Сув хўжалиги соҳасидаги инновациялар

13:16 12 Сентябр 2024 Жамият
235 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Нукус туманида хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида «Сув йўқотишларни камайтиришда замонавий, инновацион усуллардан фойдаланиш» мавзусида амалий-семинар ўтказилди.

Семинарда каналларни бетон қопламаси ўрнига ишлатиш мумкин бўлган гиеомембарна, геотекстил ва геокомпозит маҳсулотларини ишлаб чиқараётган Россия давлатининг «TERATEX» компанияси вакили Алексей Кочуров ҳамда Фарғона шаҳридаги «Сайқал» хусусий корхонаси вакили, профессор Абдурохмон Ниязов ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бўйича маълумот бериб, сув йўқотишларни камайтириш бўйича инновацион усуллардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар беришди.

— Каналларни бетонлашга сарфланаётган харажатларни камайтириш мақсадида чет эл ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар олиб бормоқдамиз, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Жузбаев. — Мана бугун ҳам ушбу семинарга бир неча ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларини таклиф этиб, уларнинг маҳсулотлари тақдимотлари билан ҳудуддаги кластер ва фермерларни яқиндан таништирмоқдамиз. Мақсадимиз фермерларга сув йўқотишларни камайтириш борасидаги вазифаларнинг аҳамиятини кенгроқ тушунтиришдир. Бу борада энг мақбул, кам харажатли ва бетон ўрнини босувчи қопламалар каналларга тўшаш бўйича илмий асосланган тавсиялар берилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Нукус туманидаги «Дийханарна» каналининг бетонланган ва тажриба тариқасида геомембрана тўшалган қисмларини бориб кўрди. Шу ерда ички ариқларга геотекстил қопламаси тўшалиб, унинг сифати, ўрнатиш ва умумий харажатлари ҳақида маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?