Таълим тизимини ривожлантиришда муҳим шерик
![](https://xs.uz/upload/post/2025/02/11/027a490153cc7be27a663676185501b50211.jpg)
Ўзбекистон ва Малайзия муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариб, стратегик шериклик йўлидан бормоқда. Бунинг исботи ўлароқ Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади.
Таъкидлаш жоизки, музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари нефть-кимё ва кимё саноати, электроника, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергия ва зиёрат туризми каби устувор йўналишларда иш олиб боришга келишиб олдилар. Белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқиладиган бўлди.
Сўнгги йилларда ўз минтақасининг етакчи мамлакатлари бўлган Ўзбекистон ва Малайзия бир-бирига талпинмоқда. Оқилона иқтисодий ва инвестициявий сиёсат ортидан Малайзия росмана замонавий давлатга, тараққиёт эталонига айланди, шунчаликки, ҳатто биронта нуфузли халқаро рейтингларда унинг номини учратмасак ҳайрон қоламиз.
Куала-Лумпурдаги мулоқотларнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, Малайзиянинг “Petronas” нефть ва газ компанияси Ўзбекистон бозорига қайтмоқда. У Ўзбекистонда газни қайта ишлаш бўйича иккита йирик лойиҳани амалга оширишда иштирок этади. Геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, карбонат ангидрид газини ушлаб қолиш ҳамда сақлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, “Petronas” университети негизида юқори малакали кадрлар тайёрлашда ушбу компания Ўзбекистоннинг йирик шерикларидан бирига айланиши мумкин.
Энг муҳими, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳам истиқболли лойиҳалар асосида илгари сурилди. Замонавий клиникалар қуриш, Малайзиянинг илғор тажрибаси асосида инновацион фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш шулар жумласидан.
Ташриф натижалари ҳақида сўз кетганда, бевосита ўзимиз меҳнат қилаётган таълим соҳасидаги шериклик бўйича гапирсак, фойдадан холи бўлмайди. Музокаралар якунида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани диққатга сазовор.
Президентимиз ташрифи арафасида етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўтказилгани ҳам хайрли иш бўлди. “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзуида биринчи Ўзбекистон — Малайзия таълим форумида “яшил” иқтисодиёт ва туризм, шунингдек, “Саноат инқилоби 5.0, сунъий интеллект ва метатехнологиялар” мавзуларига бағишланган сессияларда икки давлат учун долзарб бўлган илмий ва технологик масалалар устувор бўлди.
Форумда таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ҳамда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 50 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланди. Форум доирасида Малайзиядаги қатор олий ўқув юртларида бўлиб, уларнинг фаолияти, ўқитиш тизимлари билан яқиндан танишдик.
Жумладан, Наманган давлат университети вакиллари ҳам Малайзиядаги бир қатор ОТМлар билан самарали таълим дастурларини амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борди. Айниқса, Жануби-Шарқий Осиёда ўз нуфузига эга бўлган “Malaya” университетига ташриф самарали бўлди. Ташриф давомида ҳар икки ОТМ ўртасида истиқболли шартномалар имзоланиб, келгусида ушбу аҳдлашувлар доирасида “Malaya” университетининг фан (“Science”) факультети ҳамда НамДУнинг физика-математика факультети ҳамкорлигида қўшма ўқув-илмий лабораториялар филиалини очиш, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг ўзаро академик алмашинувини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳамкорлик натижаси ўлароқ университетда қўшма илмий лойиҳалар шакллантирилади, ҳар икки давлат таълим тизимидаги ўқув жараёнларига оид тажрибалар алмашинади.
Ташриф давомида Малайзия Халқаро ислом университети билан ҳам бир қатор йўналишларда шерикликда фаолият олиб бориш бўйича келишувларга эришдик. Жумладан, тиббиёт соҳасининг стоматология, даволаш иши ва педиатрия йўналишларида қўшма таълим дастурларини амалга ошириб, малакали мутахассислар тайёрлашга келишилди.
Утара университети билан эса университетимизда Тадбиркорликни ривожлантириш марказини ташкил этиш, иқтисодиёт ва бизнес соҳасидаги ўқув ва илмий ҳамкорликлар йўлга қўйилади. Султон Идрис таълим университети билан ҳам психология, амалий психология, инклюзив таълим ҳамда таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш каби йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади ва шу асосда келгуси ўқув йилидан қўшма таълим дастурларига талабалар қабули бошланади.
Шунингдек, Малайзиянинг Перлис университети билан ҳам ахборот технологиялари ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликда халқаро ва миллий грантлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун “Ёзги мактаблар” ташкил этиш каби истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.
Малайзия Технология университетининг сунъий интеллект факультети билан IT соҳасида ҳамкорлик қилинади. Булар “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси учун талабаларни дастурлашга ўргатиш ва халқаро грант танловларида иштирок этиш ҳамда рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича тажриба алмашинувини йўлга қўйишдан иборат.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида олий муҳандислик мактабларини ташкил этишга истиқболли йўналишлардан бири сифатида қаралаётгани эътиборга молик. Олий муҳандислик мактабларининг асосий вазифалари замонавий талабларга мос равишда белгиланган. Улар, аввало, талабаларга танланган йўналиш бўйича чуқур ва замонавий билим бериш, илмий тадқиқот, таҳлилий, ижодий ҳамда мулоқот қобилиятини ривожлантиришни ўз ичига олган. Бу мақсадда таълим жараёни “4+1” шаклида ташкил этилиб, бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларини ўз ичига олган комплекс тайёргарлик дастурлари жорий этилади. Бундан ташқари, муҳандис-техник кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари йўлга қўйилади. Ҳамкор корхоналар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, юқори технологиялар ва кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қодир, жамоавий ишлай оладиган муҳандис-тадқиқотчи малакасига эга кадрлар тайёрлаш устувор вазифа этиб белгиланади. Таълим жараёнига етакчи маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинади.
Ўқитишнинг замонавий усуллари, жумладан, лойиҳавий таълим, муаммоли ўқитиш технологиялари ва амалий тадқиқотлардан фойдаланиш режалаштирилган. Саноат муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишларини бажариш, амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш ва инновацион лойиҳалар устида ишлаш мақсад қилиб олинади. Муносабатларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш катта ўрин тутади. Малайзия бу борада улкан тажрибага эга. Шу нуқтаи назардан, “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва “ҳалол” стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор.
Умуман, Куала-Лумпурдаги Ўзбекистон — Малайзия саммитида имзоланган 5 млрд. долларлик савдо-иқтисодий битимлар ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича келишувлар икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Собитхон ТУРҒУНОВ,
Наманган давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг