Танадаги тошмалар кўп шаклли эритема аломати бўлиши мумкин — Мутахассис

Илмира Разикова, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори:
— Теридаги қизариш ва тошмалар тез-тез кузатиладиган ҳолат ва бунинг ўзига хос сабаблари бор. Масалан, айрим юқумли касалликлар, дерматологик муаммолар, интоксикация, қон айланишининг бузилиши шундай белгилар билан намоён бўлиши мумкин.
Танадаги тошмалар — кўп шаклли эритема хасталигига ҳам хос ташқи аломат. Бу дард аллергик хусусиятга эга бўлиб, кўпроқ баҳор ва куз мавсумида кучайишга мойил. Ундан азият чекувчи қатлам — асосан ўрта ёшли беморлар.
Касалликни келтириб чиқарувчи сабаблар турлича. Статистик таҳлиллар кўп шаклли эритемага чалинганларнинг тахминан 70 фоизи сурункали юқумли касалликлар, хусусан, синусит, сурункали тонзиллит, ўрта отит, пульпит ёки пиелонефритга мойиллигини тасдиқлайди.
Бундай беморларда хасталик кучайиши даврида Т-ҳужайра иммунитетининг пасайиши аниқланади.
Хасталикнинг иккита асосий тури мавжуд. Энг кўп тарқалгани — юқумли-аллергик кўп шаклли эритема. У организмдаги инфекциянинг сурункали ўчоғига нисбатан аллергик реакция натижасида юзага келади.
Мазкур хасталикнинг ривожланиши ёки авж олишида биргина сурункали инфекция ўчоғининг ўзи етарли эмас. Бунинг учун қўзғатувчи омилларнинг маълум комбинацияси зарур. Масалан:
— иммунитет танқислиги;
— гипотермия, яъни совқотиш;
— ультрабинафша нурланиш;
— баъзи озиқ-овқат консервантлари (бензоатлар, формальдегид ва бошқалар);
— психо-эмоционал стресс;
— овқат ҳазм қилиш тизими патологияси (сурункали гастрит, дисбактериоз);
— аутоиммун касалликлар ва онкопатология;
— ЎРВИ, тонзиллит ва бошқа касалликлар.
Кўп шаклли эритеманинг токсик-аллергик тури эса одатда амидопирин, барбитуратлар, сулфаниламидлар ва тетратциклинлар гуруҳига мансуб баъзи дорилар таъсирида ривожланади.
Умумий ҳолсизлик, иситма, мушаклар оғриғи ва артральгия кўп шаклли эритеманинг илк аломатлари ҳисобланади. Сўнг икки кун ичида тери ва шиллиқ қаватда қизил-пушти рангдаги тошмалар пайдо бўлади.
Ушбу папулалар тезда катталашиб, диаметри 2-3 сантиметрга етади. Тошмалар ўртасида ва баъзи ҳолларда терининг соғлом қисмларида ҳам пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин.
Эритема доғлари асосан қўл ва оёқларнинг орқа қисми, тиззалар, тирсак соҳасида юзага келади. Айрим вазиятларда оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати ва лабларнинг шикастланишига ҳам олиб келади.
Касалликнинг токсик-аллергик шакли эса дастлабки умумий ҳолсизлик ва оғриқлар билан бошланиб, тошмалар дарҳол пайдо бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг