Тайёргарликни ҳозирдан бошлаш керак — Президент навбатдаги олимпиада ҳақида

13:41 28 Август 2024 Сиёсат
151 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Унда президентимиз Париждаги натижаларни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини қайд этди.

Масалан, Париж олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медаль учун кураш олиб борилди.

Сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли экани таъкидланди.

Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз жуда кўплиги қайд этилди.

"Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар", деди Президент.

Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.

Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.

Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.

Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.

Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер