Сув сероб бўлса, деҳқонлар мўл ҳосил яратади

15:51 31 Октябр 2024 Жамият
203 0

Ғ.Отажонов/«Халқ сўзи». Минтақамизда сув танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. 2023 йилнинг 29 ноябрда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда сувни тежаш бўйича кўрсатмалар берилгани фикримиз тасдиғидир.

Мисол учун, охирги беш йилда Ўзбекистоннинг фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51-53 млрд метр кубни ташкил қилган. 2020 йилда иқтисодиётнинг барча тармоқларида 49 млрд м3 сув ишлатилган. Сув ресурслари кам бўлганлиги учун бугун фойдаланаётган сув миқдори республика бўйича сувга эҳтиёжнинг 75-80 фоизига ҳам етмайди.

– Бугунги кунда 221 та насос станциясининг 41 таси хусусий шерикчилик асосида фаолият юритиб келмоқда, – дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес Сарыбаев. – Жорий йилда яна 6 та насос станцияси давлат шерикчилиги асосида хусусий секторга бериш назарда тутилган.

Бу борада Қораўзак туманидаги «Мархаўзак» насос станциясида амалга оширилган ишларни намуна сифатида кўрсатиш мумкин. «Мархаўзак» насос станцияси 602 гектар майдонни суғориб келади. Ушбу хўжаликда 6 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Жорий йилда 1 дона янги насос, двигател ўрнатилди. Натижада 37,3 минг киловатт электр энергияси тежаб қолишга эришилди.

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан Қорақалпоғистоннинг шимолий ва шимоли-ғарбидаги 13 та туманларнинг жами, 137,3 минг гектар майдонларига сув етказилди. Бошқармага қарашли 221 та насос станцияси, уларда ўрнатилган 481 дона насос агрегати бор. Насос станциялари, агрегатлар, трансформаторлар ва электр узатиш тармоқларини техник соз ҳолатда сақлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, насос станцияларида 115 дона насос агрегатлари тубдан таъмирланди. Замонавий энерготежамкор технологияларни жорий қилиш мақсадида 1 дона конденсатор қурилмаси, 3 дона қуёш батареяси, 613 метр узунликдаги турли кучланишли кабель, 1 дона частота ўзгартирувчи қурилма, 7 дона насос, 6 дона электродвигателлар ўрнатилди. Натижада 334,3 минг кВт. соат электр энергияси иқтисод қилинди.

Сир эмаски, мамлакатимизда ишлаб чиқариш соҳасини кенгайиши ҳисобига ҳудудларда электр энергиясига эҳтиёж ортиб бормоқда. Республикамизда насос станциялари электр энергиясини энг кўп сарф этадиган истеъмолчилардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йил 5 декабрда тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, ҳар ҳафтанинг жума куни туманлардаги насос станцияларида электр энергиясини тежаш, энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш ишлари масъуллар иштирокида таҳлил этилади. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланган вазифалар доирасида бошқарма томонидан ҳимоя зоналарида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилган. Ёрдамчи хўжаликларда 2024 йил давомида 4 гектар картошка, 17 гектар сабзавот, 4 гектар ловия, 6 гектар мош, 10 гектар полиз, 30 гектар бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилди. Ҳозирги кунда 5,3 гектар майдонга бошқа турдаги экинлар экилди. Бу ишчи ходимларни ижтимоий таъминлаш, қўшимча рағбатлантириш имкониятини яратмоқда.

Сув – ҳаёт манбаи. Тўрт фаслда эҳтиёж сезилади. Оролбўйи минтақасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун нафақат вегетация даврида экинларни суғориш балки, куз-қишда ҳам шўр ювиш учун далаларга сув етказиш зарур бўлади. Ёз жазирамаси, қиш қаҳратонида насос агрегатларининг узлуксиз деҳқон ва фермерлар даласига сув етказишида фидойи насос хизматчиларининг ҳиссаси беқиёс. Зеро, сув сероб бўлса, деҳқонлар мўл ҳосил яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер