Табиатни асраш — ҳар биримизнинг бурчимиз
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилинди. Бу ташаббус мамлакатимизда экология соҳаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, аҳоли ва ёшларнинг экологик ҳуқуқ ва маданиятини оширишга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ноябрь ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP29) сўзлаган нутқида иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бораётганини, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган эди.
Келаётган 2025 йилда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши муқаррар.
Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан вилоятда “яшил иқтисодиёт”нинг асосий йўналишларини ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб локал тозалаш иншоотига эга бўлмаган ва санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган корхоналар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш ва канализация тармоғидан узиш белгиланган. Жорий йилда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналарида ўтказилган ўрганиш ишлари давомида 5 та корхона оқова сувларини тозаланмасдан марказий оқова сув тармоғига ташланаётгани аниқланди. “Жиззах сув таъминот” АЖ ва вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Жиззах туманлараро Иқтисодий судига даъво аризалари киритилди ва мазкур корхоналарнинг барчаси 2024 йил 14-17 июнь кунлари марказий канализация тармоғидан узилди.
Дарҳақиқат, локал тозалаш иншоотининг (ЛТИ) тўлиб қолган қисмидан ҳар хил турдаги суюқ чўкма чиқиндилар, ишқорлар, кислоталар ва нефть ёнилғи мойлаш маҳсулотлари корхоналар ҳудудидаги белгиланмаган очиқ жой рельефига чиқариб ташланиши табиий муҳитни ифлослантириши билан бирга аҳоли саломатлига зарарли таъсир кўрсатади.
Атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришлари олдини олишнинг муҳим йўналишларидан бири “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиши бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида вилоятдаги яшил майдонлар ҳудуди 8 фоиздан 15 фоизга етказилди. Бу кўрсаткични “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида 30 фоизга етказиш режа қилиб олинган.
Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида 59,4 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, yashilmakon.eco платформасига киритилди.
Вилоятда 2024 йилда 11 та ҳудуддаги 23,1 гектар ер майдонида “Яшил боғлар”ни ташкил қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 81,3 гектар ер майдонида 16 та “Яшил жамоат парклари” барпо этиш юзасидан амалий ишлар йўлга қўйилди. 20,8 гектар ер майдонидаги “Янги Ўзбекистон боғлари”га 18 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 201 та “Маҳалла боғи” ташкил этилади. Шундан 108 таси жорий йилнинг куз мавсумига режалаштирилган.
Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Зарбдор ва Ғаллаорол туманлари ҳудудида 10,2 км масофада ҳамда атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 375 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудида 119 минг 800 дона кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилди. Жорий йилнинг куз мавсумида 6 млн. 337 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Илмий тавсиялар асосида ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос келадиган дарахт кўчатларини экиш бўйича ер майдони, кўчат тури, экиш ва парваришлаш учун масъулларни бириктириш, суғориш тизими ва молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда шаҳар ва туманлар манзилли дастурлари тасдиқланди. Айни пайтда умуммиллий лойиҳанинг кузги мавсумини самарали ўтказиш мақсадида 3,9 млн. дона кўчатлар захираси шакллантирилди.
Эркин ХОЛМАТОВ,
Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг