Табаррук мерос қадри

12:31 13 Сентябр 2019 Маданият
4827 0

Бош омон бўлса, дўппи топилади, деган нақл бор халқимизда. Аммо бугун кўпчилик одамлар, айниқса, ёшлар миллий бош кийимларга бир қадар эътиборсиз муносабатдаки, гўё омон бошларимизга дўппи топилмаётгандек. Аслида, замонлар оша авлодлардан-авлодларга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилган дўппиларнинг инсон саломатлиги ва миллий менталитетимизни намоён этишда аҳамияти беқиёс.

Олти асрлик ҳақиқатлар

Хўш, дўппилар қачондан бошлаб эъзозланиб, халқимизнинг миллий кийимига айланган? Тарихий манбаларда келтирилишича, аёлларнинг дўпписини эслатувчи илк бош кийимлар ХV-ХVII асрларга тегишли Мовароуннаҳр ҳамда Самарқанд миниатюраларида учрайди. Демак, дўппилар қарийб олти асрдан буён бошимизда.

Ота-боболаримиз бош кийимларини азиз билган. Улар, одатда, кимдир босиб кетмаслиги учун уйларнинг тўрига ёки баландроқ жойга илиб қўйилган.

— Дўппиларнинг нима учун эъзозланиши ҳақида бувиларимдан турли ривоятлар эшитганман, — дейди андижонлик дўппидўз-ҳунарманд Майрамхон Эргазиева. — Уларнинг бирида айтилишича, қадим замонларда халқ орасида ўлат тарқалади. Одамлар ҳалок бўла бошлайди. Юрт подшоҳи ким ушбу касалликка даво топса, бошидан тилла сочишга ваъда беради. Кунлар ўтиб, бир мўйсафид ушбу мушкул вазифанинг уддасидан чиққани овоза бўлади. Подшоҳ уни ҳузурига чорлайди ва шифо сири нимада эканини сўрайди. Мўйсафид жавоб тариқасида кафтида бир сиқим қалампирни кўрсатади, яъни барча дардни у гаримдори билан енгаётганини айтади. Подшоҳ унинг сўзларидан ҳайратга тушиб, токи ўлимга элтувчи дардни даволаган экан, мен уни бошимда кўтараман, дея бош кийимининг тўрт ёнига қалампир чиздиришни буюради. Ана шу тарзда гаримдори шакли туширилган бош кийимлар халқ орасида кенг ёйилган экан.

Сири туридан кўп

Ироқи дўппи, оқпар, бахмал, лайло, қалампирмунчоқ дўппи... Санасангиз йигирмадан зиёд турлари бор дўппиларнинг. Шу билан бирга, ушбу бош кийимлардаги ҳар бир шаклнинг сири туридан кўп.

— Дўппидаги ҳар бир шакл рамзий маънога эга, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли хаттот Ҳабибулло Солиҳ. — Улар баъзан одамларнинг ижтимоий ва маиший ҳолатидан, зеҳну кайфиятидан хабар беради. Шунингдек, шаклларда дурдона ҳикматлар яширин. Масалан, дўппилардаги тўртлик шаклидаги гумбазлар бирдамликни англатади. Мунчоқсимон шакллар эса инсон токи ҳаёт экан, ҳамиша ҳаракатда эканлигини англатади. Оқ-қора ранг эса ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғлигидан дарак. Бундан ташқари, авваллари мунчоқ атрофидаги юлдузчалар дўппи эгасининг нечта фарзанди борлигидан хабар берган. Шу боис бўйи етган қизлар яхши ниятлар билан дўппи тиккан. Никоҳ тўйида куёв бола бошини дўппи безаган. Инсонларнинг орзу-умидларини ўзида мужассам этгани учун ҳам бу бош кийимларни халқимиз ниҳоятда қадрлаган.

Нега дўппи кийганларга ҳайрон бўлиб қараймиз?

Бугун кимнингдир бошида дўппи кўриб қолсак, кўнглимизга ҳар хил гаплар келади. Дафъатан, яқин инсонларидан кимдир вафот этдимикан, дея хавотирга тушамиз. Жамиятда дўппи кийиб юрган кишига нисбатан дин соҳаси вакили, деган фикр қарор топиб бормоқда. Аслида, бу қанчалик тўғри?

— Дарҳақиқат, бош кийимда юриш суннатдан, — дейди “Ҳазрати имом” жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов. — Муқаддас ислом динида ибодат амалларини бош кийимда адо этиш жоиз ҳисобланади. Бироқ дўппиларни диний либослар сафига қўшиб қўймаслик лозим. У, аввало, халқимизнинг миллий кийимидир. Шундай экан, дўппини кундалик ҳаётда ҳам ғурур билан кийиб юриш мумкин.

Асосий харидорлар — сайёҳлар

Мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар боис бугун бозорларимизда, қадимий шаҳарларимиз кўчаларида миллий либослар расталари ташкил қилинган. Уларда қўл меҳнати маҳсули бўлган турли буюмлар, ашёлар, миллий кийимлар билан бирга, албатта, дўппилар ҳам сотилмоқда. Гавжум расталарда харидор сифатида, асосан, сайёҳларни учратасиз.

— Ўзбек миллий дўппиларини яхши кўраман ва юртингизга ҳар келганимда ўзимга, аёлимга улардан сотиб оламан, — дейди америкалик Кристофер Форд. — Бу либос, ўйлайманки, халқингизнинг бебаҳо мулкидир. У жаҳонда ўзбек бренди сифатида қабул қилинади. Шу боис дунёнинг қайси бир давлатига бормай, кимнингдир бошида дўппи кўрсам, унинг дарҳол ўзбеклигини ёки Ўзбекистонда бўлган сайёҳ эканлигини биламан.

Қисқаси, дўппида хосият кўп. Улар меҳр нури қўшиб тикилади. Уларда урф-одат ва анъаналаримизнинг инъикоси бор. Энди ўйлаб кўринг, ҳар томонлама маънавий ҳаётимизга дахлдор, соғлиғимизда аҳамияти беқиёс дўппиларни бугун нега кам кияяпмиз?! Хулоса ўзингиздан.

Юлдуз ЎРМОНОВА

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер