Тайван ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий машғулотларни бошлади

15:11 09 Июль 2025 Дунё
252 0

Фото: Global Look Press

Тайван ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу ҳақда «Focus Taiwan» хабар бермоқда. Машғулотлар 18 июлгача давом этади. 1984 йилдан бери бундай маневрлар одатда беш кун ва тўрт кеча давом этган. Улар Хитой босқинининг эҳтимоли бўлган тақдирда Тайваннинг жанговар тайёргарлигини текширишга қаратилган.

Тайпейдаги Миллий мудофаа ва хавфсизликни ўрганиш институтининг норезидент тадқиқотчиси Чэ Чжуннинг таъкидлашича, бу йилги машғулотлардан мақсад Тайваннинг узоқ муддатда ҳарбий ва фуқаролик жамиятида қаршилик кўрсатиш ва ўзини қўллаб-қувватлаш қобилиятини мустаҳкамлашдан иборат.

«Bloomberg» маълумотларига кўра, машғулотларга рекорд даражадаги 20 минг заҳирачи жалб қилинади. Уларда тинч аҳоли ҳам иштирок этади: бошпаналарга айлантирилган йирик супермаркетлар тармоғининг ертўлаларини текширади ва маҳаллий ҳокимият органлари инқироз юзага келган тақдирда уларнинг асосий хизматлар ва материалларни етказиб беришга тайёрлигини баҳолайди.

Шу йилнинг 8 июль куни Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили Цзян Бинь Тайваннинг ҳарбий машқлари Хитой қуролли кучлари ва мамлакатни бирлаштиришнинг тарихий тенденциясини тўхтата олмаслигини айтганди. Унинг фикрича, Тайваннинг маневрлари блеф (бировнинг хатти-ҳаракати ёки қарорига таъсир қилиш мақсадида қасддан нотўғри маълумот бериш, ўзи ёки имкониятлари ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилиш — таҳр.) ва ўзини ўзи алдашдир.

Россия Фанлар академиясининг Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти директори Фёдор Войтоловскийнинг айтишича, Тайванда қуролли можаро юзага келиши хавфи кичик.

«Хитой Тайван масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилишига жиддий шубҳа қиламан. Хитойликлар қандай кутишни биладилар — иқтисодий, сиёсий жиҳатдан. Ҳарбий нуқтаи назардан эса, америкаликлар, улар айтганидек, Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳарбий жиҳатдан ҳукмронлик қилиш қобилиятини сақлаб қолишни истайди. Тайван масаласи бу катта мозаиканинг бир қисмидир», — дейди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон ва Пекин Тайван бўйича тўғридан-тўғри тўқнашув билан боғлиқ хавфлар ҳар икки томон учун ҳам номақбул бўлиши мумкинлигини тушунади, шунинг учун келгуси йилларда биз фақат имкониятлар намойиши ва ўзаро тийиб туришни кутишимиз керак.

«Financial Times»нинг ёзишича, Хитой ўз ҳарбий қудратини шу даражада мустаҳкамладики, у қисқа фурсатда ҳарбий амалиётларни бошлашга тайёр, бу эса Тайванга таҳдидни кучайтирди. Нашрга тайванлик юқори мартабали мулозим Хитойнинг ҳарбий-ҳаво кучлари ва ракета бўлинмалари шу даражада такомиллашгани, улар исталган вақтда тинчлик давридан ҳарбий амалиётларга ўтиши мумкинлигини айтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?