўл харитаси» кўринишидаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва уни Миллий кенгашга тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг