Таълимга киритилган сармоя келажакка сармоядир

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Яқин тарихга бир назар ташласак, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган кезлари амалга оширган дастлабки хайрли ишларидан бири умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш муддатини 11 йил этиб белгилагани бўлди. Бу ота-оналар томонидан энг тўғри ва ўз вақтида қабул қилинган қарор сифатида эътироф этилди. Чунки фарзандларимиз таълими ва тарбиясида жуда катта эътибор, керак бўлса, назорат талаб қилинадиган вақтда касб-ҳунар коллежларига юборишни лозим топдик. Натижада, биз уларга яхши билим беришни ҳам, ҳунар ўргатишни ҳам уддалай олмадик. Ўтган йиллар давомида ёшларнинг таълим-тарбия олишига кенг имконият яратиб беришга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар ҳам жамоатчиликни сергаклантирди.
— Мазкур мулоқотда педагог-кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим жараёнини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, таълим тизимидаги бюрократик тўсиқлар, таълим-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилгани айни муддао бўлди, — дейди Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев. — Айниқса, тизим раҳбарларини бошқа йўналишлардаги йиғилишлардан озод этиш биз учун катта имконият ва улкан ишонч. Энди барча куч ва эътибор фақат таълим сифатини оширишга қаратилади. Ажратилаётган маблағлар, яратилаётган шароитлар, устамалар барчаси муаллимга бўлган юксак муносабатнинг ифодасидир. Биз бу эътиборни чуқур ҳис қиламиз ва натижа билан жавоб қайтарамиз. Фарзандларимиз учун янада кучлироқ, замонавийроқ, самаралироқ таълим муҳитини яратиш бундан кейин ҳам энг асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Айни пайтда 559,9 минг нафар ўғил-қиз вилоятдаги мавжуд 995 та умумтаълим мактабида таълим-тарбия олмоқда. Кейинги йилларда мактабларни янги ўқув йили учун ҳозирлашга ўта муҳим масала сифатида қаралмоқда. Бунинг учун мактабларга етарли маблағ ажратилиб, таълим даргоҳлари зарур қурилиш материаллари билан таъминланмоқда. Жумладан, 2023 йилда вилоятдаги таъмирга муҳтож мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун 11 миллиард 195 миллион сўм маблағ ажратилиб, етти турдаги қурилиш материаллари билан таъминланди. Ўтган йилда таъмирга муҳтож ва маблағ талаб этиладиган 862 та мактаб учун маҳаллий бюджетдан яна 6 миллиард 517 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, беш турдаги қурилиш материали харид қилинди. Мактаблар моддий техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Сурхондарёда таълим тизимидаги ислоҳотларнинг самарасини ҳудуддан етишиб чиқаётган иқтидорли ёшларнинг ютуқларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Тошкент давлат юридик университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Гулрухсорабегим Абдусаидованинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари, Термиз тумани 16-сонли аниқ фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Рустамовнинг бешта фандан юқори даражали миллий сертификатларни қўлга киритиши, Ангор тумани «Нурли маскан» мактабининг 11-синф ўқувчиси Зиёдулла Эралиевнинг асосий олимпиаданинг Республика босқичида математика фани бўйича 1-ўринни эгаллаши таҳсинга сазовордир. Яна кўплаб иқтидорли ёшлар улкан ютуқларини қўлга киритмоқда. Аммо вилоятдаги барча мактабларда узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммолар ҳам етарлича.
Ўқувчиларни мактабдан бездираётган «йиғди-йиғди»лар...
Буни яширишнинг, кўз юмишнинг ҳожати йўқ. Мактаб бошланиши билан ҳали синф фонди, ҳали парда, ҳали фаррош... Йил охирида мактаб таъмири учун йиғиладиган пул. Бу маблағларни ўқувчидан талаб қилиш ноқонуний ҳисоблансада, фарзандига ўқитувчининг муносабати ўзгаришидан чўчийдиган ота-оналар ушбу асоссиз тўловга рози бўлишади. Мактаблардаги директордан бошлаб ўқитувчилар ва ота-оналар қўмитаси орқали йиғиладиган пул йиғимлари — порахўрлик, ўғриликдан баттар иллат. Аслида мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан пул ажратилиши ҳаммага маълум.
Узун туманидаги 27-мактабда содир бўлган воқеа таълим тизимидаги ноқонуний йиғимларга яна бир мисол бўлади. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳар бир синфхонани суратлар ва шиорлар билан безаш учун синф раҳбарларидан 450 минг сўм пул талаб қилади. Бу хабар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, директор ўринбосари ҳақоратлар ва танқидлар остида қолганди. Юқори ташкилотлар томонидан таълим муассасаларида таъмирлаш, турли тадбирлар ва байрамлар учун пул йиғиш қатъиян ман этилиши бод-бод таъкидланаётган бўлсада, Термиз шаҳридаги 23-мактабда синфхоналарни таъмирлаш учун ихтиёрий яъни, ҳомийлик ниқоби остида ота-оналардан пул талаб қилинаётганидан шикоятлар ҳам учраб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 961-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари сифатида кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» дейилган. Ўқувчиларни мактаб таъмири учун пул йиғиши тўғрими? Бу иллат қачон барҳам топади?
