Таълим ва маданият — тараққиёт асоси
Шу йилнинг апрель ойи якунида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегацияси таълим соҳасидаги халқаро алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, бой маданий меросларимизни тарғиб қилиш мақсадида Аргентина Республикасига хизмат сафари билан борди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси, хусусан, жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессиясига тайёргарлик доирасида амалга оширилган ушбу сафарда делегация аъзолари ўзбек халқининг бой маданияти, анъаналари ҳамда таълим соҳасидаги самарали ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз эришган ютуқлар билан аргентиналик ҳамкорларни яқиндан таништириш имкониятига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, учрашувлар доирасида делегациямиз иштирокида Аргентинанинг нуфузли ва етакчи олий таълим муассасалари — Мар дел Плата миллий университети, Буэнос Айрес университети ва Кордоба миллий университети раҳбар ходимлари билан самимий мулоқотлар ўтказилди. Натижада таълим, илмий тадқиқотлар ҳамда маданий алмашинув бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Жумладан, Мар дел Плата миллий университети билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳар икки давлатнинг етакчи университетлари ўртасида талаба, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, биргаликда онлайн ҳамда оффлайн шаклда анжуманлар, вебинарлар ва ўқув курсларини ташкил қилиш, шунингдек, электрон таълим платформаларидан фойдаланиш каби йўналишларда ўзаро манфаатли фаолиятни ўз ичига олади. Бу эса нафақат таълим ҳамда инновацион фаолият йўналишидаги алоқаларни ривожлантириш, балки маданий алмашинув дастурлари бўйича янги имкониятларни тақдим этади.
Шу билан бирга, Буэнос Айрес университети билан имзоланган икки томонлама шартнома эса ЎзДЖТУнинг халқаро миқёсда обрўсини янада оширишга қаратилган. Мазкур университетнинг фалсафа, тил ва адабиёт факультети билан эришилган келишув академик мобилликни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутади. Маълумот учун, ушбу университет жаҳон рейтингида нуфузли юзталикдан ўрин олган. Ушбу олий таълим муассасасида 150 мингга яқин талабалар таҳсил олади.
Мазкур университет битирувчилари қаторида Аргентинанинг 15 Президенти, Нобель мукофотининг 5 нафар соҳиби ҳамда бошқа таниқли инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бу олийгоҳ билан ҳамкорлик ЎзДЖТУда таълим сифатини ошириш, халқаро миқёсдаги глобаллашув жараёнларида фаол иштирок этиш орқали унинг нуфузи янада ортишига замин бўлиши, шубҳасиз.
Кордоба миллий университетида бўлиб ўтган учрашув ва бебаҳо маданий меросимизни намойиш этувчи тадбир ўтказилиши эса Лотин Америкасининг энг қадимий олийгоҳларидан бири билан дўстона муносабатларни ўрнатиш имконини беради. Аҳамиятлиси, 1613 йилда ташкил топган ушбу университетда ҳозирги кунда 120 мингдан зиёд талабалар таҳсил олади. Энг йирик ҳисобланган тиббиёт факультети талабалари сони 40 мингдан кўп. Замонавий лабораториялар, марказлар, клиникалар талабаларга таълим ва амалиётни уйғун ҳолда олиб бориш имконини беради.
Бу ерда алмашинув дастурларини амалга ошириш билан бирга халқаро лойиҳалар ижросини, илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўзаро келишувга эришилди. Бундан ташқари, Кордоба миллий университети раҳбарияти томонидан илк босқичда икки ОТМ ўртасида англашув меморандумини имзолаш таклифи илгари сурилди.
Яна бир жиҳат, ЎзДЖТУ делегациясининг Аргентинага ташрифи доирасида барча университетларда “Ўзбекистон: Бебаҳо маданий мерос” деб номланган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Бу Аргентина университетлари жамоасида катта таассурот қолдирди ва уларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлик ўрнатишга бўлган қизиқишини яна кучайтирди. Ўзбекистонликлар томонидан тайёрланган миллий таомимиз — палов таъмини тадбир иштирокчилари ҳали кўп вақт соғиниши аниқ.

Тадбирлар давомида Ўзбекистоннинг буюк тарихи, алломалари, ҳозирги кундаги тараққиёт даражаси, эришилаётган натижалари, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жаҳон ҳамжамиятида кун сайин юксалиб бораётган нуфузи ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, миллий либослар, сўзана, адрас, ҳунармандчилик намуналари, халқ чолғу асбоблари ва миллий таомлар орқали мамлакатимизнинг бой маданияти кенг тарғиб қилинди. Миллий қўшиқ ва рақсларимиз, дуторда ижро этилган наволар тадбирларга ўзгача шукуҳ бағишлади. Бу эса аргентиналикларни Ўзбекистоннинг ўзига хос анъаналари ва қадриятлари билан яқиндан таништириш имконини берди.
Айтиш керакки, хизмат сафаримиз давомида мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ОТМларнинг халқаро рейтингларда эришаётган ютуқлари кенг тарғиб қилинаркан, Аргентинадаги нуфузли олийгоҳлар билан ўрнатилган ҳамкорлик нафақат таълим соҳасида, балки халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига асосий урғу берилди. Хусусан, “QS World Univetsity Rankings by Subject” рейтингида 251 — 300 ўринни эгаллаб турган ЎзДЖТУ Аргентина университетлари билан ҳамкорликка тайёрлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ишонамизки, Ўзбекистон ва Аргентина ўртасидаги таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи икки халқ ўртасидаги дўстлик кўпригини янада мустаҳкамлайди. Эришилган келишувлар талабалар, профессор-ўқитувчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб, турли соҳаларда манфаатли алоқаларни ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг глобал таълим ва маданият майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг