Талон-торож қилинаётган ўрмон ерлари

18:24 28 Март 2025 Жамият
1493 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги «Қашқадарё вилоятида ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги ташкил этилиб, унга Чироқчи тумани ҳудудидан 28525 гектар табиий ўрмонзор ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдони ўрмончилик ишларини ривожлантириш учун ажратиб берилган эди. Бу ер майдонларининг бир қисми Еттитом массивида жойлашган. 2022 йилда Чироқчи тумани ҳудудининг бир қисмида янги Кўкдала тумани ташкил қилиниб, Еттитом шаҳарчаси унинг маъмурий маркази этиб белгиланди. Натижада бу ердаги аввал табиий ўрмонзор ва самарасиз ерлар сифатида баҳоланиб, Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги тасарруфига берилган ерларнинг қадри, қиймати ва унга бўлган талаб ҳам кескин ошиб кетди.

Аслида ҳам энди туманнинг қоқ марказидаги ерларни ўрмон сифатида асраб ўтиришдан мантиқ йўқдек. Шаҳарчада янги ишлаб чиқариш мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш учун бу ер майдонларига ҳам эҳтиёж катта. Шундай экан, унинг зарур қисмини белгиланган тартибда давлат захирасига ўтказиб, қонуний асосда фуқаролар ёки тадбиркорларга бериш мумкин.

Бироқ ҳозирги вақтда бу ер майдонлари «Ноқонуний эгаллаб олиш» ниқоби остида қайсидир масъуллар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотиб юборилмоқда. Ҳудуддаги бир гуруҳ фуқаролар таҳририятимизга шу ҳақида мурожаат қилиб, бу борада адолат таъминланмаётгани, ўрмон хўжалиги ерлари талон-торож этилаётганлигидан норозилик билдиришди.

— 2021 йилда Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва боғ ташкил қилиш учун 1,10 гектар ер майдонини шартнома асосида 49 йилга ижарага олгандим, — дейди Баҳриддин Бобомуродов. — Боғни намунавий асосда ташкил қилганман. Шартномада кўрсатилган бошқа шартларнинг ҳам барчасини бажариб келяпман. Ўзим қўшни қишлоқдан қатнаб ишлаганим боис ёзда фойдаланиш учун шу ердан дала шийпони сифатида битта том қургандим. Кадастр ходимлари келиб, буни ноқонуний қурилиш сифатида баҳолашди. Ишни судга оширишди. Суд ҳам шундай қарор чиқарди. Қонуни ҳурмат қиламан. Энди ноқонуний қурилишни бузиб ташламоқчиман. Лекин мен қурилишни ижарага олган, барча тўловларини доимий тўлаб бораётган жойимда қурдим. Ён-атрофимдагилар эса ўрмон хўжалигининг ўзига тегишли ерларни ҳам ўзлаштириб, уй-жой қуриб олмоқда. Аллақачон кўчиб келиб яшаётганлар ҳам кўп. Қонун ҳамма учун баробар. Нега кимнингдир ноқонуний қурилишига ҳамма кўз юмаяптию, кимгадир дарҳол чора кўриляпти? Мана шуниси алам қилади.

Мурожаатчи Улуғбек Ботировнинг айтишича, масъулларнинг «кўнглига йўл топган» киши ўрмон хўжалиги ерларида қурилишни бошлаб, бинони ёпиб олгунига қадар бу ишга ҳамма кўз юмади. Кейин унинг ишини судга оширади. Шу йўл билан ерни сотганлар бу қилмишларини қонунан ҳимоялаб қўяди. Бунгача уй-жойни қурган оила аллақачон бу ерга кўчиб келиб яшай бошлайди. Энди суд қандай қарор чиқаришидан қатъий назар, бутун оилани кўчда қолдириб, уй-жойини бузиб ташлаш осон эмасда. Можаро бир-икки йил давом этиши мумкин, лекин алал-оқибат эгаллаб олган жойи ўша фуқарога қолади.

Ажабланарлиси, наҳотки, туман ҳокимлиги, туман суди, туман ИИБ биноларининг рўпарасида, улардан атиги 500 метр наридаги ерда амалга оширилаётган шунча ноқонуний қурилишлардан бехабар бўлса? Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги раҳбари ўрмон хўжалигига тегишли ерларнинг ноқонуний сотиб юборилаётгани ҳақидаги гапларни қатъий инкор этиб, мавжуд ҳолатни «Ўрмон хўжалиги ерларининг фуқаролар томонидан ноқонуний эгаллаб олиниши» деб асослади.

— Бўлаётган қурилишларнинг ҳаммаси юз фоиз ноқонуний, — дейди у. — Биз ҳар бир ноқонуний қурилиш бўйича тегишли ҳужжатларни тўплаб, ишни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборганмиз. Энди улар ҳолатни ҳуқуқий баҳолаб, қонун ижросини таъминлаб бериши керак.

Мурожаатни ўрганиш давомида бевосита ноқонуний қурилишлар бўлаётган жойга бориб, у ердан суратлар олдик. Бундан дарҳол хабар топган ўрмон хўжалиги масъуллари бизни «Давлат томонидан муҳофаза этиладиган ўрмон ерларига рухсатсиз кириш»да айблаб, маъмурий чора қўллаш билан таҳдид қилишди. Қизиғи, масъуллар бизнинг бир лаҳзага ўрмон ҳудудига кириб чиққанимиздан огоҳу кимларнингдир тош, тупроқ тўкиб, уй-жой учун пойдевор қўяётганидан бехабарми? Агар хабари бўлса, нега ноқонуний қурилишларни ҳали бошланмасидан туриб тўхтатмаган? Хуллас, саволлар кўп... Бу ишга ваколатли ташкилотлар муаммога жиддийроқ ёндашиб, ўрмон хўжалиги ерларининг талон-торож этилишига йўл қўймайди, деган умиддамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?