Музработ туманидаги салкам 1 минг 500 нафар ўқувчи таҳсил оладиган, 150 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган 8-мактабда ичимлик суви муаммоси узоқ йиллардан бери оғриқли нуқталардан бири бўлиб келмоқда. Масъул мутасаддилар, депутатлар, маҳалла фаоллари бу муаммони ўрганиб кетаверади. Аммо амалий ишдан дарак йўқ. Шунингдек, 44-мактабдаги раҳбарият ва ходимлар ўртасидаги носоғлом муҳит ҳам таълим-тарбия ишларига салбий таъсир кўрсатаётгани ачинарлидир. Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор: «Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катталаштириб кўрсатадиган заррабин зарур» деган эди. Мактабда маданият билан бир-бириларига муомала қиладиган ҳамкасблар, педагогика ва психология, методикадан хабардор раҳбарлар, болаларга муҳаббати бор ўқитувчилар қаерга ғойиб бўлди?
Бир қисми саводли, бир қисми саводсиз
Ангор тумани «Шарқ гули» маҳалласида яшовчи Дилноза Ғаниева мактабгача таълим йўналишида магистратура даражасини олган. Қолаверса, тўрт йиллик иш тажрибасига эга. Бироқ у узоқ вақтдан бери иш тополмасдан сарсон.
— Икки йил олдин педагогларга тоифа бериш тизими шаффоф, рақамлашган платформага ўтказилгани ҳақиқий аҳволни кўрсатди, — дейди Термиз шаҳридаги 24-мактаб директори Ихтиёр Зиёдов. — Ўқитувчиларни ишга қабул қилишда ҳам шундай тизимга ўтиш вақти келди. Бугун етарли малакага эга бўлмаган, саёз билимли битирувчилар ишга қабул қилинмоқда. Бир қисми саводли, бир қисми саводсиз. Ҳатто, мутахассислиги бўлмаганлар ҳам таниш-билишчилик орқали ўзига ёт фанлардан дарс ўтмоқда.
Ўқувчиларнинг замонавий смартфонлардан фойдаланишлари билан ҳар қанча курашилаётганига қарамай, ота-оналарнинг қайсарликлари давом этмоқда. Смартфонлар бола онгига, дарс машғулотларини ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, қўлдаги интернет ўқувчиларни дангаса, қўпол қилиб айтганда, текинхўр, билимсиз қилиб қўймоқда. Қўшимча адабиётлардан изланиш унутилди. Ушбу масалада қонунчилик билан ёш чегарасини қатъий белгилаш лозим. Халқаро тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, Финляндия, Хитой, ҳатто қўшни Қозоғистон ҳам ўқувчиларнинг телефон тутишидан воз кечилган.
Ҳар бир болада бир даҳо яширин
Ўқув йили охирида сурхондарёлик баъзи ота-оналарни яна бир муаммо қийнайди. Биргина Термиз шаҳрида ўнга яқин, яна ҳар бир туманларда рус тили синфлари бор. Уларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг аксарияти мактабгача таълим ташкилотларида ҳам рус гуруҳларда тарбияланган. Хуллас, улар ўрта мактабни тамомлагач, олий таълимни ҳам рус тилида давом эттиради. Айрим ота-оналар ўз фарзандини техникум, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўқишларини истайди. Бироқ, вилоятдаги мавжуд 20 та техникум, 4 та академик лицей, 11 та касб-ҳунар коллежи, 29 та касб-ҳунар мактабининг бирортасида рус тили синфлари мавжуд эмас.
— Бу йил фарзандим 9-синфни тамомлаяпти, — дейди Термиз шаҳрида яшовчи Нигора Валиқулова. — Қизимни академик лицейда ўқитишни хоҳлайман. Чунки, у ерда танланган фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Умумтаълим мактабида бундай танлов йўқ. Вилоятимиз бўйича бирорта ҳам рус тилидаги лицей ёки коллеж топилмайди. Мактаб таълими билан бир пайтда қўшимча репетитор ёллашга мажбурмиз. Ўша пайтда фарзандимизни ўзбек синфига ўқитмаганимиздан афсусдаман.
Мактабдаги ҳар ўқувчининг ўзига хос иқтидори бўлади. Унинг ким бўлиб вояга етиши эса катталарнинг муносабати, тарбияси маҳсулидир. Бунга фақатгина таълим соҳаси эмас, ота-оналар, маҳалла фаоллари, бутун жамият масъулдир. Чунки мактаб мамлакат келажагининг замини. Ҳар бир болага сифатли таълим-тарбия бериш, уларнинг қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятини юзага чиқариш учун шароит яратиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг